
"Аутсайдерлар қаторида юриш ҳақида ўйламаяпмиз" - "Қўқон-1912" бош мураббийи қишки йиғин, селекция ва мақсад ҳақида
Про лигадан Суперлигага қайтишга муваффақ бўлган “Қўқон-1912” жамоаси янги мавсум учун астойдил тайёргарлик олиб борди.
Жамоа қишки йиғиннинг катта қисмини Тожикистоннинг Хўжанд шаҳрида олиб борди. Ҳозирда эса пойтахтда сўнгги машғулотлар олиб бориляпти.
Жамоа илк турни 8 март санасида водий дербиси доирасида мезбон сифатида “Андижон”га қарши ўтказади.
Қўқонликлар бош мураббийи Баҳром Ҳайдаров Sports.uz учун янги мавсум олдидан чемпионатга тайёргарлик масаласида фикрлари билан ўртоқлашди.
Қишки йиғин ҳақида
“Ҳар бир мураббий ўз жамоасини яхши тайёрлашни хоҳлайди. Ўтган йили мавсум тугаши биланоқ имкониятларимиздан келиб чиққан ҳолда режа тузгандик. Биринчи босқичимиз, Қўқонда, кейин Тошкентда ўтди. Асосий йиғинимизни Хўжандда олиб бордик. Тайёргарлик учун шароитлари яхши. Тўғри, Туркияга боришни ҳам режалаштиргандик. Лекин амалга ошмади. Хўжандда ҳам йиғин ўтказиш учун ҳамма шароит ва имкониятлар бор. Охирги босқични Тошкентда ўтказяпмиз. Умумий олиб қараганда, тайёргарликдан кўнгил тўлди”.
Селекция тўғрисида
“Ўтган йилги таркибдан кўп футболчиларни сақлаб қолдик. Айрим чизиқларимизга Суперлигани кўрган, тажрибалироқ ўйинчиларни чақирдик. Энг асосийси, жамоамиз аҳиллигини таъминлаш эди ва буни амалга оширдик. Футболчиларни нафақат тажрибасига, балки ўзини тутишлари, одоб-ахлоқига ҳам қараяпмиз ва таркибни яхши шакллантириб олдик. Асосан ўзимиз хоҳлаган футболчиларни олдик. Яна кўп вариантлар бўлди. Ҳар тарафлама ўрганиб чиқилган ҳолда селекция қилинди. ОКМК, “Нефтчи”, “Пахтакор”, “Бунёдкор” каби молиявий томондан катта имкониятлар даражасида эмаслигимиз боис номдор футболчиларни чақира олмаймиз. Асосий эътиборни ёшларга, ўзини кўрсатмоқчи бўлганларга қаратдик ва ёши каттароқ бўлса ҳам ўз сўзини айтмоқчи бўлган йигитларни жалб қилдик. Таркиб йиғишдан ҳам қониқиш ҳосил қилдим”.
“Қўқон-1912” илк турни қаерда ўтказади?
“Майдонимиз деярли тайёр. Менимча, Қўқонда ўтса керак. Лекин бу ҳали расмий маълумот эмас. Клубимиз раҳбариятининг ПФЛ билан гаплашиб, рухсат олиши борасида жараён давом этяпти. Раҳбариятимиз ҳаммасини тайёр қиладилар ва ўйлашимча, илк турни ўз уйимизда ўтказсак керак. Ўз майдонимизда анчадан бери ўйнаганимиз йўқ. Мухлисларимиз ҳам соғиниб қолишган”.
Илк тур олдидан қандай фикрда?
“Дербига келсак, “Қўқон-1912”, “Андижон”, ”Навбаҳор” ва “Нефтчи” жамоалари эскитдан қайси бири қандай ҳолатда бўлишидан қатъий назар кескин курашлар остида ўтган. Ҳар бир мураббий ғалаба қозонишни хоҳлайди. Биринчи учрашув, мухлисларимиз анчадан бери Суперлигани соғинишган. “Андижон” ҳам яхши тайёргарлик кўрган. Ўтган йили Ўзбекистон Кубогини ютди ва бу ҳол жамоа учун катта мотивация бўлди. Жамоада ва футболчиларда футболга бошқача қараш бўлади. Албатта, “Андижон”га қарши қийин ўйин бўлади. Ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз”.
“Қўқон-1912”ни асосий мақсади хусусида
“Суперлигага чиқдик ва клубни олиб қолсак бўлди, деган хаёл умуман йўқ. Аутсайдерлар қаторида юриш ҳақида ўйламаяпмиз. Таркибимизга яхши жамоалардан футболчилар келган. Ўтган йилги йигитлар ҳам олдинга интиляпти ва ўсишга ҳаракат қилишяпти. Жамоамиз ўтган йилгига нисбатан анча ўсди. Мураббий сифатида ўзимизга мақсад қўйганмиз. Ўртамиёнадан кучлироқ жамоа бўлиб, лидерлар қаторига киришга ҳаракат қиламиз, Худо хоҳласа”.
Фикрлар