"Барселона"даги Тринкао билан "Брага"да бирга ишлаганман, "Андижон" бундай ўйини билан пастки ўринларга муносиб эмас" - Микаэль Секейра иштирокида матбуот анжумани
Бугун Coca-Cola Суперлиганинг 9-тур баҳсларига старт берилди. “Андижон” ўз майдонида “Локомотив”га 1:2 ҳисобида ютқазиб қўйди.
Ўйин якунига етганидан кейин меҳмонларнинг португалиялик бош мураббийи Микаэль Секейра журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.
- Ўйин ҳақида фикрингиз қандай?
- Яхши, чиройли ўйин бўлди. “Андижон” ҳам яхши жамоа. Биз учрашувга жиддий тайёрлангандик. Бу осон ўйин бўлмаслигини яхши билардик. Дастлабки 20 дақиқадан кейин ўйинни ўз қўлимизга олишга ҳаракат қилдик. Иккинчи бўлимда ҳам футболчиларимиз чиройли ўйин намойиш қилишди. “Локомотив”даги футболчиларимни ҳам табриклаб қоламан. Улар олдига қўйилган вазифани бажардилар. 1:0 ҳисобида ютқазиб туриб, якунда уни 1:2 га айлантиришнинг ўзи бўлмайди. “Андижон” мухлисларини ҳам табриклаб қоламан. Улар стадионда ажойиб мухлислик маданиятини кўрсатиб беришди. Иккинчи маротаба Андижонга келдим ва бу стадионни яхши кўраман. Шу билан бирга унинг ишқибозларини ҳам ҳурмат қиламан. Жамоамизнинг бугунги ғалабаси адолатли бўлди.
- Кубок баҳсида ҳам, чемпионат доирасида ҳам “Локомотив” “Бобур арена”да ютди. Сизнингча, “Андижон” жамоангиз учун қулай рақибми?
- Йўқ. “Андижон” яхши жамоа. Улар биринчи бўлимда ўйинни ажойиб бошлашди. Тўғри, улар жадвалда охирги ўринлардан бирига жойлашиб қолган. Аммо “Андижон” бундай ўйини билан пастки ўринларга лойиқ эмас, юқори поғоналарда бўлиши лозим.
- Легионер ўйинчи - Барданка охирги пайтларда асосий таркибга кира олмаяпти. Уни нима мақсадда жалб қилгандингиз? Ёки у рақобатда ютқазяптими?
- Бу вазиятда ҳеч қандай муаммо йўқ. Ҳар бир ўйинчига вазифа қўйилган, ким ўзини яхши ҳис қилса, шулар майдонга тушади. Буни ўзим яхши ҳис қилганим учун бугун яхши ҳолатдаги футболчиларни туширдим.
- Португалияда анча вақт ишлагансиз. Шогирдларингиздан кимдир айни пайтда Европанинг топ-5 чемпионатларидан бирида тўп суряптими?
- “Барселона”даги Тринкаони айтишим мумкин. Яна қўл остимда тўп сурган бошқа футболчилар бор. “Брага”да ёрдамчи мураббий бўлиб ишлаган чоғимда Тринкао тўп сурарди ва кейин “Барселона”га кетган. Таниқли ўйинчилардан шуни айта оламан.
- “Брага”даги стадион ажойиб эди. “Локомотив” стадиони билан солиштирганда қанақа фарқлари бор?
- “Локомотив” стадиони ҳам менга ёқади. Мен “Брага”да катта бўлганман. Ўзбекистонда ҳам яхши стадионлар ва майдонлар бор. Ўзбек клублари академияларга ҳам пул ажратишлари керак.
Фикрлар