“Барса” энг катта маош оладиган икки юлдузни кўчада қолдирмоқчи

“Барселона” раҳбарияти энг катта маош олаётган Жорди Альба ва Жерар Пикенинг шартномаси якунлангунга қадар сабр қилмоқчи эмас.

Клуб мутасаддилари мавсум якунланишини кутмасдан, январь ойининг ўзида бу икки қария билан тезроқ хайрлашиш бўйича иш олиб бормоқда. Ҳар икки ўйинчи катта маош оладиган ўйинчилар рўйхатининг энг юқори икки поғонасини эгаллаб турибди.

Sport нашрининг маълум қилишича, раҳбарият Альба ва Пикени шартномани муддатидан олдин, яъни қишки трансферлар арафасида бекор қилишни таклиф этмоқда. Мутахассисларнинг таъкидлашича, икки юлдуз ҳам бу таклифни қабул қилишга шошилмаяпти.

“Барселона” бу мавсум Чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичидан ўтолмади. Энди каталонияликлар молиявий вазият янада оғирлашмаслиги учун маошлар фондини қисқартиришни режалаштирмоқда. Бунинг энг мақбул варианти жамоага фойда келтирмаётган, лекин катта маош олаётган ёши ўтиб қолган ўйинчилар билан хайрлашишдир.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!