Артур Таймазов Владикавказдаги ўзбек талабаларига ёрдам кўрсатди
Айни пайтда юзага келган карантин инсонларнинг бир-бирига бўлган меҳр-муҳаббат ҳиссини янада кучайтирмоқда, десак муболаға бўлмайди. Барчанинг уй шароитида бўлиши сабаб кўплаб соҳа вакиллари доимий даромадидан айрилмоқда. Бу ҳол, айниқса, чет элдаги ҳамюртларимиз учун бир мунча қийинчилик туғдирмоқда.
Эркин кураш бўйича кўп карра Олимпиада ва жаҳон чемпиони ҳамюртимиз Артур Таймазов ҳам хайрли ишга қўл урди. Гап шундаки, курашчимиз ҳозирда Россия Федерациясининг Владикавказ шаҳридаги Шимолий Кавказ тоғ-металлургия институтида таҳсил олаётган ва ўша ердаги ётоқхонада қолган ўзбек талабаларига ўз ҳисобидан озиқ-овқат маҳсулотларини тақдим қилди.
«Бу ётоқхонада 100 нафарга яқин ўзбекистонлик талабалар ҳам истиқомат қилишади. Ўзбекистон менинг иккинчи ватаним, мен севадиган давлат эканлигини ҳамма билади. Менинг бутун спорт фаолиятим Ўзбекистон билан боғланган. Мен бу ажойиб мамлакатни, ўзбек халқини ёқтираман. Шундай экан бу йигитларнинг ҳаётини эътиборсиз қолдириб кетиш нотўғри бўлар эди. Агар бизнинг яқинларимиз ҳам Ўзбекистонда шундай қолиб кетишганида, шак-шубҳа йўқки, бу халқ уларни эътибордан четда қолдирмас эди. Ўзбекистон – энг меҳмондўст мамлакатлардан бири. Карантиндан кейин насиб қилса, бир ўтириб ош дамлаймиз, – дейди Артур Таймазов.
Манба: olympic.uz
Фикрлар