Баҳодир Жалолов Камшибек Конкабаев билан финалда тўқнаш келмайди, мутахассислар бу борада нима дейди?
Тошкентда ўтаётган бокс бўйича жаҳон чемпионатида деярли барча Кункабаев – Жалолов қарама-қаршилигини кутмоқда. Ўзига хос принципиалликка эга бу баҳс борасида турли фикрлар билдирилмоқда. Биз уларнинг энг сўнггиларини эътиборингизга ҳавола этамиз.
Қозоғистон бокс терма жамоасининг собиқ устози – Қайрат Сатжанов хориж нашрлари учун берган интервюсида, жаҳон чемпионатида содир бўлиши кутилаётган супер тўқнашув Жалолов – Кункабаев қарама-қаршилиги борасида фикр билдирди.
“Боксда барчасини биргина зарба ҳал этиб қўйиши мумкин. Боз устига, бу оғир вазндаги жангчилар ўртасидаги қарама-қаршилик! Айни дамда, Жалолов ғалабага яқинроқдек кўринмоқда, аммо Камшибек ҳам жуда тажрибали. Кўп нарса бу жангга уларни қандай тактик тайёргарлик билан келишига боғлиқ. Кункабаев Баҳодирга нисбатан тезроқ. Агар тўғри тактика танлай олса, унда ғалаба қозониш имконияти мавжуд”, - деди Қайрат Сатжанов.
Бу қарама-қаршилик борасида таниқли бокс журналистларининг фикри билан ҳам қизиқдик. Биринчилардан бўлиб, таниқли инглиз бокс мураббийи ва журналисти - Тейлор О'Хиггинс билдирган фикрга қулоқ тутамиз:
“Ҳозирда Баҳодир Жалолов тўлиқ спорт формасида эканлигини ва жангда фақатгина бир томоннинг устунлигини кўряпман. Жалолов Кункабаевдан кучли эканлигини бир неча маротаба исботлаб келган. Ва улар ўртасидаги навбатдаги жангда ҳам бошқача бўлишини кутмаяпман.”
Шунингдек, SPORTS.uz сайти журналисти – Жалол Аҳмедов ҳам бу классик тўқнашув борасида ўз прогнозини эълон қилди. Унга кўра, Жалоловда имконият анчагина яхшироқ:
“Баҳодир Жалолов учун ҳозирги вақтдаги энг номдор ва муҳлислар учун ҳам энг кутилган рақиб - Камшибек ҳисобланади. Қуръа натижаларига кўра, улар ўз рақибларини мағлуб этган ҳолда чорак финалда, анча эрта тўқнаш келиши мумкинлиги бироз ачинарли.
Албатта бу потенциал жангда Жалоловнинг имкониятини юқори баҳолаган бўлардим. У мунтазам актив жангларда иштирок этди. Камшибекда эса бироз танаффус бўлгани унинг ҳолатига таъсир қилган бўлиши керак, эҳтимол. Имконият 60/40 Жалолов томонда кўпроқ.”
Лоу ДиБеллла - "DiBellla entertainment" профессионал бокс промоутерлик компанияси раҳбари (АҚШ)
Улар турнирнинг энг зўр икки оғир вазнли ҳамда дунёнинг икки энг иқтидорли йирик жангчиларидир. Сиз аллақачон мени тахминимни биласиз. "Big Uzbek" [Баҳодир Жалолов] яна жаҳон чемпионлигини қўлга киритади. У ўз ватанида юртдошларини ҳафа қилмайди. Ўзбекистон ғалаба учун!
Жейк Донован - журналисти (АҚШ)
"Афсуски, Жалолов-Кункабаев қарама-қаршилиги жаҳон чемпионати олтин медали учун эмас, чорак финалдаёқ бўлиши кутилмоқда (агарда улар ўз рақибларини мағлуб этса). Кункабаевга нисбатан ҳурматсизлик қилмоқчи эмасман, аммо мен шунчаки ҳаваскор боксда ҳозир Жалоловни мағлуб этадиган боксчи борлигига ишонмайман. Хабаримиз бор, Камшибек ҳам Жалолов устидан бир неча маротаба ғалаба қозонган, лекин бунга анча вақт бўлди. Менинг фикримча, Жалолов дунёнинг энг кучли оғир вазнли боксчиси ва чорак финалдаги бўлажак жангда унинг ғалабасини кутмоқдаман"
Сизнингча бу тўқнашувда кимни қўли баланд келади? Фикрингизни изоҳларда ёзиб қолдиринг!
Фикрлар