
Асрор Алиқулов: "Юқори ўринни хоҳлайсиз, аммо биринчи навбатда жамоани сақлаб қолишни ўйлайсиз-да!"
Муборакнинг “Машъал” клуби ниҳоят про лигада ишончли ва барқарор ўйин кўрсатиб, Суперлигага қайтиш вазифани уддалади.
Бош мураббий Асрор Алиқулов янги мавсумда клуб имкониятидан келиб чиққан ҳолда жамоани шакллантирди.
Мутахассис 2025 йилги чемпионат олдидан Sports.uz сайтига интервью берди.
- Асрор Чориевич, янги мавсумга кўрилган тайёргарликдан қанчалик кўнглингиз тўлди?
- Фақатгина охирги босқичда майдон билан боғлиқ муаммолар бўлди ва шунда бироз қийналдик. Иккита босқични Муборакда ўтказдик, яхши тайёргарлик кўрдик. Биринчи турда “Пахтакор” билан ўйинимиз қолдирилганлиги сабабли орада ўртоқлик учрашуви ўтказамиз ва йигитларга икки кунлик дам берамиз. Кейин Муборакда йиғилиб, “Динамо”га қарши ўйин учун тайёргарлик олиб борамиз. Селекцияга келадиган бўлсак, кўпроқ имкониятимизга яраша ўйинчиларни олдик. Яхши жамоа тузишга ҳаракат қиламиз. Олдин “Машъал”да ўйнаб кетган айрим футболчиларни жалб қилдик. Оғир чемпионат кутяпти. Кўп нарса стартни қандай бошлашимизга боғлиқ. Барча эътиборимиз “Динамо” билан учрашувга қаратилган.
- “Пахтакор” билан ўйиннинг қолдирилгани режаларингизга қанчалик таъсир кўрсатди? Яхши бўлдими ёки...
- Таққослайдиган бўлсак, 7 мартда ўйнашимиз керак эди. Бунгача эса “Пахтакор” бир нечта яхши ўйинларни ўтказганди. Осиё Чемпионлар лигасида ҳам иштирокини олиб боряпти. Биз бу учрашувгача яхши майдонларда ва яхши спарринг-рақибларга қарши ўйинларимиз кам эди. Шу томонлама кўп ўйлантираётганди. “Пахтакор”ни Туркиядаги ўйинлари ва ОЧЛдаги учрашувларини таҳлил қилган ҳолда тайёрланаётгандик. Лекин “Пахтакор”ни ОЧЛда кейинги босқичга чиққанлиги сабабли биз билан ўйини қолдирилди. Бу ўйиннинг қолдирилгани биз учун плюс ёки минусми, буни айтиш қийин. Биз иккинчи турдан бошлаб стартга киришамиз.
- Орада “Машъал” молиявий томондан қийналаётгани, йиллик сметаси ҳали тасдиқланмаган, деган гап-сўзларни эшитдик. Бу ростмиди ва ушбу ҳолат жамоа йиғинига таъсир қилдими?
- Смета масаласи йиғинларга таъсир қилгани йўқ. Бош директоримиз йиғинларимизни муаммосиз ташкил қилиб берди. Фақатгина Туркия йиғинини ўтказа олмадик. Бу сметамизни камлиги билан боғлиқ. Ўйлайманки, буни амалга ошмагани унчалик жиддий нарса эмас. Йиғинлар давомида нима керак бўлса, ҳомийимиз ва бош директоримиз шароитларни яратиб беришди. Айрим футболчиларни жалб қилиш, шартномалар имзолашда қийинчилик кўпроқ бош директоримизга бўлди. Чунки аниқ сметани билмасдан туриб ўйинчиларни жалб қилишда бироз иккиланишлар бўлди. Шунга қарамасдан, анча футболчилар таклиф қилинди, шартномалар тузилди.
- Таркибга маҳаллий ва легионер футболчилар жалб этилди. Айтинг-чи, уларнинг орасида кимларни кўндириш қийинчилик туғдирди?
- “Машъал” кўп футболчиларга таклиф билан чиқиши мумкин. Ўйинчи юлдуз бўлишидан қатъий назар “Машъал”ни ўз тамойиллари бор ва агар тўғри келмаса, клуб шартнома тузмайди. Ўйлайманки, жамоада футболчиларни кўнглига қараш ёки шунга ўхшаш нарсалар деярли йўқ ва бу тўғри. Клуб ўз имконияти ҳамда шароитидан келиб чиқиб, ўйинчиларга таклиф билан чиқади. Рад этаётган ўйинчилар ҳам бўляпти.
- Кетганлар орасида кимларни қолишини истагандингиз?
- Кетганлар тўғрисида кўп ўйлашга ҳаракат қилмаймиз. Ҳа, айримлари ёрдам беришлари мумкин эди. Уларни шартномаси тугади ва айтганимдек, смета масаласи. Айримларини сақлаб қолиш ниятимиз ҳам бор эди. Лекин таъкидлаб ўтганимдек, смета борасида бироз иккиландик ва унгача улар бошқа клублар билан шартномалар имзолашди. Энди бу ҳақида айтгим йўқ. Эътиборимизни ўз ўйинчиларимизга қаратганмиз. Айримлари билан бир йил давомида ишладик. Улар ўйин услубимизни тушунишарди, яхши билишарди. Киришиб кетишлари осон эди. Энди янги футболчилар билан ишлаяпмиз ва улар ҳам тезроқ киришиб кетишларини истаймиз. Бу про лига эмас, Суперлига. Тезроқ мослашиш борасида ўйинчиларда ҳам иштиёқ кучли. Кўп нарса стартга ҳам боғлиқ. Агар яхши бошласак, ўзларига ишончи ҳам ортади. Жамоавий ўйинга катта эътибор қаратяпмиз.
- Асосий мақсад жамоани Лигада сақлаб қолиш-а?
- Биринчи йили катта нарсаларни айтиш ёки ўйлаш мумкин. Юқори ўринни хоҳлайсиз, аммо биринчи навбатда жамоани сақлаб қолишни ўйлайсиз-да!
Фикрлар