Азамат Шомуродов: Элдорнинг бундеслигага кетишига ишонгандик, энди эса Италия футболини забт этишини кутяпмиз

Охирги пайтларда Элдор Шомуродов ҳақида кўп ёзиляпти ва бунга арзирли сабаблар бор, шубҳасиз. Ахир ўзбек футболчиси Италия А сериясига йўл олди ва бу катта гап. Энди Европанинг кучли чемпионатларидан бирида ўзбекистонлик легионер тўп суради, бу эса ҳар томонлама ўзбек футболи учун фойдалидир. Шомуродов эса бунга фақат меҳнати ва иродаси билан эришяпти.

Уни ҳамма камтар, одобли йигит сифатида яхши билади. Бунда эса унга тарбия берган ота-онасининг ҳам роли катта. Қолаверса, унинг дадаси Азамат ака Шомуродов ҳам ўз вақтида футбол ўйнаган. Табиийки, Элдорнинг футболга қадам қўйишида дадасининг ўрни беқиёс бўлган.

Шу сабабли ўғли ҳар доим қарор қабул қилишдан аввал дадаси билан албатта маслаҳатлашади, кўрсатмаларига қатъий амал қилади. Шу боис ҳам у бугунги кунгача етиб келди. Қайтанга, у янада ўсишда давом этаётгани қувонарлидир. Биз эса фурсатдан фойдаланган ҳолда унинг дадаси билан боғландик. Ўз навбатида Азамат ака sports.uz мухбирининг таклифига розилик берди ва қизиқарли суҳбат уюштиришга ҳаракат қилдик.

- Бошида “Бунёдкор”дан “Ростов”га кетишидан мақсад ҳам Европага чиқиш бўлган, - дея гап бошлади, Элдорнинг дадаси. - Айнан шу йўл осон ва қулай деб ўйлаган. Бўлмаса, ўшанда ҳам унга Хитой, БАА ва яна бошқа Осиё клубларидан таклифлар бор эди. Мендан маслаҳат сўраганида, унга ёш бола эмассан, Россиядан таклиф бўлса, ўша ерга бор, кейин у ердан Европага кетасан деганман. Шундай қилиб, “Ростов”га кетган. У ердаги фаолияти давомида таклифлар бўлиб турди. Бу хусусида Элдор менга қўнғироқ қилиб айтарди ва ўзинг нима дейсан десам, йўқ дерди. Европага кетишини охиригача кутди. Осиёдан кўплаб қизиқишлар бўлди. Ўзи ҳам агентларига кетсам фақат Европага кетаман, бўлмаса Россияда ўйнайвераман, деб айтиб қўйган. “Женоа”га кетишидан 10 кунча аввал менга қўнғироқ қилиб, шундай таклиф бўляпти деди. Унга асосийси, қўрқма, Россияда ўйнадинг, Италия чемпионати кучлироқ, аммо эплаб кетсанг керак, деб айтдим. Шундай қилиб, ҳаммаси маъқул келди ва бориб шартнома тузди. Сўнг Тошкентга келиб терма жамоамиз ўйинида қатнашди. Аслида 4-5 кунлаб тинмай парвоз қилиб юргани учун бу ерга бироз толиқиб келганди ва ўйнамаслиги ҳам мумкин эди. Мураббийи эса ҳеч бўлмаса, битта учрашувда ўйнашини сўраган. Чунки самолётда у ёқдан, бу ёққа учиш одамни чарчатиб қўяди. Москвадан Генуяга, сўнг Генуядан яна Москвага қайтиб, кейин Тошкентга келган. Тошкентга келганида учрашгандим, терма жамоа ўйинида ўйнайсанми, десам бошида ўйнамасам керак деганди. Лекин кейин майдонга тушди. Иккинчи ўйинда эса қатнашмади. Чунки янги клубида ташкилий масалаларни ҳал қилиши кутиб турганди. Унга далда бериб жўнатдик.

- Ота сифатида ўғлингизнинг Италия томонларга кетишиин кутганмидингиз ёки бошқа тахминни ўйлаётганмидингиз?

