“Авлиёлар” Премьер-лигага ўйинчи бермади
Англия Премьер-лигаси вакили “Астон Вилла” раҳбарияти қуйи лигада ўйнаётган “Саутгемптон”га ҳимоячи Тейлор Харвуд-Беллисни сотиб олиш бўйича таклиф билан чиқди, аммо рад жавобини олди.
Айни пайтда “Вилла” ўз ҳимоячиси Эзри Консани 51 миллион фунтлик келишув асосида “Арсенал”га қўйиб юбормоқда. Шу сабабли Унаи Эмери жамоасига янги марказий ҳимоячи керак.
The Athletic маълумотига кўра, ҳозирда “Астон Вилла” Консанинг ўрнига уч нафар номзодни кўриб чиқмоқда. Улардан бири Харвуд-Беллис ҳисобланади. Бироқ Бирмингем клубининг 18 миллион фунт ва бонуслардан иборат дастлабки таклифи “Саутгемптон” томонидан рад этилди.
Ўтган ҳафта охиридагина “Саутгемптон” спорт бўлими “Манчестер Сити” тарбияланувчиси ҳисобланган 24 ёшли Харвуд-Беллисни “Бенфика”га 17 миллион фунтга сотишдан ҳам бош тортган эди.
Англия миллий терма жамоаси сафида бир марта майдонга тушган Харвуд-Беллис ўтган мавсумда “Саутгемптон” учун барча мусобақаларда 48 та ўйин ўтказди. Шундан 41 таси Чемпионшип баҳсларига, иккитаси эса плей-офф ярим финалига тўғри келди.

Фикрлар