Артета "Манчестер Юнайтед"нинг устун томонларини айтиб берди
Лондоннинг "Арсенал" жамоаси бош мураббийи Микель Артета дам олиш кунлари бўлиб ўтадиган "Манчестер Юнайтед"га қарши ўйин ҳақида фикр билдирди.
"Улар кўп жиҳатдан жуда кучли. Айниқса, тезликка ўтиш имконияти пайдо бўлганда, айрим футболчилари югуриб кетиш учун шароит топса, ўта хавфли бўлиб кетади. Буни сиз бир неча кун олдин Манчестердаги ўйинда ҳам кўрдингиз.
Уларда рақибга муаммо туғдира оладиган кўплаб жиҳатлар бор. Шу билан бирга, ҳар бир жамоанинг ўз заиф томонлари ҳам бўлади. "Манчестер Юнайтед" ўйини тарихан қарши ҳужумлар билан боғлиқ ва бу жамоада доим тезлик билан югуриб кетишни жуда яхши биладиган футболчилар ўйнаган.
Аниқ статистикани билмайман, лекин ишончим комил — улар бу борада энг яхшилар қаторида", — деди "Арсенал" устози.
Эслатиб ўтамиз, лондонликлар "Манчестер Юнайтед" билан 25 январь куни тўқнаш келади.



Фикрлар