- Қандай бўлмасин Европа томонларга кетишини истаётгандим. Кўпроқ Германияда ўйнаса керак, деб ўйлардим. Ҳатто, бир Германияга бориб ҳам келди. Буни ҳеч ким билмайди. Чемпионатда танаффус бўлган маҳал борди. Қайсидир клубига борди, менимча, “Штутгарт” эди, стадионини кўрди, ҳаммаси Элдорга ёқди.

- Қачон борди?

- Шу йили. Кейин жим бўлиб кетишди. Аммо Элдорнинг ўзига маъқул келганди. Бундеслигасига чиқадиган клуб эди. Агар келиша олсанглар, боргин дедим. Балки кейин клублар келиша олишмаган бўлса керак. Нима бўлса ҳам ўзи Европанинг кучли бешлик чемпионатларидан бирида ўйнамоқчи эди ва нияти амалга ошяпти. Ўзи ҳам Осиёга эътибор бермади. Шу сабабли менга ўзимизнинг қитъамиздаги таклифлар ҳақида айтиб ҳам ўтирмади. Чунки мақсади фақат Европага кетиш эди. Вақти соати келганда, Осиё клубларида ҳам ўйнайверади. Лекин ҳозир Европада ўзини кўрсатишини истаяпмиз. Энди 25 га тўлди ва ҳаммасига улгуради. У пулга меҳр қўймайди. Қаерда ўйнаса ҳам ойлик маошларига қизиқмайди. Берса берди дейди, бермаса индамайди. Ҳеч қачон ойлик бермаяпти деб нолимайди.

- Сизлар футболчилар оиласисизлар. Ўз вақтида ўзингиз ҳам футбол ўйнаганингиздан хабардормиз. Шунингдек, Элдорнинг амакилари – Отабек ва Илҳом Шомуродовлар ҳам ўзидан яхши из қолдиришган. Яна бир ўғлингиз Санжар ҳам футболчи бўлган ва ҳозир Сурхондарё вилояти футбол ассосиациясида ишлаяпти. Айтмоқчиманки, Элдорнинг болалиги қандай ўтган? Уни футболчи бўлишин истаганмисиз ёки бошқа касб эгасига айланишини кутганмисиз?

- Ўзим ўйнаган пайтларда уни ҳар доим стадионга олиб борардим, футбол кўрарди. Уйда кўп гаплашардик, катта бўлсанг ким бўласан, десам ҳар сафар футболчи бўламан дерди. Бошқа соҳани кўрсанг-чи, десам йўқ, мен фақат футболчи бўламан, деб жавоб қайтаришдан чарчамасди. Ўзи маҳаллаларда ўйнаб юрди. Кейин “Машъал” академиясининг скаути уни кўп кузатди. Ўйини ёқиб қолиб, яхши академия бор, ўша ерга юборайлик деганида рози бўлдим. Кетганидан кейин олти ойларгача орқасидан бормасдик. Кейин борсак, бизни кўриб соғинганидан йиғларди. У пайтларда сурхондарёлик болалар у ерда кам эди-да. Ҳам академияда, ҳам мактабда ўқиди. У пайтларда техникалар кам эди. Шу сабабли олти ойларда бир борардик, майда-чуйда қилиб. Ҳар сафар борганимизда кўнглини кўтариб келардик. Орадан вақт ўтгач, мослашиб қолди. Лекин бошида қийналганини билдирди. Барибир қийинчиликларга қарамай, ўз устида ишлади, кўплаб дўстлар орттирди. Синф раҳбаридан тортиб, академия мураббийларигача ҳаммаси характери яхши, одобли бола деб яхши гаплар айтишарди. Шу пайтгача ялқов, характери оғир , деган ёмон гап эшитмадик. Қаерда ўйнаган бўлса, ҳамма жойда унинг ортидан фақат раҳматлар эшитяпмиз. “Машъал”да ҳам, “Бунёдкор”да ҳам, “Ростов”да ҳам изидан борганимизда фақат яхши гаплар эшитдик, раҳматлар айтишди. “Ростов” раҳбарлари ҳам Элдор ҳақида менга жуда яхши гапларни айтишди. Ишқилиб, кўз тегмасин, Италияда ҳам шундай раҳматлар эшитайлик-да!

