"Барса" юлдузи манчестерликларга жавоб қайтарди
Мақсадини очиқ айтди
«Барселона» ярим ҳимоячиси Фермин Лопес ўзини «Манчестер Юнайтед» клуби билан боғлаётган хабарларга муносабат билдирди.
Сўнгги кунларда инглиз клуби 23 ёшли футболчини трансфер орқали қўлга киритиш имкониятларини жиддий ўрганаётгани ҳақида маълумотлар пайдо бўлган эди.
«Бундай хабарларга эътибор бермайман. Менинг истагим – имкони борича узоқроқ вақт «Барселона»да қолиш. Умримнинг охиригача шу ерда ўйнаб, фаолиятимни шу клубда якунлашни хоҳлайман», – дея Ферминнинг сўзларини келтиради Barca Times нашри.
Шанба куни Лопес Ла Лига доирасидаги «Алавес»га қарши учрашувда ўйиннинг энг яхши футболчиси деб топилди. Ушбу баҳсда «Барселона» рақибини 6:1 ҳисобида мағлуб этди. Фермин бир гол урди ва икки голли узатма муаллифига айланди.
Transfermarkt портали Фермин Лопеснинг бозор қийматини 110 миллион евро атрофида баҳоламоқда.

Изоҳлар (0)