
Баҳром Ҳайдаров: "Шўртан" нафақат ҳисобни тенглаштириши, балки ютиб кетиши ҳам мумкин эди"
Суперлиганинг 18-туридан ўрин олган “Шўртан” - “Қўқон-1912” (1:2) учрашувидан кейин меҳмонлар бош мураббийи Баҳром Ҳайдаров матбуот анжуманида қатнашди.
- Бошида яхши бошладик. Ҳамма ўз вазифасини бажариб, гол урганимиздан кейин бир-иккита футболчиларимизда бўшашишлар бўлди. Рақибга босим ўтказишга ҳаракат қилгандик, шуни уддасидан чиқаётгандик. Гол урганимиздан сўнг ўзимиз босимни камайтирганимиздан сўнг “Шўртан” ўйин ўрталарида назоратни ўзига олди, имкониятлар яратдик. Бироқ қарши ҳужумда иккинчи голни урдик. Шунча мағлубиятлардан кейин футболчиларни ўзига ишончи камлиги билиниб қоляпти. Бўшашдик ва стандартдан гол ўтказиб юбордик. Ўйинчиларга босим қилиш кераклигини айтдик. Барибир футболчини онгида қўрқув ҳам бўлади. Шу боис бироз орқага ётиб олишга мажбур бўлдик. Биз четдан туриб босим қилиш ҳақида гапирсак ҳам барибир ҳимояга эътибор қаратдик. “Шўртан” нафақат ҳисобни тенглаштириши, балки ютиб кетиши ҳам мумкин эди. Худога шукр яхшилик билан тугади. Узоқ кутилган ғалабага эришдик. Озми-кўпми, узоқ йўл босиб келган ва телевизор орқали кўрган мухлисларимизга ушбу ғалабани бағишлаймиз. Улар ҳам буни кутишганди. Кейинги учрашувларга ҳам яхши тайёргарлик кўрамиз.
- Ўйиндан олдин “Шўртан” жамоасини нимаси кўпроқ эътиборингизни тортди?
- Олдинги мураббийда ҳам, ҳозирги мураббийда ҳам меҳнаткаш футболчилар йиғилган. Тўп билан яхши муомала қилишади, пас ўйнашади. Жамоани чап қаноти анча фаол. Пирмуҳаммедов яхши савияли ўйинчи, Мамасиддиқов ҳам. Биринчи навбатда уларни зарарсизлантиришимиз керак эди, бунга эриша олдик.
- Жасур Холтўраев ҳужум чизиғига қанчалик таъсир ўтказа олди?
- Меҳнаткаш бола. Босим ўтказиб, ҳимоячиларни тинч қўймайдиган ҳужумчи. Биринчи даврада 3 та гол урди, бу кам. Кўп имкониятлари бўлди, уролмади. Биринчи даврада икки марта жароҳат олди. Бу ҳам қийнаб қўйди. Яқиндагина соғайди, шу боис захирадан майдонга тушди. Ўйлайманки, у янада қўшади. Иккита ҳужумчи олиб келдик - Ҳайдаров билан Датсини. Рақобат уни янада кучайтиради. Ҳали жамоамизга фойда келтиради.
- Охирги интервьюларингизда ҳозир гапирсак баҳона бўлиб қолади, деган жумлани кўп ишлатяпсиз. Бундай хулосага келишингиз нимадан?
- Футболчилик ва мураббийлик фаолиятимда бундай мағлубиятли серия бўлмаган. 7-8 та ўйинда ҳаттоки дуранг ҳам бўлмади. Хатоларни кўпи бир хил. Бу ҳақида айтиб ўтганмиз, яна қайтарилаётганди. Уларни бартараф этишга, кўп гапирмасдан ишлашга ҳаракат қиляпмиз.
- Шу ўйинлар оралиғида раҳбарият томонидан бу сиз учун охирги имконият деган нарса бўлдими?
- Умуман гап-сўз бўлгани йўқ. Раҳбариятга катта раҳмат. Тасаввур қилинг, Кубок ўйини билан кетма-кет 10 та ўйин ютқаздик. Худога шукр, бирор марта раҳбарият томонидан бу ҳақида шаъма ҳам қилишгани йўқ. Олдимизга қўйган мақсадлар бор. Албатта, мухлислар талаб қилишади, мураббий кетсин дейиши мумкин. Буни тўғри тушунамиз, футболда бор нарса. Ҳар бир мураббийда омадсиз ўйинлар кетма-кет бўлса, бунақа гап-сўзлар бўлади. Аммо раҳбариятга раҳмат, бирор марта кетиш ҳақида оғиз очилгани йўқ.
Комментарии