элдор шомуродов2

- Элдор ҳам футболни танлаганидан кейин мана шундай даражага чиқишига ишоганмидингиз ёки оддий бир ўртамиёна ўйинчи бўлиб қолса керак, деб ўйлармидингиз?

- Тўғрисини айтсам, унчалик ишонмаганман. Кўпи билан бир-иккита Кубокда ўйнаб, жаҳон чемпионатига чиқишга уриниб кўрар, деб ўйлардим. Илҳом акаси ОФК Кубогини ютганди ва ундан бироз кучлироқ бўлар, деб ўйлардим. Россияни забт этишини билмасдим. Кейинчалик у ерга кетгач, Европага йўл олишига ишонмай тургандим. Лекин, барибир кўнглимда ниманидир ўзгартира олишига ишончим бўларди, фақат бу ишонч тўлиқ эмасди.

- Элдорни машҳур футболчига айлангани оилага қандай таъсир қилди?

- Бизда ҳамиша бир хил. Деярли билинмайди ҳам. Албатта, оиламиз бундан хурсанд. Олдин қандай бўлсак, ҳозир ҳам шундай. Мақтовларга учмаймиз. Шунинг учун Элдор ҳам камтар-да.

- Италия А сериясида ўйнашни бошлаганидан сўнг юлдузлик касалига учраши мумкин, дейдиганлар ҳам топилади...

- У ҳеч қандай юлдузлик касалига учрамайди. Мен ишонаман. Юлдузлик касалига учраганлар бирданига билинади. Агар шундай бўлганида “Бунёдкор” ёки “Ростов”га борганида сезилган бўларди. Уйга келганда кўплаб дўстлари кўргани келади, бир соат бўлса, бир соат ҳаммаси билан гаплашади ва бирортасини хафа қилмасдан жўнатади. Ҳеч кимга менинг вақтим йўқ, деган гапини эшитмадим. Иложи борича одамларнинг кўнглини олишга ҳаракат қилади. Лекин ҳамманинг кўнглини олиш қийин. Дўстлари келса тўп беради, академиядаги болаларга формалар тарқатиб кетади. Тадбирларга чақирса ҳам қочмайди.

- Аввало, бу сизнинг тарбиянгиз маҳсули. Агар Италияда ўйнаб кетса олмаса, фаолияти “синиб” қолишидан чўчимайсизми?

- Йўқ, қўрқмаймиз. Кутамиз. Мана, Россияда ҳам қанча кутдик?! У чидамли бола. “Ростов”га борган дастлабки йили кўпроқ захирада қолганди. Ўшанда гаплашиб турсак, қўймаяпти дерди, унга сабр қил, ҳаммаси бирданига бўлмайди, устингда ишлашда давом эт, дердим. Бир йилча телефонда гаплашсак кайфияти яхши эмаслигини билдирмасликка ҳаракат қиларди. Италияда ҳам бошида қийинчиликлар бўлади, маҳаллий шароитга мослашиш, тил масаласи...мураббий сени қанча вақтга туширса ҳам доим тайёр бўлгин деяпман. Россияга борганида бошида унга жамоадошлари тўп узатмаган пайтлари бўлди. Икки-учтаси унга яхши очилса ҳам пас беришни исташмаган. Охир-оқибат шуларни ҳам енгиб чиқди. Кейин ўзлари Элдорга пас берадиган бўлишди. Чунки мен ҳам ўйинларини кузатаман. Бошида мураббий Кучук эди, ўша пайтларда роса қийналди. Лекин орқага чекинмади. Италияда ҳам балки бошида ўзи ўйлагандек бўлмас, аммо омади келса, ўхшаб кетади. Биламанки, у чидамлик ва сабрли, шу боис эплаб кетишига кўзим етади.

- Фарзандини машҳур футболчи бўлишини истаганлар кўп. Бунга қандай эришиш мумкин? Ўғлингиз мисолида айтганда....

