«Барселона»нинг қарзи 900 миллион?! Қолган грандларда трансфер учун пул йўқ?! Европа футболида нималар бўлмоқда?

Пандемиядан сўнг, кўплаб жамоаларда молиявий муаммолар пайдо бўлди. Кичик клубларнинг айримлари эса, бўйнигача қарзга ботиб кетди. Хўш, футбол учун синовли кунларда ўтиб бораётган бир пайтда, грандларда аҳвол қандай? Бугун шу мавзуга атрофлича тўхталиб ўтамиз.

«Барселона»нинг янги президентига ҳавас қилиб бўлмайди!

fasad

Ҳозирча бирорта даъвогар жамоанинг молиявий аҳволини яхшилаш ҳақида ўз режасини ошкор қилгани йўқ. Ҳамма Мессини олиб қолиш ва таркибни кучайтириш ҳақида фикр билдирмоқда. Уларнинг мақсади ўз сайлов компаниясининг кенг қамровда иш олиб боришини таъминлаш, холос.

Айни дамда, клуб зудлик билан ортга қайтариши лозим бўлган сумма 420 миллион еврони ташкил этмоқда. Бартомеу ва унинг шериклари ўзлари учун каттагина маошлар ёзиб олаётган бир пайтда, клуб анча ботқоққа ботиб қолди. Эндиликда, клубни қарзлардан халос қилиш учун жамоа харажатларини кескин камайтириши лозим. Бундай пайтда Мессини таркибда олиб қолиш имконсиз. Аргентиналик футболчи клубга вафодор эканлигини ҳақида бонг урган бўлса-да, ҳатто жамоада қолгани учун олиши керак бўлган 39 миллион евродан воз кечгани йўқ. У бу пулларни 2025 йилда тўлаб беришларига имкон яратди.

Месси чекинмайди. Бу орада банкдан олинган кредитлар клубни янада пастга тортиши аниқ. Сўнгги икки йил давомида жамоа 600 миллион евродан айрилди. Энди клубни Дембеле ёки Гризманни сотиб юбориш қутқариб қолмайди. Ҳозир клуб молия ишларида чинакам инқилоб қилиш лозим.
Агар янги президент ўз номини қора қилишни истамай Мессини олиб қолса, бу клубни тез орада банкрот бўлишига олиб келади. Гап шундаки, жамоага ҳозир ўз ишининг устаси бўлган банкир керак. Турли пиарларга суянган ҳолда сайловда ютиб чиқмоқчи бўлаётганлардан клубга ҳеч қандай наф йўқ.

ПСЖ Мбаппени қўйиб юборади, аммо фақат Месси учун

fasad2

Париж клуби ўтган мавсумда 204 миллион евро зарар кўрганини расман тан олди. Бу аввалги натижалардан икки баробар кўпроқ дегани. Гап шундаки, Франция чемпионати вакилларида телетрансляция борасида муаммолар пайдо бўлди. Оқибатда, клуб 400 та персонал ходимни ишдан бўшатди. Иш кунларини камайтирди.

Жамоа пулларини тежаётган бир пайтда, Леонардо Мессини Парижга олиб келиш ҳақида фикр билдирди. Ўзи шундоқ ҳам УЕФАнинг эътибор марказида турган клуб Мессининг барча инжиқликлари учун пул тўлаши вазиятни оғирлаштириб юбориши мумкин. Бунинг учун биргина чиқиш йўли, Мбаппени 250 миллион евро эвазига трансфер қилиш.

Парижда Леони олиб келиш ҳақида гап-сўз кўпайган бўлишига қарамай, жамоада бунинг учун маблағ мавжуд эмас. Мухлисларнинг оқими тўхтаган, Парижга сайёҳларнинг қадами узилган пайтда, Мбаппе, Неймар ва Месси учун клуб маош тўлашга қодир эмас. Агар бу иш амалга ошса, УЕФА «фэйр плэй»га риоя қилмасликда айлблаши ва бу клуб имижига кескин таъсир қилиши аниқ.

«Ливерпуль» ҳимоячи олишга ҳам қўрқмоқда

fasad6

Клопп «Ливерпуль»нинг бугунги кундаги муаммоси ҳимояда эмаслигини бир неча бор айтди. У қишда марказий мудофаа вакилли харид қилинишидан фойда йўқ эканлигини, муаммо аслида голларнинг йўқлигида эканлигини ошкор қилди.

Бу шунчаки баҳона эканлигини кундек равшан. Ўз вақтида, «Ливерпуль» Виржил учун «Манчестер Сити»дан ҳам кўпроқ тўлашга пул топа олди. Алиссон учун курашда ҳам жамоа кучини кўрсатиб қўйди. Энди эса, мураббий ҳужумдаги муаммолар ортига беркинмоқчи бўлмоқда. Йиллик бюджети 600 миллион еврони ташкил этувчи клубда ҳозир 50 миллион евро ортиқча пул йўқ. Буниси аччиқ ҳақиқат. Акс холда, Жотани қўлга киритиш учун жамоа бутун бошли бир комбинацияни амалга оширмаган бўлар эди.
Аслида, пандемия бошланишига қадар, «Ливерпуль»нинг ҳомийлари Килиан Мбаппени олиб келиш учун режа тузиб қўйган эди. Ҳомийлик компаниялари орқали амалга оширилиши керак бўлган трансферга пандемия кучли зарба берди.

