Яқинда Испания миллий терма жамоасининг УЕФА Миллатлар Лигаси доирасида Украина ҳамда Германия термаларига қарши учрашувлар учун таркиби эълон қилинди. “Қизил фурия” устози Луис Энрике йиғинга жалб этган 21 футболчидан 11 нафари “Ла Масия” академияси тарбияланувчилари ҳисобланади. Аммо мазкур ўйинчиларнинг аксарияти “Барселона” сафида ўйин амалиётига эга бўлмагани, етарлича эътиборга олинмагани сабабли Каталонияни тарк этишга мажбур бўлган. Биз эса “Барселона” тан олмаган “Ла Масия” юлдузларига эътиборингизни қаратамиз.
Андре Онана
“Барселона”нинг дарвозабондан кўнгли тўқ. Аммо мутлақо эмас. Жамоанинг омадсиз ўйинлари Тер-Штегеннинг ҳам сабр косасини тўлдирмоқда. У каталонияликлар билан янги шартнома борасида бир қарорга кела олмаяпти. Қолаверса, “кўк-анорранглилар” таркибида унга муносиб ўринбосар ҳам йўқ. Шу сабабли, клуб ўз тарбияланувчиси ҳисобланган Онанага бир неча бор таклиф юборди. Камерунлик посбон “Аякс” таркибидаги ишончли ҳаракатлари билан бошқа грандларни ҳам ўзига қаратганлигини ҳисобга олсак, муаммолар гирдобидаги “Барса” раҳбарияти олдида кечиктириб бўлмас яна бир вазифа турибди.
457196426
Эрик Гарсия
“Ла Масия”нинг U-16 жамоаси таркибида ўзини кўрсатган Гарсияга кейинчалик клуб томонидан эътибор қаратилмади. Каталонияда унинг келажагига шубҳа остида қарашар, асосий таркибда дебют қилиши тобора армонга айланиб борар эди. Натижада, у “Манчестер Сити” таклифини бажонидил қабул қилади ва профессионал фаолиятини “шаҳарликлар” таркибида бошлайди. Айтиш жоизки, Эрик бугунги кунда Гвардиоланинг умидли футболчиларидан бири ҳисобланади. Пеп “Барселона”да бош мураббийлик қилган даврда “Ла Масия” машғулотларини кузатар, у ердан истеъдодларни саралашга ҳаракат қиларди. Демак, ўшанда ёш Гарсиянинг қайсидир жиҳати испаниялик мутахассис эътиборини ўзига жалб қила олган.
Eric-Garcia-Barcelona-1_1
Эктор Бельерин
“Барса” қанотларида тезкор футболчилар доим бўлган. Бельерин ҳам улардан бири бўлиши мумкин эди. Аммо “Ла Масия”да 8 йил ҳаракат қилган Экторга якунда асосий таркибдан жой беришмади. Бу унинг руҳиятига салбий таъсир кўрсата олмади, испаниялик фулбек нималарга қодирлигини барчага исботлаб қўйди. 2018 йилда у 37 км/с тезлик билан дунёнинг энг тез югурувчи футболчилари рўйхатидан ўрин олди. Трансфер суммаси ҳам шунга яраша 40 млн еврони ташкил этарди.
5746d7b3e372dc01e3000001
Тьяго Алькантара
Юқоридаги футболчилардан фарқли ўлароқ, Алькантара “Барселона” асосий таркибида ҳаракат қилган. Умумий 5 йил ва 68 та ўйин унинг Каталония супер клубидаги фаолиятини тасвирлаб беради. Аммо раҳбариятнинг тушунарсиз қарорлари уни “Барса”дан кетишга мажбур қилди. Тушкун кайфиятда Германияга йўл олган хавбек тез орада уни қадрлайдиган жамоани топди. “Бавария”нинг асосий таркиб футболчисига айланган Тьяго клубининг требл қайд этишида ўзининг беназир ҳиссасини қўшди.
hi-res-169780998_crop_north_1
Дани Ольмо
Ольмо “Хувениль С” таркибида ўзини кўрсатган, голлар урган. 7 йил давомида “кўк-анорранглилар” либосини кийган қаҳрамонимиз 2015 йилда “Динамо” Загреб сафига қўйиб юборилади. У келажаги учун шу қарорга келишни маъқул кўрган. Чунки “Барселона” ўз академияси истеъдодларини назарга илмас даражага чиқиб улгурган эди. Дани загребликлар сафида 5 йил фаолият юритади ва янада юксалиш учун “РБ Лейпциг” жамоасини танлайди. Шубҳасиз, унинг қарори ўзини оқламоқда. 22 ёшли хавбек бу мавсум клуби билан Чемпионлар Лигаси кучли тўртлигидан ўрин эгаллади. Ўз навбатида, бу натижа унга бўлган эътиборни янада оширди. Бугун Дани Ольмо Европа грандлари оромини ўғирлаган ажойиб ярим ҳимоячига айланиб улгурган.
