Артур Бетербиев ва ўзбек боксчилари...Ҳисоб 2:1. Тез орада натижа тенглашишига ишонамиз!
Хабарингиз бор, 18 октябрь куни АҚШнинг Филадельфия шаҳрида ташкил этилган бокс оқшомининг марказий жанги, ярим оғир вазн тоифасида россиялик Артур Бетербиев ҳамда украиналик Александр Гвоздик ўртасида камарларни бирлаштириш учун кечди. Мазкур қарама-қаршиликнинг 10 раундида Бетербиев рақибини нокаутга учратди ва WBC ҳамда IBF чемпионлик камарларини қўлга киритди. Маълумки, Гвоздик WBC йўналиши чемпиони ҳисобланар эди.
Ҳозирда, профессионал боксда ҳам катта шов-шувга сабаб бўлаётган россиялик боксчи ҳаваскор йўналишда ҳам катта натижаларни қўлга киритган. У -81 кг вазн тоифасида уч карра Жаҳон чемпиони, бир маротаба кумуш медали соҳиби ва бир бора Жаҳон Кубоги олтин медалини қўлга киритган.
Айни унинг ҳаваскор боксда гуллаган даврида ўзбек бокс оламида ушбу вазн тоифасида Аббос Атоев ҳамда Элшод Расуловларнинг етакчилик даврига тўғри келади. Артур жаҳон чемпионати ва кубогида вакилларимиз билан жами уч бора тўқнаш келади. Дастлаб 2007 йилда АҚШнинг Чикаго шаҳрида ташкил этилган Жаҳон чемпионатида Аббос Атоев билан ғалабали юришларини давом эттириб, финалда ўзаро тўқнаш келишади. Муросасиз ўтган жангда ҳамюртимиз 20:17 ҳисобида устун келиб, жаҳон чемпиони номига сазовор бўлади.
Навбатдаги қарма-қаршилик яна Аббос Атоевга қарши кечади. Мазкур жанг орадан бир йил ўтиб, яъни 2008 йил декабрь ойида ташкил этилган Жаҳон Кубогида бўлиб ўтади. Ушбу турнирда ҳам финалга қадар барча рақибларини мағлуб этиб келган, ҳар икки боксчи мусобақа ғолиблиги учун рингда тўқнаш келишади. Унда омад Бетербиевга кулиб боқади. Устунлик ҳам кўпроқ у томонда бўлган. Чунки, натижа 17:7 кўриниш олади. Шундай қилиб, Артур бир йил аввалги мағлубият учун реванш олишни уддалайди.
Учинчи тўқнашув боксимизнинг ёрқин вакили Элшод Расулов билан боғлиқ бўлади. 2009 йил Италиянинг Милан шаҳри мезбонлигидаги жаҳон чемпионатида яна -81 кг вазн тоифасининг финали Россия ва Ўзбекистон боксчилари жангидан иборат бўлди. Артур ҳамда Элшод финалга қадар оғир йўлни босиб ўтди ва том маънода ўша турнирнинг безагига айланган ҳал қилувчи жангни ўтказишди. Тактик ва техник курашлар остида кечган баҳсда россиялик боксчи кичик ҳисобда устун келади. Яъни натижа 13:10 кўриниш олганди.
Ҳар уч тўқнашув ҳам -81 кг вазн тоифасида бўлиб ўтган. Хабарингиз бор, ўша вақтлар Аббос Атоев дастлаб -81 кг вазнда ўз фаолиятини олиб бориб, кейинчалик ўз вазнини ўзгартириб, 75 кгда ўз жангларини ўтказган эди.
Хуллас, ҳозирда Артур Бетербиев ва юртдошлармиз ўртасидаги ҳисоб 2:1 кўриниш олган. Ўйлаймизки, ҳали бу ўз якунига етгани йўқ. Профессионал боксда ҳам тез орада унга ўзбекистонлик муносиб рақобатчилар топилади. Жумладан, Азизбек Абдуғофуров бу борада биринчи номзод десак, муболаға бўлмайди. Қолаверса, Бектемир Мелиқўзиев ҳам профида ўз фаолиятини бошлаган. Гарчи улар ҳозирда супер ўрта (-76,2 кг)да ўз фаолиятини бошлаган бўлсада, яқин йиллар орасида ярим оғир вазн тоифасида ҳам жанг ўтказмайди деб хеч ким кафолат бермаса керак.
Хулоса шуки, яқин вақтлар мобайнида ҳисобда ўзгаришлар бўлишидан умидвормиз!
Фикрлар