Арманистон клуби мураббийи: "Бунёдкор"нинг ички сиёсати ўзгарган"
Туркиянинг Анталия шаҳрида ўқув-йиғин машғулотларини ўтказаётган "Бунёдкор" жамоаси илк назорат учрашувини Арманистоннинг “Алашкерт” клубига қарши ўтказганидан хабарингиз бор. Ўйиндан сўнг рақиб жамоа устози Арам Восканяннинг "қалдирғочлар" матбуот хизматига интервью берди.
- Яхши ўйин кўрдик. Бугунги баҳс “Алашкерт” учун биринчи халқаро назорат учрашувига айланди. Шогирдларимда чарчоқ аломатлари бор. Сабаби, ўтган мавсум биз учун қийин кечди. Йил давомида тиғиз тақвим бўйича мусобақаларда қатнашдик. Декабрь ойининг ўртасидагина биз учун мавсум якунланди. Январь ойидаёқ янги мавсумга тайёргарликни бошладик. Шу вақтгача фақат машғулотлар билан чеклангандик. Умумий маънода бугунги ўйиндан қониқиш ҳосил қилдим. Икки хил таркибда ҳаракат қилдик. Асосий мақсадим, футболчиларнинг ҳолатини кўздан кечириш ва ким қайси жамоадоши билан бир-бирини тушуниб тўп сураётганини ҳамда чизиқлардаги боғлиқликларни билиш эди.
“Бунёдкор” ҳақида нима дейишим мумкин? Ўз вақтида Ривалдо каби жаҳон тан олган юлдузлар тўп сурган клуб бугунги рақибимиз. Тўғри, бугунги кунда жамоанинг ички сиёсати ўзгарган. Шундай бўлса-да, рақибнинг ёш ўйинчиларининг ҳаракати менга манзур бўлди. Тезкор ва техник томондан кучли футболчилар экан. Жамоанинг ўзи тактик томондан ҳам жуда яхши ҳаракат қилди. Натижа биз учун ижобий дейиш мумкин. Боиси, жиддий рақибга қарши тўп тепдик.
Фикрлар