Баҳодир Жалолов зўрми ёки Қамшибек Кункабоевми ёхуд қолганларнинг имконияти қандай?
Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида бокс бўйича Осиё чемпионати старт олмоқда. 31 май қадар давом этадиган қитъа миқёсидаги энг нуфузли бокс мусобақасида Ўзбекистон миллий терма жамоаси тўлиқ таркиб билан иштирок этади.
Эркаклар ўртасидаги мусобақаларда энг кўп олтин медаль учун Ўзбекистон, Қозоғистон ва Ҳиндистон боксчилари даъвогарлик қилиши кутилмоқда.
Аслида бу турнир Ҳиндистонда ўтиши лозим эди. Бироқ бу мамлакатда коронавирус пандемияси кескин кўпайиб кетгани боис, мусобақа Дубайга кўчирилди.
Таъкидлаш жоизки, сўнгги ўн йилдан бери Ўзбекистон ва Қозоғистон чарм қўлқоп усталари қитъа чемпионатида умумжамоа ҳисобида биринчиликни ҳеч кимга бермай келмоқда. 2011, 2013, 2015 йилги мусобақаларда қозоғистонлик спортчилар биринчи ўринни эгаллаган бўлса, сўнгги икки чемпионатда ўзбек боксчиларига тенг келадигани топилмади. 2017 йили Тошкендаги қитъа чемпионатида терма жамоамиз 9 та олтин медални қўлга киритганди. 2019 йили Таиланд мезбонлик қилган турнирда тўртта олтин, биттадан кумуш ва бронза билан биринчи ўринга лойиқ кўрилди.
Бу йилги Осиё чемпионатининг нуфузи бўлакча. Кўп жамоалар жорий йили Токиода бўладиган Олимпия ўйинларида қатнашадиган боксчиларини синовдан ўтказиб олади. Хусусан, терма жамоамизнинг ўн нафар аъзосидан еттитаси Токиода рингга кўтариладиган боксчилардир.
Осиё чемпионатида юртимиз шарафини ҳимоя қилиш учун мураббийлар қуйидаги чарм қўлқоп усталарини таклиф қилди:
-49 кг: Нодиржон Мирзаҳмедов
-52 кг: Шаҳобиддин Зоиров
-56 кг: Миразизбек Мирзахалилов
-60 кг: Абдумалик Халаков
-64 кг: Элнур Абдураимов
-69 кг: Бобо-Усмон Ботуров
-75 кг: Саиджамшид Жафаров
-81 кг: Дилшодбек Рўзметов
-91 кг: Санжар Турсунов
+91 кг: Баҳодир Жалолов
Осиё чемпионатда боксчиларимизга асосий рақиб сифатида Қозоғистон терма жамоаси аъзолари эътироф этилмоқда. Бу жамоа таркиби юз фоиз олимпиячилардан ташкил этилди.
Sports.uz ҳар бир вазнда ўзбек ва қозоқ боксчиларининг имкониятини солиштириб чиқди.
Энг енгил вазндан бошлаймиз. Яқинда Россияда бўлган Губернатор кубогида қозоғистонликлар Даниёл Собитнинг финалда Нодирбек Мирзаҳмедов билан жанг қилишини кутган эди. Лекин Даниёл ярим финалда мезбонлар вакили Игорь Царегородцевга имкониятни бой берди. Кўпчилик ғалаба россиялик боксчига тортиқ қилинганини айтмоқда. Бироқ, финалда унга ўз уйидаги деворлар ҳам ёрдам бермади ва Нодирбек Игорни катта устунлик билан енгди. Дубайда Нодирбек Осиё чемпионлик унвонини ҳимоя қилади.
Вазни 52 килограммгача бўлган боксчилар ўртасида Олимпия ўйинлари ва жаҳон чемпиони Шаҳобиддин Зоиров Осиё чемпионлигига ҳам асосий даъвогар. Қозоғистон терма жамоасининг янги авлод вакили бўлган Сакен Бибосинов ҳамюртимизга етарлича қаршилик кўрсатишга бел боғлаган. Булар 2019 йилги жаҳон чемпионатида тўқнаш келиши мумкин эди. Бироқ, Сакен ҳиндистонлик Амит Пангалга ярим финални бой берди. Финалда эса, Зоиров Пангални тиз чўктирди. Рақобат давом этади.
