
“Барса” ўтган дарвозабоннинг ҳаёти хавф остида қолди
Испаниянинг янги чемпиони “Барселона” бош мураббийи Ханс-Дитер Флик келаси мавсумда дарвозани янги голкиперга топширишга қарор қилди.
Клуб ана шу мақсадда Барселона шаҳрининг иккинчи жамоаси – “Эспаньол” дарвозабони Жоан Гарсияни ўз сафига қўшиб олди. Европанинг бир қатор қудратли клубларидан чорлов олган Гарсия “Барселона”ни танлади.
Sport.es сайтининг ёзишича, моҳир дарвозабоннинг ашаддий рақибга кўчиб ўтгани “Эспаньол” фанатларига ёқмади. Жоан Гарсия “Барса”га ўтган кундан бошлаб, таҳдидларга тўла қўнғироқлар ва мактублар оляпти.
Бунинг оқибатида Гарсия таътилда бўлишига қарамай, уйда қолишга мажбур бўляпти. У ҳатто хавфизлик нуқтаи назаридан “Эспаньол”даги жамоадошининг туғилган куни билан табриклашга ҳам бора олгани йўқ. Қолаверса, телефон рақамини ҳам ўзгартиришига тўғри келди.
Манбага кўра, “Эспаньол” клубидагиларнинг ҳаммаси ҳам 24 ёшли голкипернинг рақиб жамоага кўчиб ўтганини тўғри қабул қилаётгани йўқ.
“Барселона” Жоан Гарсия трансферини 18 июнь куни расман эълон қилди. Клуб янги дарвозабон билан 2031 йилнинг 30 июнигача давом этадиган шартнома имзолаган.
Фикрлар