Ашурматовни таклиф қилган Элдор Сакаев янги клубга ёқимли анъанасини давом эттириш мақсадида келганми?

Жорий йилги про-лиганинг мавқеи олдингиларига қараганда анча файзли ҳамда савияли ўтиши катта эҳтимол. “Нефтчи”, “Бухоро”, “Динамо” каби жамоалар Суперлига учун асосий даъвогарлар сифатида баҳоланяпти. Лекин улар асло хотиржам эмаслар. Ахир про-лигада улардан ташқари яна бошқа иштирокчилар ҳам бор. Айниқса, ўтган йили биринчи лигада мағлубиятсиз тарзда мавсумни якунлаган “Янгиер” про-лигага чиқди ва бу клубнинг ҳам иштиёқи баланд.

Про-лигада шунчаки очко улашувчи жамоа бўлиб қолмаслик учун бош мураббийлик ролига Элдор Сакаев таклиф қилинди. Охирги пайтларда мураббийликдан бироз четга чиққан мутахассис яна ўз иши билан шуғуллана бошлади. Элдор Усмонович sports.uz мухбирига дастлаб бунгача нима иш билан машғул бўлгани ҳақида гапирди.

- Ўтган вақт давомида мураббийлик малакамни ошириш учун амалиёт ўтаб келдим. “Про” лицензиясига ўқиётган чоғимизда Қозоғистоннинг “Ордабаси” клубига бориб, иш жараёнини яқиндан ўрганиб келгандик. Барибир янгиликларни ўрганишим керак эди. Вақтим ҳам кўпроқ эди. Мураббийликдаги танаффус мен учун фойдали бўлди. “Андижон”да ишлаганимдан кейин, ишимни яхшилаб таҳлил қилиб чиқдим. Табиийки, яна мураббийлик ишимга қайтиш ниятим бор эди. Ахир футбол менинг ҳаётим-ку.

Ҳа, чиндан ҳам футбол унинг ҳаёти. Орадан маълум вақт ўтганидан кейин Сакаев яна катта футболга қайтди. “Янгиер”да иш бошлаши эса, унинг учун янги чақириқ бўлса ҳам ажаб эмас. Шу ўринда, мутахассис ушбу таклиф қандай юз бергани хусусида ҳам тўхталиб ўтди.

- Менга “Янгиер”дан таклиф бўлгач, жамоа раҳбари билан гаплашдим. Бу хусусий клуб. Раҳбари эса футболни яхши кўради, “Янгиер”ни кучайтиришга ҳаракат қиляпти. Тарихдан биламизки, “Янгиер”да яхши жамоа бўлган. Сирдарёга ҳам футбол керак. У ерда ишлаш учун ҳамма шароитлар бор. Вилоят ҳокими ҳам футболга жиддий эътибор қаратяпти.

сакаев3

Шундай қилиб, Сакаевнинг “Янгиер” жамоасидаги фаолияти бошланди. Янги мураббий ўзининг фалсафасидан келиб чиқиб, мавсумга тайёргарликни олиб боряпти. Элдор Усмонович sports.uz мухбири билан мулоқот давомида “Янгиер”нинг тайёргарлик режалари ва таркибда қандай ўзгаришлар юз бераётгани хусусида ҳам маълумот берди.

- Йиғинни 11 январдан Янгиерда бошлаганмиз. У ерда барча шароитлар борлиги учун машғулотларни ўша ерда ўтказяпмиз. “Динамо”, АГМК, “Металлург”, “Бунёдкор” каби клублар билан ўртоқлик ўйинларини ўтказдик. Ҳаммаси режамиз бўйича кетяпти. Ўтган йили жамоа вазифани бажарди. Биз шунақа жамоа тузмоқчимизки, унда рақобат вужудга келади. Таркибга африкалик Мбекени таклиф қилдик. У ўтган йили Тожикистон чемпионатида тўпурар бўлган. “Истиқлол”дан дарвозабон Нодир Ашурматовни чақирдик. Қолаверса, Улуғбек Худойбердиев, Роббим Ҳасанов, Ойбек Аҳмадов, Маъруф Жумаев, Хуршид Асқаралиев ва яна бир қатор ўйинчилар бор. Йиғин давомида таркибга яна янги футболчилар қўшилади. Балки бошқа легионерлар ҳам пайдо бўлиши мумкин. Мана, куни кеча “Андижон” билан “Турон” ўртасидаги ўйинни кўрдим. Биласиз, “Андижон”да ишлаганим учун жамоани яхши биламан. Менда илиқ таассурот қолдирди. Иккинчи голни киритган легионер ҳам чакки эмас экан. У ерда футболни қанчалик яхши кўришларини биламан. Ўртоқлик ўйини бўлса ҳам Андижондан ашаддий ишқибозлар Тошкентга келишибди. Айниқса, фан-клуб етакчисини кўриб хурсанд бўлдим.

“Янгиер” раҳбарияти Сакаевни бежиз таклиф қилмаган. Биламизки, у шу кунгача “Цементчи” ва “Андижон”да ишлаб ушбу клубларни кучлилар орасига олиб чиқа олган. Унда про-лигада ишлаш борасида яхшигина тажриба шаклланган. Шундай экан, Элдор Сакаев ўзининг ёқимли анъанасини “Янгиер” билан ҳам давом эттира оладими? Мураббий жамоасидаги асосий вазифа ҳақида гапирди.

- Бизнинг вазифа - рақобат туғдирадиган жамоани шакллантирамиз. Селекция бўйича ишлаяпмиз. Клуб раҳбари иштиёқманд инсон. Мавсум бошлангунигача таркибимизни янада шакллантириб оламиз. Бир сўз билан айтсам, “Янгиер” бемалол рақобатлашадиган клубга айланади. Биз босқичма-босқич ўсишга эришиб борамиз. Мавсум бошлангунига қадар Янгиерда шуғулланамиз. 13 февралда “Турон”, 17-куни “Бухоро”, 20 февраль куни “Оқ-тепа”, 23 февралда “Бунёдкор”га қарши майдонга тушамиз.

сакаев2

Хуллас, бу йил про-лига жуда кескин курашлар остида ўтади. Рақобат ҳам шунга яраша кучли бўлиши кутиляпти. Сакаев қайси клубни асосий фаворит деб ҳисоблаяпти?

- Про-лигада ҳар бир ўйин жанг бўлади. Рақобат бўлса, бу ўсишга ҳам хизмат қилади, бу яхши. Про-лига билан Суперлига кучли бўлса, ўз-ўзидан терма жамоаларимиз ҳам кучаяди. Агар бир клуб муддатидан олдин чемпионликни ҳал қилиб қўйса, унда интриганинг қизиғи камаяди. Ўтган йили про-лигада охиригича интрига кучли бўлди. Бу йил ким фаворит? Энди про-лигада оддий ўйинлар бўлмайди. Шунинг учун кимнидир алоҳида ажратиб кўрсатиб бўлмайди. Бошқа жамоаларни ҳам кузатиб бораман. Ҳар бир клуб ўз мақсади йўлида курашади. Биз нега футболда ишлаяпмиз? Мухлисларни хурсанд қилиш учун, - деди Сакаев.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)