- Ёшлигидан академияга бериш керак. Мактаб кўрсин. Бирданига “Пахтакор” ёки “Бунёдкор”га олиб бораман демасдан аввало маҳалладан бошланади, ҳаммаси. Турли мусобақаларга чиқса ва ўзи эплаб кетса, ҳар қандай мутахассис кўради. Ўғлим ҳам бирданига академияга кетмаган. Аввал маҳаллада ўйнади, кўча футболида ўйнаб юрди. Уйда ҳам тўп тепарди, менга доим тўп олиб келинг, дерди. “Машъал” академиясига акаси билан борганди, аммо акасига жавоб беришиб, уни олиб қолишган. Ўша маҳалда акасига қўшилиб, мен ҳам кетаман деса бўларди, бироқ ўзи хоҳлаб қолган. Боя айтдим-ку, қийинчиликларни кўрди. Балки вақтида овқати ҳам бўлмагандир. Ирода ва меҳнати орқали эришяпти, ҳаммасига.

элдор шомуродов

- Элдор Шомуродов энг машҳур футболчимиз сифатида терма жамоамизни жаҳон чемпионатига олиб чиқишига катта ҳисса қўшишини ҳамма кутяпти. Бундай масъулият унга оғирлик қилмайдими?

- Бир ўзи ҳеч нима қила олмайди. Унга фақат қўллаб-қувватлов керак. Жамоани жипслаштиришса натижа бўлади. Фақат таркибни хар ҳил қилиб юбормаслик лозим. Меҳнатсевар, вақтида пас беришни биладиган ўйинчиларни қўйиш лозим. Ҳужумчилар гол ураверса-ю, аммо ҳимояда ўтказиб юбораверсак, унда ҳеч нима қила олмаймиз. Шу боис ҳаммаси мураббийга боғлиқ. Жамоавий ўйин кучли бўлиши муҳим. Кечаги ўйинларда барибир нимадир етишмаяпти. Одил Аҳмедовни ўрни билиняпти. Остон Ўрунов қайтса, янада кучаяди. Ҳамма тизим бир хил ишлайдиган бўлиши керак. Масалан, Элдор Россияда ўйнаганида орқага ҳам қайтарди. Керак бўлса, терма жамоада ҳам қайт дейиш керак. Ҳамма тизим орқада ҳам, олдида ҳам бир хил ишласа, узилиш бўлмаса, яхши бўлади.

- Элдор Сурхондарё футболини ривожлантириш учун қандай ёрдам кўрсата олади деб ўйлайсиз?

- Мана, ҳозирда акаси Сурхондарё футболини қўлидан келганича кўтаришга ҳаракат қиляпти. Мусобақалар ташкил қиляпти, хуллас, вилоят футболи учун кеча-ю, кундуз хизмат қилиш билан овора. Элдор ҳам бор имкониятини қилади, академиялар яратишга ҳаракат қилишади. Шундоқ ҳам у акаси билан маслаҳатлашиб туради. Турли турнирлар ташкил қилиш ҳақида гаплашишади. Олдин мусобақалар бўлмасди, иккинчи лигалар йўқ эди. Ҳозир эса амалга ошяпти.

- Элдорнинг олдинги мураббийи – Карпин билан ҳам кўришганмисиз?

- Ҳа, қишки йиғинни Дубайда ўтказганида бориб кўришгандим. Яхши гаплар бўлди. Кейин клуб ҳомийлари келишди ва Элдорни дадаси келибди, деганида улар билан ҳам мулоқот қилгандик. Элдор у пайтда жароҳатда эди, бир ўзи шуғулланиб юрарди. Карпин билан ошхонада ҳам, пляжда ҳам гаплашардик. У доим ишлаш керак дерди. Фақат карантин бўлиб, бироз формасини йўқотиб қўйди.

- Энди Элдорни қўллаб-қувватлаш учун Генуяга ҳам бориш ҳақида ўйлаяпсизми?

- Насиб бўлса, келаси йили ёзга режалаштирамиз. Аввал ўзи жойлашиб, ошна-оғайни орттириб мослашиб олгач, кейин борсак ярашади.

- Элдор оиласи билан бирга кетдими?

- Оиласи Тошкентда. Насиб қилса, декабрда фарзандлик бўлиши керак. Қирқи чиққач, келаси йилга олиб кетса керак.

- Ўзи билан неча кунда бир гаплашяпсиз? Элдор билан боғлиқ охирги янгиликлар қандай?

