Бабаян ёки Кападзе кўчасида байрам бўлади ёхуд "Олимпик" бу сафар дуранг ўйнай олмайсан!
Самвел Бабаян бош мураббийлигидаги “Навбаҳор”нинг Ўзбекистон чемпионатидан ташқари, мамлакат кубогида ҳам мақсади аниқ: фақат соврин ютиш! Аслида кубок баҳслари ўша совринни қўлга киритиш учун чемпионатдагидан кўра энг қисқа йўл. Лекин ҳамма жамоалар ҳам бу мусобақага бор эътиборини қаратишни истамайди. Ундан кўра, чемпионатга асосий эътиборини қаратади. Лекин “Навбаҳор” бундан мустасно. У ерда совринларга ўч бўлган мураббий ишлар экан, жамоаси билан ўзи қатнашаётган ҳар бир мусобақада ғолиб чиқиш истагида ва буни қўл остидагиларга ҳам сингдиряпти.
Суперлигада бироз “пауза”. Сабаби Ўзбекистон кубоги 1\8 финал босқич ўйинларини ўтказиб олиш фурсат келганди. Бу мусобақада фаворитлар чемпионатдаги фаворитлар, десак муболаға қилмаймиз. “Навбаҳор” чемпионатда карвонбошиликни ўз қўлига олганини биласиз. Кубок доирасида бу жамоани Тошкентда сюрпризларни тақдим этиб келаётган дебютант “Олимпик” қарши олади. Ушбу баҳс жуфтликлар орасида энг қизиқарлиси бўлиши катта эҳтимол. Чунки Тимур Кападзе устозлик қилаётган “Олимпик” ёш бўлишига қарамасдан, ҳеч кимдан қўрқмаяпти. Энг кўп – 10 та дуранг ўйнашга улгурган бу клуб 19 очко билан 7-ўринда турибди. “Навбаҳор” учун жиддий рақибга айланяпти. Боиси, бу жамоалар чемпионатда 10-тур доирасида Тошкентда ўзаро куч синашган. Ўша учрашувда Жамшид Искандеровнинг голига “Олимпик”дан Пўлатхўжа Холдорхонов голи билан жавоб қайтарган бўлиб, баҳс 1:1 ҳисоби билан якун топган. Демак, бу сафарги тўқнашув иккала клубнинг ўзаро иккинчи ўйинига айланади.
Хўш, 1\8 финалга қадар жамоалар гуруҳда қандай натижалар қайд этди? “Олимпик” “F” гуруҳида “Андижон-2”, “Шўртан” ва “Турон” билан беллашди. Ўшанда Кападзе кубок йўлидаги курашни мағлубият билан бошлаганди. Сафарда “Андижон-2”га 1:0 ҳисобида мағлубиятга учрагани ёдимизда турибди. 2-турда “Турон”ни 5:1 ҳисобида тор-мор келтирган “Олимпик” 3-турда “Шўртан” билан 1:1 ҳисобида дуранг қайд этган. Ушбу натижалар Кападзе жамоасини кейинги босқичига чиқиши учун етарли бўлди.
“Навбаҳор” “А” гуруҳида “Қизилқум”, “Нефтчи” ва “Динамо” билан куч синашди ва энг кучли гуруҳ сифатида эътироф этилган. Аввалига сафарда “Қизилқум” дарвозасига жавобсиз 2 та гол урган “Навбаҳор” 2-турда Наманганда “Динамо”ни 1:0 ҳисобида енгди. 3-турда водий дербиси остида ўтган учрашувда “Нефтчи” устидан 2:0 натижаси билан устун келиб, гуруҳда 100 фоизли кўрсаткични қайд этди.
Юқорида айтганимиздек, “Олимпик” ва “Навбаҳор” бунгача чемпионатда биринчи даврадаги ўйинда кучлар тенг келиб қолганди. Лекин бу сафар бунақаси кетмайди. Энди дуранг бўлиши мумкин эмас. Кимдир ютқазиши муқаррар. Акс ҳолда кейинги босқичга ким чиқади? Шу боис ғолиб аниқланиши шарт.
Билсангиз керак, Суперлиганинг 16-турида иккала клуб ҳам бир хил натижа кўрсатди. “Олимпик” “Пахтакор” майдонида 1:1 ўйнаган бўлса, “Навбаҳор” ҳам водий дербисида “Қўқон-1912”га қарши баҳсда ушбу натижани қайд этди. Албатта, ном жиҳатидан “Навбаҳор” яна фаворит бўлиши табиий. Ахир таркибида кимлар ўйнаётганига бир қаранг! “Олимпик”да номдор ўйинчилар йўқ. Лекин Кападзенинг мақсади ва йўналиши бошқа. У ҳеч ким билмаган ва танимаган футболчилардан жамоа ташкил қилди. Париж Олимпиадаси йўлида ушбу таркибни “пишитиб” боряпти. Бунда эса, унга Суперлигадаги иштирок жуда қўл келяпти. Бошида кўпчилик эътиборга олмаган “Олимпик”га энди бошқача назар билан қарамоқдалар. Кападзе ва “Олимпик” бошқаларни ўзига ҳурмат билан қарашга мажбурлай олди. Чунки жамоа шунга муносиб ўйин намойиш этяпти. Ҳатто, “Пахтакор” ҳам “Олимпик”ни ютолмаяпти. Клуб 16 та ўйиннинг фақат 3 тасида ютқазди холос. Кубокда ҳам Кападзе охиригача бормоқчи. Бу интригани кучайтириши шубҳасиз. Мусобақа фаворити ҳисобланган “Навбаҳор” “Олимпик”ка қарши жиддий ҳозирлик кўряпти. Боиси, ёш рақибининг кучини энди яхши билади. Кападзе жамоаси кубокда ҳам сюрпризларни тақдим этармикин-а?
Фикрлар