“Барселона”даги сайловлар: Номзодлар билан яқиндан танишамиз

“Кўк-анорранглилар”нинг келгуси тақдири жамоани олдинда кутиб турган сайловга боғлиқ бўлиб турибди. Клуб тизимидаги ишларни бошқаришда янги президентнинг роли катта. Жоан Лапорта, Виктор Фонт ва Тони Фрейша Барселонада янги тарих яратиш учун кураш олиб боради.

Ушбу уч шахс сайловолди 9 та номзод орасида умумий 2257 та овозни бой берди, холос. Яъни, атиги шунча миқдордаги овоз қолган 6 та номзодга насиб этган. Клуб тарихидаги сайловларда бу каби катта натижа камдан-кам учрайди.

Пандемия сабабидан, ушбу сайловлар тобора орқароққа сурилиб бормоқда. Ҳозирча, 7 март ушбу тадбир ўтказилиши учун муқобил сана сифатида кўрилмоқда. Сайлов қачон бўлишидан қатъи назар, номзодлар аниқ ва биз улар ҳақида фикр юритамиз.

barcelona-presidential-elections-2014_11cvmx6yg4lau1a23asafd7eyp

Жоан Лапорта - Тажриба ёки ностальгия?
Тўпланган овозлар: 10272 та
Тасдиқланди: 9625 та
Тахминлар, мутахассисларнинг фикри ва реал статистикалар ҳам Жоан Лапортанинг ушбу сайловдаги асосий фаворит эканлигини кўрсатиб турибди. Бунга рақобатчиларининг у қадар катта номга эга эмаслиги ҳам сабаб бўлаётгандир.

Ҳа, унинг тарафдорлари кўп. Аммо 2010 йилда Сандро Россель 12635 та овоз билан ғалаба қозонишга эришган. 2003 ва 2015 йилги сайловларда ҳам иштирок этган Лапорта биринчи маротаба бу каби катта натижага эришмоқда. Аммо на Россель ва на Лапорта бу борада рекордчи ҳисобланади. 1989 йилда Хосеп Льюис Нуньеснинг тарафдорлари 26619 тани ташкил қилган.

“Барселона”даги молиявий муаммолар майдонда ҳам акс этаётган бир пайтда, клуб мухлислари Жоан Лапортага идеал номзод сифатида қарамоқда. Ҳа, у бир гал жамоани қарийб худди шундай ҳолатда қабул қилиб олганди. Ўшандан кейин, Роналдиньо бошчилигидаги “Барса” эраси бошланган ва каталонияликлар дунё футболида янги саҳифа очиб берган. Бу томонига гап йўқ. Фақат савол шундаки, у яна шу ишни такрорлай оладими?

Муаммо шундаки, у келган даврда жамоа бу қадар катта номга эга эмасди. Бугунги “блаугранас”нинг характерли жиҳати шундаки, уни йиллар давомида таянч бўлиб келган Месси тарк этмоқда. Бундан ташқари, аср аввалидаги ишлар Йохан Кройфнинг кўрсатмаларига амал қилган ҳолда бажарилган. Хави, Иньеста, Месси каби иқтидорлар етишиб чиққан даврга тўғри келиб қолган раҳбарлик йиллари Лапортанинг мухлислар қалбида ижобий персонаж сифатида тасвирланишига сабаб бўлиши ҳам мумкин. Клуб ички тизимида ва мухлислар орасида Лапортага нисбатан хайрихоҳлар гуруҳининг катталиги яқинлашиб келаётган сайловда унинг имкониятларини катталаштириб юборади.

Аммо интригани буткул ўлдириш фикридан йироқмиз. Сабаби, айнан Жоан 2003 йилда Луис Бассатдан 4000 овоз орқада бора туриб, якунда ғалаба қозонганди.

16067376717418

Виктор Фонт - Замонавий клубнинг эҳтимолий таъсисчиси
Тўпланган овозлар: 4710 та
Тасдиқланди: 4431 та

Ушбу номзод Жоан Лапортага сайловда энг катта рақобатчи ҳисобланади. Сабаби, у 2018 йилдан буён клуб президентлиги учун яхши номзод сифатида намоён бўлиб келаётганди. Аслида, у 2016 йилда президентлик сайловида ҳам инновацион ғоялари билан иштирок этиши мумкин эди. Аммо кўпчилик унга ишонч билдирмаган.

