Бақоев: Нагаев термага муносиб
Ads

Бундан бироз олдин Олий Лига 18-туридан ўрин олган “Обод” – “Бухоро” баҳсидан сўнг, меҳмонлар устози Улуғбек Бақоев журналистлар саволига жавоб қайтарди.

“Очиғи, ўйиндан олдин йигитларга оғир учрашув бўлишини айтган эдим. Йигитларни бугунги ғалаба билан табриклайман. Бундан ташқари, бизни қўллаб-қувватлаш учун Бухородан келган мухлисларимизга алохида ташаккур изҳор этаман.

Иккинчи даврада 3 ўйинда 7 очко ишлаш – бу жуда яхши натижа ва бунинг учун футболчиларга ва клуб раҳбариятига миннатдорчилик билдираман.

– Жамоангиз турнирни кучли учликда якунлай оладими?

Биз ҳар бир баҳсга ғалаба қозониш учун майдонга тушамиз. Нима бўлишини эса вақт кўрсатади. Бу саволга жавоб беришни истамайман. Биз ҳар бир баҳсга ғалаба илинжида майдонга тушамиз ва ҳар бир рақибга хурмат билан қараймиз.

 Уйдаги баҳс билан сафардаги ўйин фарқ қилмоқдами?

Албатта. Уйда мухлислар ўз севимлиларини қўллаб-қувватлашади ва бу йигитларга қўшимча куч бағишлайди.

 Мухлислар Иван Нагаевнинг терма жамоага чақирилмаганидан норози бўлишмоқда. Бунга нима дейсиз?

Ҳар бир мураббийнинг ўз қарашлари бўлади. Бироқ менимча, у термага чақирилишга лойиқ футболчи.

–  Ҳозирги вақтда Ўзбекистонда қайси ҳужумчиларни этироф этган бўлар эдингиз?

Яхши ҳужумчиларимиз бор. Ҳар бир футболчида кўтарилиш ва пасайиш бўлади. Баъзан ўйинингиз зўр чиқиб, голлар киритасиз. Баъзан эса умуман омад сиздан юз ўгиради. Умумий қилиб айтганда, мен кимнидир алохида ажратиб кўрсатмаган бўлар эдим”. – деб фикрига якун ясади Бақоев.