- Ҳа, икки-уч кунда бир гаплашиб турибмиз. Ҳаммаси яхши. Клуб уй ва ижарага бўлса ҳам машина беряпти. Порт шаҳар экан. Денгизни кўрсатди. Бошида бир ўзи шуғулланиб турганди, энди умумий гуруҳ билан машғулотларни бошлабди. 19 октябрдаги ўйинга тайёргарлик кўришяпти. Мураббий кўради, формаси яхши бўлса майдонга туширади. Фақат улар Элдорга имкон қадар итальян тилини ҳам ўрган, деб айтишяпти экан. Ўзи инглиз ва рус тилларини билади. Италияда инглиз тилида унчалик гаплашишмас экан. Асосан итальян тилида мулоқот қилишаркан.

- Италия футболи азалдан кучли ҳимоячилари билан ном чиқарган. Элдор эса ҳужумчи ва бу борада унга қандай маслаҳатлар беряпсиз?

- Элдорда гол уриш қобилияти бор ва уни янада кўпроқ ишлат деяпман. Кўпроқ бўш ҳудудларга очилиши лозим ва имкониятдан албатта фойдаланиши муҳим. Ёриб ўтилмайдиган ҳимоячи бўлмайди, фақат ҳаракат қилиши лозим. Жамоадошлари билан таржимон орқали бўлса ҳам ўйин давомида қандай ва қаерга очилишини айтиб, ўрганишини уқтиряпман. Доим мураббийнинг айтганини қилиш қийин. Бунинг учун жамоадошлари билан ҳам гаплашиб олиши муҳим. Чунки майдонда улар билан бир-бирини яхши тушуниб ўйнаши жуда зарур. Элдор уларга нимани ва қандай ўйнашини тушунтириб бера олиши керак. Ўзи ҳам бошида қийин бўлишини сезиб турибди. Барибир ўзида ишонч бор, бу энг асосийси.

элдор шомуродов3

- Интернет ёки ижтимоий тармоқ орқали “Женоа” клубининг расмий саҳифаларига обуна бўляпсизми ёки фақат Элдорни ўзи билан гаплашиб, янгиликларни ундан эшитиб турибсизми?

- Ака-укалари янги клуби қачон ташкил топган, тарихи қандай бўлгани ҳақида менга айтиб туришади. “Ростов” Россияда қандай бўлса, “Женоа” ҳам Италияда шундай дейишади. У ерда ҳам ҳимоядан ҳужумга ихтисослашиб ўйнашар экан. Ўзим интернетга кирмасам, яқинларим ўзлари менга кўрсатишади. Кўпроқ Илҳом билади, у айтиб туради.

- Дунёнинг иккита кучли футболчиларидан бири Роналду ҳам Италияда ўйнаяпти. Энди у билан бир чемпионатда ўйнайдиган илк ўзбек футболчиси бор ва бу ҳаммамиз учун фахрли. Роналду билан бир чемпионатда тўп суришини орзу қилганмисиз?

- Йўқ, орзу қилмаганман. Энди бўлса, Роналдуга қарши ўйнашини кутяпман. Қани, қандай бўларкин? Элдор мана шундай ўйинчиларни кўриб ҳам ўрганади. Энди 25 га тўлди, ҳаммаси олдинда. Уйи тинч, оиласи тинч. У фақат ўз устида ишлаши ҳақида ўйлаши керак.

- Ўзи футболдан ташқари яна нимагадир қизиқадими?

- Ҳаёли футбол билан боғлиқ. Ўзи тез-тез қўнғироқ қилиб, жиянлари билан гаплашишни ҳам истайди. Уйга келса ҳам улар билан ўйнайди. Катта ўғлимдан ва қизимдан жами беш нафар неварам бор. Худо хоҳласа, олтинчи неварам Элдордан бўлади. Худо хоҳласа, ўғил бўлсин деб дуо қилиб турибмиз. Кейинчалик дадам Италияда ўйнаб юрганида туғилганман деб юради.

- Бундан кейин ҳам ўйлаган ният ва истакларингиз ҳамиша рўёбга чиқаверсин. Бизга вақт ажратганингиз учун раҳмат.

- Сизга ҳам раҳмат.

 

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!