Баҳром Ҳайдаров: "Улар жамоани кучайтиришди, тўғри танлов қилдик"

“Қўқон-1912” Муборакда “Машъал”га қарши беллашувда ягона гол эвазига жуда муҳим ғалабани қўлга киритди. Ушбу ўйиндан сўнг меҳмонлар устози Баҳром Ҳайдаров айрим саволларга жавоб берди.

- Тенг курашлар остидаги ўйин бўлди, деб ўйлайман. Иккала жамоа ҳам иссиқ бўлишига қарамасдан, майдонга тушган футболчилар жон-жаҳди билан ўйнашди. Ҳаммаси битта голгача эди. Уларда ҳам, бизда ҳам имкониятлар бўлди. Лекин биз яримта вазиятдан фойдаланиб кетганимиз ҳисобига ғалаба қозондик. Ҳолбуки, беллашув дурангга тортаётганди. Муҳими, ғалаба қозондик. Омадимиз келди. Бу ерга келиб қўллаб-қувватлаб турган ишқибозларимизни, раҳбариятимиз ва футболчиларимизни бу ғалаба билан табриклайман. Ҳамма қилинаётган меҳнатлар самарасини беряпти, деб ўйлайман. Бундан бу ёғига ҳам бўшашишимиз керак эмас. Ўзларинг биласизлар, етакчилардан жуда ортда қолиб кетдик. Шунинг учун уларга етиб олишга ҳаракат қилишимиз керак. Олдимизда катта вазифа турибди. Шундай меҳнат қилиб, шундай даражада ўйнаб турсак мақсадимизга эришамиз.

- Яқинда клубга бош мураббий этиб тайинландингиз. Мақсадлар ўзгардими? Раҳбарият қандай талаблар қўйди?

- Билсанглар, мен биринчи даврада ҳам мураббийлар штабида ишлаганман. Биринчи давранинг охирги 2-3 та учрашуви омадсиз бўлганидан кейин бироз ўзгариш бўлди, холос, мураббийлар штабида. Мени бош мураббий этиб тайинлашди, катта раҳмат. Мендан олдин ишлаган Муҳсин Низомиддинов жамоа билан бирга. Ҳеч қанақа мақсад ўзгаргани ва янгилик киритилгани йўқ. Фақат ўйинимизда бироз муаммолар бўлган. Шуларни кўриб чиқдик. Ҳар бир мураббий ёки ўйинчилар адашади. Янги ўйинчиларни чақирдик, таркибни кучайтирдик. Бу натижасини беряпти. Бундан кейин ҳам янги чақирган футболчиларимиз ва биринчи даврадаги йигитлар борини беришади ва барчамиз мана шундай натижаларга эришамиз, деб ўйлайман.

- Муҳсин Низомиддинов мураббийлар штабида қолганми? Айнан қандай лавозимда?

- Низомиддинов раҳбариятга ўтди. Спорт директори лавозимига тайинланган. У билан барибир биргамиз. Мақсадга эришиш учун бирга ёнма-ён туриб ишлаймиз.

- “Қўқон-1912” сардори Бобур Акбаров “Хоразм”га ўтди. Уни кетишига нима сабаб бўлди ёки раҳбарият уни хоҳламадими?

- Бу – футбол. Биз ҳам қачондир футболчи бўлганмиз, мана шундай вазиятлар бўлган. Ўйлайманки, бу табиий ҳолат. Ҳар бир жамоада ва ҳар бир ўйинчини ҳаётида бўлади. Бобур бизга катта ёрдам бераётганди. Аммо биз шундай қарорга келдикки, бошқа ёшроқ марказий ҳимоячини олиб, уни ўйнатишга қарор қилдик. Бу оддий футбол жараёнидаги ҳолат.

- Жамоага қўшилган янги футболчилар ҳақида нима дея оласиз?

- Ўзингиз кўрдингиз, Хусниддин Ғофуров, Шота Гвазава, Кондратюк, Поёнов...Бирортасини ярим куч билан ўйнади ёки ўйинимизни пасайтиришди, деган хулоса йўқ. Тўғри, кўриб чиқамиз, таҳлил қиламиз, хатолари йўқ эмас. Лекин, барибир улар жамоани кучайтиришди ва тўғри танлов қилдик. Битта учрашувдан хулоса чиқариш қийин. Олдинда ҳали 13 та ўйинимиз бор. Ўйлайманки, улар бизга кўп ёрдам беради. Ғофуров ва Кондратюк ҳозирча спорт формасига кириб олишгани йўқ. Ҳали барчалари бизга кўп фойда келтиришади.   

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!