Азиз Тўхтабоев жамоасининг ғалабасидан сўнг мухлислардан нима исташини маълум қилди

Суперлига 17-тур доирасидаги «Қўқон-1912» - «Сурхон» учрашувидан кейинги матбуот анжуманининг иккинчи қисмида “Қўқон1912” жамоаси бош мураббийи вазифасини бажарувчиси Азиз Тўхтабоев қатнашди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.

- Ўйинда тезкор гол киритдик. Кейин рақиб футболчилари ҳисобни тенглаштиришди. Бутун ўйин давомида футболчиларимиз борларини бериб ўйнашди. Бунинг учун уларга раҳмат айтаман. Ҳеч бир ғалаба осонликча бўлмайди. Бугунги ғалабамизда мухлисларимизнинг ҳиссаси ҳам катта бўлди. Вазиятлардан фойдаланишда бироз камчиликларимиз бор. Ҳужумчиларимизга совуққонлик етишмаяпти. Улар голли вазиятларда бироз шошилиб қолишди. Акс ҳолда бугун ҳисоб йирик кўриниш олиши мумкин эди.

Бугунги ўйинда Авазхон Маматхўжаев ҳар иккала голда ҳам иштирок этди. Унинг келажаги порлоқ деб ўйлайман. Унинг бунданда яхши ўйинлари ҳали олдинда.

Мухлисларимиз ёш футболчиларимизни қўллаб-қувватлашларини тилаб қолардим. Чунки ёшлар жуда таъсирчан бўлади, уларни ҳозир қўллаб турсак ўйинлари янада очилади деб ўйлайман.

Бугун майдонда ўйнаган барча футболчиларимиз яхши ўйнашди. Иккинчи давра арафасида жамоамиз сафига келиб қўшилган ёш футболчилар жамоамизга тезда мослашишди. Улардан ҳали умидимиз катта. Синдаров ҳамда Аҳмадовларнинг ўйини бизни тўлиқ қониқтирмоқда. Жамоамизда ички муҳит айни кунларда жуда ажойиб. Бизни қўллаб турган барча мухлисларимизга бош эгиб таъзим қиламан, - деди мураббий.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!