Баҳром Ҳайдаров: "Ҳар ўйиндан кейин шунақа савол"
Суперлиганинг 26-турида мухлислар водий дербисига гувоҳ бўлдилар. Унда “Қўқон-1912” “Навбаҳор”ни қабул қилди.
Қизиқарли ўтган учрашувда майдон эгалари 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди ва муҳим очколарни ўз ҳисобига ёзиб қўйди.
Ўйиндан кейинги матбуот анжуманида қўқонликлар устози Баҳром Ҳайдаров фикрларини айтиб ўтди.
- Жуда қийин ўйин бўлди. Сўзим аввалида юртимиз тинчлигини сақлаб келаётган ички ишлар ходимлари байрами билан табриклайман. Учрашувга келсак, яхши бошладик. Назорат бизга ўтди. Тўғри, уларда ҳам қарши ҳужумларда имкониятлари бўлди. Дарвозабонимизга раҳмат, 2-3 та вазиятда қутқарди. Қизил карточкадан кейин жамоа бироз бўшашди. Йигитларни хотиржамликка чақирдик. Вазифани бажара олишди ва охир-оқибат ғалабага эришдик. Тактик томондан ўзгаришларни ҳам қилдик. Имкониятларимиз кўп бўлди, булардан фойдалана олмаганимиздан асабийлашдик. Эртароқ гол урганимизда осонроқ бўларди. Лекин охири ғалаба бўлди. Ишқибозларни, раҳбариятни, жамоамни табриклайман.
- “Навбаҳор” футболчилари майдонда кам бўлиб қолишгани ҳам ғалабага таъсир қилдими?
- Албатта. Футболда вазиятлар ҳар хил бўлади. Бўшашиб кетиш мумкин, айрим клублар янада кучайиб кўпроқ голлар уриб юбориши мумкин. Тан олишимиз керак, “Навбаҳор”да ҳам индивидуал маҳоратга эга ўйинчилари бор. Кам бўлиб қолишганида ҳам тўпни назорат қилишни билади. Уларни камчилик қолгани унчалик билинмади ҳам. Биз ҳам кўпчилик бўлиб қолдик деб ҳужумга ўтиб кетмадик. Танлаган тактикамиз бўйича ўйинни олиб бордик.
- Биринчи голни ҳисобламади. Бунга қандай изоҳ берасиз?
- Ҳали кўрмадим, албатта кўриб чиқамиз. Холтўраев тегмаган тақдирда ҳам дарвозага кириб кетаётганди. Жасур ҳам гол уришни хоҳлади. Бундай вазиятларда сониялар ҳал қилади. Офсайд бўлган бўлса, ВАР бор, ҳакамлар бор. Демак, офсайд экан-да!
- Мухлисларга яхши ўйнаб турган Тоштемиров ва Гадоевни алмаштирилиши ғалати туюлди...
- Биласизку, иккинчи даврада бизда яхшигина рақобат пайдо бўлди. Яхши ўйнаб турган бўлиши мумкин, чунки ишқибоз тўп билан муомала қилаётганида уни кўради, холос. Бошқа эпизодларда, масалан тўп бошқа зонада бўлганида, масалан Гадоев нима қилаётгани ёки Тоштемировни нима билан шуғулланаётганига улар аҳамият бермайди. Турли вазиятлар бўлади. Мухлис тўп қайси зонада бўлса, ўша зонани кўради. Бизда рақобат бор. Шохруҳ Гадоевни катта фойдаси тегяпти, Аслиддин Тоштемировни ҳам. Айнан у чарчагани учун ўзи захирага олишларини сўради. Анасхонни чиқариб юборсак бироз норозичиликлар бўлди. Ўйлаймизки, ўрнига майдонга тушганлар - Хусанов, Кондратюк голларда иштирок этишди, гол уришди. Худоим пешонамизга ёзган экан, ютдик.
- Сизнингча, қайси жамоа Ўзбекистон чемпиони бўлади?
- Ҳар ўйиндан кейин шунақа савол. “Нефтчи”ни тақвимини қараганда ҳамма осонроқ деб ўйлаяпти. Уларда имконият кўпроқ дейишяпти. Йўқ, ундай эмас. “Насаф”ни ОКМК билан ўйини бор. Иккала жамоани имконити бир хил. 50\50, яққол фаворит йўқ. Менимча, охирги тургача ҳал бўлмаса керак.



Фикрлар