Артета: "Биз икки хил дунёда рақобат қиляпмиз"
Микель Артета жамоасининг ўйин тақвими ҳамда Чемпионлар лигаси ярим финалидаги бошқа жуфтлик ҳақида фикр билдирди.
Лондонликлар ярим финал илк учрашувида "Атлетико Мадрид" майдонида дуранг ўйнади, ПСЖ эса ўз уйида "Бавария"ни 5:4 ҳисобида мағлуб этди.
"ПСЖ – "Бавария" учрашуви, эҳтимол, мен кўрган ўйинлар орасида энг яхшиларидан бири бўлди. Жамоалар даражаси ва айниқса футболчиларнинг индивидуал маҳорати ҳайратланарли эди. Бундай ўйинни ҳали кўрмаганман.
Бироқ ўйин вақти ва футболчиларнинг жисмоний ҳолатига назар ташласангиз, бундан ҳайратланмаса ҳам бўлади. Бундай сифатни кўрсатиш учун футболчилар жуда серғайрат ва янги кучга тўла бўлиши керак. Лигалар ўртасидаги фарқ ва ўйин услуби эса ер билан осмонча фарқ қилади. Буни сўнгги вақтлардаги статистик маълумотлар ҳам тасдиқлайди.
Биз икки хил дунёда рақобат қиляпмиз, шунинг учун контекстни ҳисобга олмасдан таққослаш нотўғри деб ўйлайман.
Ҳозир эса фақат битта ўйинга эътибор қаратишимиз керак. Бу ўйиннинг ўзиёқ етарлича қийин ва мураккаб.
Футболчиларнинг "Атлетико"га қарши ўйиндан кейинги реакцияси ҳам аниқ: "Ҳозир – "Фулхэм", яна "Фулхэм" ва яна "Фулхэм". Улар буни яхши тушунишади. "Атлетико"га қарши жавоб ўйинига тайёргарлик кўриш учун вақт бўлади, кейин эса тақвимда танаффуслар кўпайади. Шу сабабли ҳозир барча эътиборни фақат "Фулхэм"га қаратиш керак", – деди Артета.
Эслатиб ўтамиз, "Арсенал" ҳозирда Англия чемпионлиги учун "Манчестер Сити" билан кураш олиб бормоқда. "Бавария" аллақачон чемпионликни қўлга киритган, "Атлетико Мадрид" эса Ла Лигада чемпионлик учун даъвогар эмас. ПСЖ эса Франция чемпионатида пешқадамлик қилмоқда.

Фикрлар