Азиз Тўхтабоев: Бугунги ғалаба Қўқондаги байрамга ҳамоҳанг бўлди

Ўзбекистон Суперлигаси 19-туридан ўрин олган "Қўқон-1912" - "Бунёдкор" учрашувидан сўнг (3:0) қўқонликлар устози Азиз Тўхтабоев беллашув борасидаги ўз фикрларини билдириб ўтди.

"Бугунги ғалаба билан барчани табриклайман. Бизни қўллаб турган барча мухлисларимизга чексиз миннатдорчилик билдираман. Қўқонда “Халқаро ҳунармандчилик фестивали” бўлиб ўтаётганидан хабарингиз бор. Бугунги ғалаба Қўқондаги байрамга ҳамоханг бўлди. Тезкор гол бизга ҳам ёрдам берди, ҳам зараримизга ишлади. Ҳисобни очгач, бироз хотиржамликка берилдик. Иккинчи бўлимда футболчиларимиз яна шиддатни ошириб рақибни йирик ҳисобда мағлуб этишди.

Бир неча ойдан бери Тимур Кападзе ўзининг маслаҳатлари билан жамоамиз муваффақиятларида ҳисса қўшмоқда. У киши ЎФАдаги ишларидан бўш вақтларида ўз ёрдамларини бериб келишяпти, бунинг учун Тимур акага раҳмат айтаман.

Биринчи бўлим ўрталарига келиб ташаббусни рақибга бериб қўйгандек бўлдик. Танаффусда футболчиларга керакли кўрсатмаларни бердик. Қарши ҳужумдан самарали фойдаланишни айтдик. Улар кўрсатмаларимни тўлиқ бажаришди.

Авазхон Маматхўжаев ўз имкониятларидан ҳали бешдан бирини ҳам кўрсатгани йўқ. Унинг потенциали жуда юқори. Биз агар Авазхондан тўғри фойдалансак келажакда терма жамоамизга ҳам ёрдам берадиган футболчи бўлади.

Отабек Ҳайдаров биринчи даврани Қирғизистонда ўтказди. Унинг имкониятларини мендан яхши биладиган мутахассис бўлмаса керак. Унга бироз омад ва вазиятларда совуққонлик етишмаяпти. Биринчи голини уриб олгач, ўйини кучайиб кетишига ишончим комил. Отабекка ҳозир мухлисларимизнинг руҳий далдалари жуда зарур.

“Қўқон-1912” жамоасини уй жамоаси дейиш нотўғри бўлса керак. Сабаби биз сафарда иккита ғалаба қозондик. Иккита дуранг ўйнадик. Тан олиш лозим, ўз майдонимизда ғалаба қозонишнинг гашти бошқача", - деб Тўхтабоевнинг сўзларини келтириб ўтди клуб матбуот хизмати.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Нодирбек Ахмедов
16/09/2019 09:27
Маладес шоввоз,устозингни кеча айнан сен енгдинг. Табриклайман куконликларни
Расулжон Тоштемиров
16/09/2019 09:02
Рахмат ишларга омад берсин Азизбек буш келманг