Арвеладзе жамоасининг ғалабасиз сериясига чек қўйди
Кеча Англия Чемпионшипнинг навбатдаги тури ўтказилди. Шота Авреладзе бош мураббийлик қилаётган “Халл Сити” бу сафар меҳмонда “Питерборо Юнайтед” билан куч синашди.
Шуни айтиш керакки, Шота Юстинович жамоаси бундан аввал ўз майдонида “Барнсли”га 0:2 ҳисобида мағлубиятга учраганди. Афтидан, ўша ўйиндаги бор аламини “Питерборо” билан учрашувда олган кўринади.
Аввалига Тайлер Смит 25-дақиқада ҳисобни очди. 51 ҳамда 70-дақиқаларда Кин Льюис-Поттернинг дубли эвазига ҳисоб 0:3 кўринишига келди. Айнан мазкур натижа билан “Халл Сити” сафардан уч очко билан қайтди.
Шундай қилиб, бу жамоа 5 та ўйиндан иборат ғалабасиз сериясига чек қўйди. Ёдингизда бўлса, Шота Ютсинович, "Халл Сити"даги дебют ўйинида "Суонси" устидан 2:0 ҳисобида зафар қучганди. Шундан бери унинг жамоаси дуранг ва мағлубиятга учраб келаётганди.
Арвеладзе Англияда иш бошлаганидан бери илк бор меҳмонда ғалаба қозонишга эришди. Энди унинг жамоаси навбатдаги учрашувни 5 март куни ўз майдонида “Вест Бромвич”га қарши ўтказади.
Ҳозирга қадар “Халл Сити” Шота Арвеладзе бошчилигади 2 та ғалаба, 2 та дуранг ва 4 бор мағлубиятга учради.
Фикрлар