Агар «Ливерпуль» қишда ҳимоячи сотиб олмаса, келаси мавсумда катта эҳтимол билан бор пулини Мбаппенинг трансферига сарфлайди. Керак бўлса, Муҳаммад Салоҳни сотиб бўлса-да, французни «туманли альбион»га олиб келиш чоралари кўрилади.

«Реал»да доим чора мавжуд

fasad8

Ҳозир Мадрид клуби ҳам турли муаммоларга ўралашиб қолган. Рамос янги шартнома учун катта пул талаб қилмоқда. 115 миллионлик инвестиция - Эден Азар ҳалиям ўзига келгани йўқ. Жамоа 3-лига вакилидан енгилди. ЕЧЛда ғолиб бўлиш учун имконият деярли йўқ. Роналду кетгач, клуб бирорта сифатли трансферни амалга оширгани йўқ. Флорентино Переснинг режалари мавжуд, бироқ буни амалга ошириш учун маблағ йўқ.

Эски гвардия аъзолари: Кроос, Модрич, Марсело, Бэйлни сотувга қўйишдан наф йўқ. Перес эса, Эрлинг Холанд ва Килиан Мбаппени жамоага олиб келиш ғоясини амалга оширмоқчи. Бу ерда, янги стадион қурилиши бошланган. Пандемия сабабли, Мадрид суперклуби ҳам жуда ноқулай аҳволда қолиб кетди. Энди барчаси Зиданнинг кетиши ёки қолишига боғлиқ. “Marca” нашри «Қироллик клуби» мураббийининг ўрнини Юлиан Нагельсманн эгаллаши ҳақда маълумот бермоқда. Агар бу иш содир бўлса, катта эҳтимол билан жамоа Эрлинг Холанд учун курашга киришади. Бунинг учун эса, ижарадаги футболчиларни сотувга қўйишга тўғри келади. Ҳозирги таркибни суяги эса, яна ҳеч бўлмаганда 1-2 мавсум кўмак беради. Унга қадар, Мадрид клуби ҳам ўзига анча келиб олиши аниқ.

«Сити» ҳам тежашни бошлади

fasad12

Пеп ёзда клубда трансферлар учун пул йўқлигини айтди, бироқ яна ўз одатига содиқ қолди ва қиммат марказий ҳимоячилардан бир жуфт (Диаш, Аке) харид қилди. Катта эҳтимол билан Агуэро жамоани тарк этади, бироқ бундан деярли ҳеч қандай наф йўқ.

«Сити»нинг бадавлат эгалари ҳам энди ақл билан иш кўриш лозимлигини англаб бормоқда. Боз устига, Месси учун кураш осон бўлмаслиги аниқ. Бундай вазиятда, пулни тежаш жуда муҳим. «Сити»нинг бирорта футболчиси бошқа клуб нишонида эмас. Гранд жамоаларда трансфер учун пул йўқ бир пайтда, йилига 10 миллион евро маош оладиган футболчиларни ҳеч ким ўз таркибида кўришни истамайди. Шундай экан, «Сити» бу вазиятдан фойда билан чиқиши учун сабр қилиш ва турли-туман трансферлардан тийилиши лозим.

Пандемияни барча воқеаларга асосий сабабчи қилиб кўрсатиш ноўрин. Гап шундаки, сўнгги 10 йил ичида футбол клублари ва улкан банклар ўртасидаги алоқалар кенг ривожланди. Жамоалар ўйлаб ўтирмай, 100-200 миллион еврони қарзга олишни бошлаб юборди. Футбол ўзининг энг юқори нуқтасига етган чоғларда бу сумма кўринмай кетиши турган гап. Турли ҳомийлик шартномалари, мусобақалар, чипталар савдоси, телетранслияциялар, маркетинг ва бошқа омиллар сабабли катта суммадаги кредитларни 10 йил ичида тўлаб юбориш муаммо туғдирмаётган эди. Афсуски, пандемия кредитларнинг фоизи нақадар катта эканлигини барчага кўрсатиб берди. «Барселона» айнан шундай кредитлар сабабли боши берк кўчага кириб қолди.

Бу вазиятдан қолган грандлар ҳам тўғри хулоса чиқарган кўринади. Шу боис, улар ҳам ўз вақтида тежамкор «режим»га ўтиб олишди. Катта эҳтимол билан, футбол оламида тежамкорлик асосий планга чиқади. Бу биз кўриниб ўрганиб қолган футболни ўзгача кўриниш олишига сабаб бўлиши мумкин. Воқеалар ривожини SPORTS.uz ёритиб боришда давом этади.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар