Аутдан гол урган Денисовга бу ўйин қимматга тушди

Россия Миллий футбол лигасида “Томь” шарафини ҳимоя қилаётган Виталий Денисов  23-турда  “Спартак-2” жамоасига қарши Москвадаги ўйинни охирига етказа олмади.  

Учрашувнинг иккинчи дақиқасида унинг аутдан отган тўпини мезбонлар дарвозабони Тимур Акмурзин ушлаб қолишга ҳаракат қилганди. Дарвозабон қўлидаги тўп билан дарвоза ичига йиқилди. Гарчи бу автогол сифатида қайд этилган бўлса-да, унда ўзбекистонлик ҳимоячининг хизмати катта бўлди.

Денисов ўйиннинг қолган дақиқаларида ҳам жуда фаол ўйнади. Бироқ, учрашувнинг йигирманчи дақиқасида ноқулай йиқилиши оқибатида сонининг орқа мушаклари шикастланди. Виталий ўз ўрнини жамоадошига бўшатиб берди.

Мутахассислар Денисов томскликлар учун катта йўқотиш эканини айтмоқда. Чунки “Томь” лигадаги ўрнини сақлаб қолиш учун курашмоқда ва ҳамюртимизнинг хизматига катта эҳтиёж сезяпти.  

“Спартак-2” қарши учрашув ўзбекистонлик футболчи учун қимматга тушган бўлса-да, жамоаси 2:1 ҳисобида зафар қучиб, қимматли уч очкога эга бўлди.

Бунақаси бошқа бўлмайди! Легионеримиз аутдан гол урди

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!