Унинг ғояси клуб сиёсатини мухлислар билан ҳал қилишни олға суради. Нафақат сайловлар масаласида, балки директорлар кенгаши масалаларида ҳам мухлислар таъсирини татбиқ қилиш унинг бош режаси. Улар орасида жамоага дахлдорлик ҳиссини шакллантириш орқали Виктор ўзига хайрихоҳлар жамоасини шакллантирмоқчи эди. Шунингдек, у ўз директорлар кенгаши таркибида аёлларга ҳам ўрин бермоқчи. У жамоасига 5 нафар аёл мутахассисни танлаб қўйган ва бу клуб рекордига айланади.

Лапорта мухлисларга ёқиб тушувчи яна бир қатор янгиликларни амалга оширишга ваъда бераётганди. Аввало, Хавини клуб бош мураббийлигига олиб келмоқчи. Бу ҳар бир “Барселона” мухлисининг айни кунлардаги орзуси бўлса керак. Хорди Кройф ва Тито Бланко сингари тажрибали, каталонияликларга бегона бўлмаган мутахассисларни бошқарув тизимига тайинламоқчи.

Виктор Фонтнинг режалари ажойиб. Хўш, унга нима сабабдан ишонишмаяпти? Сабаби, буларнинг барчаси амалга ошиши анча қийин масала. Ҳатто, мухлислар орасида ҳам бу ғояларга ишонмайдиганлар борми, демак у имкониятларини қайтадан чамалаб чиқиши зарур.

38607141-scaled

Тони Фрейша - “Барса”га содиқ
Тўпланган овозлар: 2821 та
Тасдиқланди: 2634 та

Тони Фрейша 2021 йилги сайловларга номзод сифатида кўрсатилганларнинг охиргиси. Бугун у ушбу учлик орасида энг кам овоз ва тарафдор соҳиби. Аммо у расмий кандидат сифатидаги илк сайловдаёқ, кучли учлик орасидан жой олди. Аслида, 2534 та овоз билан якуний сайловдан четда қолиб кетган Эмили Руссо ҳатто Виктор Фонтга ҳам жиддий рақобат туғдириши лозим эди. Амалда эса, Тони Фрейша дебют сайловда катта натижага эришди. Ҳаттоки, Руссо унга “WhatsApp” орқали боғланиб, номзодини олиб ташлашни сўрагани ҳақида ҳам гап тарқалди.

Фрейша жамоада кўп нарсаларни ўзгартиришни режалаштирмаяпти. У Россель даврида тузилиб, Бартомеунинг президентлик йилларида амалга ошмай қолиб кетган режаларни давом эттирмоқчи. Қаранг, оддийликнинг қадри нақадар баланд. Мухлисларда унга нисбатан ғазаб кўзи билан қарашга бир неча асослар бордек. Зеро, у Россель ва Бартомеу даврида президент кенгаши таркибида бўлган. Ҳаттоки, 2003-2005 йиллар мобайнида Лапорта қўл остида ҳам клуб учун хизмат қилган. Бироқ, у доим раҳбарлар билан масофа сақлар, ҳар доим нейтрал бўлишга ҳаракат қиларди. 2005 йилда Жоан Лапорта у қатори бир қатор расмийларни клубдан кетказиб юборгач ҳам, Тонидаги “кўк-анорранглилар”га бўлган муҳаббат ва садоқат туйғулари йўқолмади.

Умуман олганда, у клуб билан 10 йилдан ортиқроқ вақт мобайнида ҳамнафас бўлиб келди. Жаҳон футболида катта ҳурмат эътиборга ва манфаатли алоқаларга эга бўлган Фрейшани “Барса” тарафдорлари клуб тизимини ҳамда ундаги паст-баландликларни яхши билгани учун ҳам қўллаб-қувватлашмоқда.

16046757142476

Биз “Барселона”нинг Каталониядаги мухлислари каби клуб ички сиёсатини тўлиқ кузатиш имконига эга эмасмиз. Қўлимиздан келгани Европа ОАВда тақдим этилган маълумотларга асосланиб, жамоадаги муҳим воқеалар хусусида фикр алмашиш. Яқинлашиб келаётган сайловда “Барселона”га энг муносиб номзод президент бўлишига умид билдирамиз. Зотан, "топ-5" чемпионатларда ва УЕФА Чемпионлар Лигасида рақобатбардош жамоаларнинг ўз мавқеини сақлаб қолишидан футбол фақат ютади.

Абдулвосид Валихонов тайёрлади

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар