Аввал "Қизилқум"да, энди "Сурхон"да ёхуд Актамов эффекти
24 октябрдан Суперлигада 23-турга старт берилади ва 26 октябрга қадар давом этади. Юқоридаги санада Суперлиганинг мазкур турида иккита ўйин ўтказилади. Тошкент дербисида “Пахтакор” – “Локомотив” ҳамда “Сурхон” – “Қизилқум” қарама-қаршилиги бўлиб ўтади. Иккала беллашув ҳам ўзига яраша мухлисларни қизиқтираётгани рост.
Айниқса, “Сурхон” – “Қизилқум” беллашуви ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Бунинг энг биринчи сабаби Ҳамиджон Актамов билан боғлиқ. Ушбу мутахассис “Сурхон” клубида менежер сифатида фаолият олиб бораётганидан хабардорсиз-а? “Қизилқум”нинг “Қизилқум” бўлишида Актамовнинг меҳнати катта бўлган. Узоқ йиллар давомида Навоий жамоасида ишлаб, озми-кўпми ном қозонди. Гарчи, натижа борасида бирор-бир эсда қоладигани бўлмаса-да, аммо клубни барқарор ушлаб туришга ҳаракат қилиб турди. Бу йил ҳам “Қизилқум”даги фаолияти бошлангандию, лекин орадан кўп вақт ўтмасдан, ўзи учун қадрдон бўлган клубни тарк этишига тўғри келди. Шундан кейин унга таклиф билан чиққан клублар ҳам бўлди. Якунда “Сурхон” жамоаси менежери лавозимини қабул қилишга қарор қилди.
“Сурхон” – “Қизилқум” учрашувидан олдин кимда устунлик бор? Статистика доим ўз номи билан статистика. Ушбу жамоалар ўртасидаги ўйинлар тарихига келадиган бўлсак, ҳозирга қадар 17 марта тўқнаш келишди. Бу борадаги устунлик “Сурхон” тарафида, дейиш мумкин. Чунки термизликлар ҳисобида 8 та ғалаба бор. “Қизилқум” эса рақибини 5 та ўйинда мағлубиятга учратган. 4 та учрашувда ғолиб аниқланмаган. Тўплар нисбатида 19-16 “Сурхон” фойдасига. Яна бир гап: бу клублар ўртасидаги беллашувларда ҳали йирик ҳисоблар қайд этилмаган. “Сурхон”да энг йирик ҳисоблар - 3:1 ва 2:0 бўлса, “Қизилқум”да бу борадаги натижа 2:0 бўлиб турибди.
Факт шундан иборатки, “Қизилқум” клуби “Сурхон” мезбонлиги остида ўтган ўйинларнинг бирортасида ғалаба қозона олмаган. 2 марта 0:0 ўйналган ва қолган барча учрашувда “Сурхон”нинг қўли баланд келган. Кўряпсизми, термизликлар навоийликларга қарши мезбон сифатидаги баҳсларда жуда омадли. Агар ушбу статистикага яна таянадиган бўлсак, унда “Сурхон”да имконият катта. Лекин биламизки, бу фақат шунчаки рақамлар, шунчаки статистика. Фақат термизликлар “Қизилқум”га қарши баҳсларда омадлироқ чиқиб қоляпти.
Бу сафарги учрашув айниқса Ҳамиджон Актамов учун ўзгача аҳамиятга эга. У “Сурхон”да иш бошлагач, жамоанинг натижалари яхши тарафга ўзгариб кетди. Албатта, бош мураббий ҳам ўзгарди. Мигель Альварес эндиликда ушбу лавозимда ишлаяпти. Бу ерда асосий қаҳрамонни изламоқчи эмасмиз. Фақат янги менежер келиши ва бош мураббий ўзгариши “Сурхон”га ижобий таъсир кўрсатгани аниқ. Машғулотлар ва ўйин пайтида ҳам суратларда уларни бирга кўряпмиз.
Энди турнир жадвалига эътибор қаратамиз, “Сурхон” 23 очко билан 11-ўринга чиқиб олди. Мавсумни у қадар яхши бошлай олмагани ёдимизда. Мана, энди ўзгаришлардан кейин жамоа қайта “уйғоняпти”. Агар барқарорлигини ва ғалабали сериясини давом эттирса, ўзини янада хотиржам ҳис қилади. Шундоқ ҳам термизликлар ҳозир яхши ҳолатда. Охирги 4 та учрашувда 3 ғалаба ва 1 дуранг қайд этилди. Ўтган турда Жиззахда “Сўғдиёна” ҳам мағлуб этилгани эътиборга молик. Эндиликда “Сурхон” футболчиларда кайфият ва ғолибона руҳ жуда яхши ҳолатда. “Қизилқум”да ҳамон совринли ўринлар учун курашиш имконияти сақланиб турибди. Гарчи ўтган турда ўз уйида “Насаф”га охирги дақиқаларда ўтказиб юборилган гол эвазига аламли тарзда ютқазганига қарамасдан, “Қизилқум”да ҳамон совринли ўринлар учун курашиб келяпти. Шунинг эвазига ҳам “Сурхон” – “Қизилқум” тўқнашувини асло зерикарли ўтишини ўйламанг. Бу ерда жиддий жанг бўлади. Ахир Актамов эффекти ҳам борлигини унутмаслик керак. Барибир ушбу мутахассис номи эшитилганида биринчи навбатда ҳамманинг кўз олдига “Қизилқум” келади-да.
Фикрлар