
"Барселона" бир йўла икки вингер трансферини ҳал қилмоқчи
"Барселона" "Ливерпуль" вингери Луис Диас ва "Манчестер Юнайтед" футболчиси Маркус Рэшфордни ўз сафига қўшиб олиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Журналист Луис Рохонинг хабарига кўра, "блауграналиклар" иккаласини бирдек олишга ҳаракат қилиши мумкин — гарчи молиявий муаммолар бор бўлса-да.
Ҳозирда клуб бу икки вариантдан бирини танлаш эҳтимоли юқори саналмоқда, лекин иккаласини ҳам жамоага таклиф этиш имкони бутунлай рад этилмаяпти.
Transfermarkt портали маълумотларига кўра, 28 ёшли Луис Диаснинг трансфер нархи 70 миллион евро, 27 ёшли Маркус Рэшфорд эса 50 миллион евро этиб баҳоланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ "Барса"нинг асосий мақсади “Атлетик” вингери Нико Уильямс эди. Бироқ, у Бильбао клубида қолишга қарор қилди ва яқинда янги узоқ муддатли шартнома имзолади.
Маълумот ўрнида, "кўк-анорранглилар" сўнгги кунларда "Аталанта" футболчиси Адемола Лукман атрофидаги вазиятни ҳам ўрганаётгани ва мураббий Фликнинг ўзи бу трансферни хоҳлаётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Фикрлар