“Арсенал” суперклубнинг икки ўйинчисини олиб кетади
Англия Премьер-лигасида пешқадамлик қилаётган “Арсенал” бош мураббийи Микель Артета жамоа таркибини янада кучайтириш масаласини кўриб чиқмоқда.
Испаниялик мутахассис ўз жамоасига Италия чемпионати гранди “Милан”дан икки нафар ўйинчи олиб келмоқчи. “Канонирлар” 19 ёшли қанот ҳимоячиси Давиде Бартезаги ва 20 ёшли дарвозабон Лоренцо Торрианига қизиқяпти.
Бу ҳақда Calciomercato нашри хабар берди.
Манба маълумотига кўра, Лондон клуби ушбу футболчиларни тезроқ трансфер қилиш режасини тузяпти. Қайд этилишича, лондонликлар қишки трансферлар ойнаси вақтида катта маблағ сарфламайди, шу боис икки нафар ёш ўйинчини нишонга олган.
Жорий мавсумда Бартезаги барча мусобақаларда 13 та ўйинда иштирок этиб, 2 та гол ва 1 та голли узатма муаллифи бўлди. Торриани эса бу мавсумда “Милан”нинг асосий жамоаси сафида бирор учрашувда майдонга тушмади.



Фикрлар