56 килограмм вазн тоифасида Миразизбек Мирзахалилов ва Собирхон Маҳмуд рақобатига гувоҳ бўлишимиз мумкин. Миразизбек ўз вазнда жаҳон чемпиони ва ўтган галги қитъа чемпионати ва Осиё ўйинларида ҳам олтин медал соҳиби бўлган. Унга фақатгина Олимпия ўйинлари олтин медали етишмаяпти.
60 килограмм вазн тоифасида ёш боксчимиз Абдумалик Ҳалаков ўзидан тажрибалироқ Серик Темиржанов билан рақобатга киришади. Темиржонов бу вазнда узоқ вақт етакчилик қилган Зокир Сафиуллиннинг ўрнини эгаллаган.
Зокир Сафиуллин эса, вазнини кўтариб, 64 килограмм оғирликда қатнашмоқда ва у Дубайда Элнур Абдураимовга тўқнаш келиши мумкин. Бу икки боксчи аввал икки бор тўқнашган. 2014 йила тажрибали қозоқ боксчиси 19 яшар Элнурни енгган. Ўтган йили мартда ташкил қилинган Иорданиядаги олимпия саралаш турнирида Абдураимов рақибидан кучли эканини исботлади ва Зокир вазнини ўзгартиришга қарор қилди.
69 килограмм вазн тоифасида совринлари кўп боксчилар тўқнашуви кутилмоқда. Бобо-Усмон Ботуров Осиё ўйинлари ва чемпионати ғолиби, жаҳон чемпионати совриндори сифатида жаҳон чемпионатларида икки марта бронза медалга эга чиққан Абилайхан Жусупов билан куч синашиши мумкин. Бу боксчилар икки йил аввал Болгариядаги “Странжа” турнири финалида ўзаро жанг қилиши керак эди. Бироқ, қозоқ боксчиси жангга чиқмади.
75 килограмм вазн тоифасида Фанат Қаҳрамонов ўрнини Саиджамшид Жаъфаров эгаллади. Бу вазнда Қозоғистон шарафини анча машҳур бўлган Абилхон Аманқул ҳимоя қилади. Тажриба устун келадими ёки ёшлик шижоати буни ринг кўрсатади.
Вазни 81 килограмм бўлган боксчилар орасида қозоғистонлик Бекзод Нурдаулетовнинг имконияти юқори баҳоланмоқда. Амалдаги жаҳон чемпиони ҳамюртимиз Дилшодбек Рўзметов билан икки бор тўқнаш келиб, жангларни ўз фойдасига ҳал қилган. Яқинда Россиядаги Губернатор кубогида ҳам қозоқ боксчиси Дилшодни мағлуб этганди. Балки Дубайда реванш кўрармиз...
Осиё чемпионатида 91 килограммда қатнашадиган Санжар Турсуновга эса осон бўлмайди. Олтин медаль учун курашда ҳамюртимизни Қозоғистоннинг кейинги йиллардаги энг кучли боксчиси кутиб турибди. Василий Левит уч карра Осиё чемпиони, Олимпия ўйинлари финалчиси, жаҳон чемпионатлари совриндори ҳисобланади. Илгари бу боксчилар икки марта куч синашиб, ғалаба рақибга насиб қилганди.
Супероғир вазн тоифасидаги жанглар шиддати билан ажралиб туради. Осиё чемпионатида мамлакатимиз шарафини Баҳодир Жалолов ҳимоя қилади. Унинг азалий рақобатчиси Қамшибек Кункабоев ҳамон муносиб рақиб. Бу боксчиларнинг ўзаро жанги доимо кескин ва муросасизлиги билан ажралиб туради.
Баҳодир ўз вазнида амалдаги жаҳон ва қитъа чемпиони ҳисобланади. Қамшибек жаҳон ва Осиё чемпионатларида икки мартадан кумуш медалга лойиқ топилган. 2015 йилдан бери бу боксчилар ўзаро беш марта тўқнаш келган ва шулардан учтасида боксчимиз зафар қучган. Баҳодир 2017 йилнинг августидан мағлубият нималигини билмай келмоқда. Ўшанда ҳамбртимизни айнан Камшибек мағлуб этганди.
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, ҳар икки мамлакат боксчилари нафақат қитъа миқёсида, балки жаҳонда ҳам энг кучли терма жамоалар сифатида тан олинади. Шундай экан, Осиё чемпионати доирасидаги рақобат натижалари қандай бўлишини тез орада билиб оламиз...
Фикрлар