comment_D4RYABfyP649eDTb5sdisacuqC2cd8TI_1
Марк Кукурелья
“Кўк-анорранглилар” фалсафасига яққол мос келувчи футболчи бугун “Хетафе” сафида жавлон урмоқда. Ўз келажаги учун кетишни маъқул кўрган Марк яқин келажакда бундан ҳам каттароқ клубларга ўтиш эҳтимоли юқори. Қаҳрамонимиз “Ла Масия” академиясида футбол сирларини ўрганиб, асосий таркиб учун курашмоқчи бўлган пайтда клуб томонидан сотиб юборилади. Бугунги кунда унинг самарали узатмалари, тўп учун курашда фаоллиги, позицион ҳужумда яхши ҳаракат қилиши каталонияликларга асқатиши тайин эди.
usa_today_11007358.0_1
Адама Траоре
“Вулверхэмптон”даги ўйинлари орқали гранд жамоалар оромини ўғрилаган Траоре аслида “Барса” тарбияланувчиси эканлигини ҳамма ҳам билмайди. 2004/2015 йиллар оралиғида клуб тизимида тарбияланган футболчига асосий таркибдан атиги 4 ўйинда жой берилади. Ўшанда ҳам у сўнгги дақиқаларда ўйинга қўшилар эди. Кейинчалик уни 10 млн еврога “Астон Вилла”га сотиб юборган раҳбарлар ҳозир бундай қаттиқ афсус чекаётганлиги шубҳасиз. Сабаби Траоре бу йил АПЛда 9 ассистни ўз ҳисобига ёздириб қўя олди. Бундай рақам Мессини ҳисобламаганда, “Барса”нинг бошқа ҳеч қайси футболчисида йўқ. Яккакурашларда фаоллиги, аниқ паслари ва юқори тезлиги туфайли унинг трансфер нархи 35 млн еврогача кўтарилди.
NINTCHDBPICT000181119405-1-e1582203229158
Мауро Икарди
“Барселона” бугун марказий ҳужумчи тополмай қийналмоқда. Ўз вақтида, Икардига имконият бермаган клуб вакиллари бундай муаммога дуч келиши ҳам аслида адолатдан бўларди. Бундай юқори даражали ҳужумчининг ўсмирликдаги ҳаракатлари ҳам аъло даражада бўлганлигини унинг “Сампдория”даги натижалари исботлаб беради: “кўк-анорранглилар” таркибидаги тушунмовчиликдан кейин “Сампдория”га ижарага берилган Мауро кўп ўтмай, 33 ўйинда 11 та гол уришга муваффақ бўлди. А Сериянинг 14-ўриндаги жамоаси учун бир мавсумда шунча гол уриш 20 ёшли ҳужумчи учун ажойиб натижа. Аргентиналик форварднинг истеъдодини пайқаган “Интер” вакиллари уни “Барса”дан 10 млн евро эвазига сотиб олади. Бу “Барса” учун фожеаларнинг бошланишидек эди.
jnIPUQaU
Тўғри, "Барселона"да ўз ўрнини топа олган "Ла Масия" истеъдодлари етарли. Аммо сўнгги йилларда клуб академияга деярли эътибор қаратмай қўйди. Дунёга машҳур футбол мактабининг асосий жамоада ўйнаган охирги ёрқин битирувчилари Хави, Иньеста, Месси, Бускетс каби футболчилар эди ва уларнинг шарофати билан "Барса" грандлар ичра грандга айланди. Натижада, "Ла Масия"дан кўра тайёр "юлдузчалар"ни излаш пайига тушди. Бу ҳолат академия савияси пасайиб кетишига ҳам ўз таъсирини кўрсатмай қолмаслиги тайин. Шубҳасиз, каталонияликлар бугун турли хил клубларда фаолият юритаётган ўз тарбияланувчиларини қайтара олса, исталган турнирда доим фаворит ҳисобланадиган "Барселона"ни кўрамиз!
Жавоҳир Азимов тайёрлади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Urinov Bobirbek
02/09/2020 23:26
Хаммаси Амтамеони айби