"Башакшеҳир" бош мураббийи жамоа кўпроқ гол уришини истамоқда

Туркия Суперлигасининг 23-турида "Истанбул Башакшеҳир" сафарда "Аланьяспор"ни 2:1 ҳисобида мағлуб этди. Учрашувдан сўнг "Башакшеҳир" бош мураббийи Нури Шаҳин жамоасининг ўйини ҳақида фикр билдирди.

"Бу биз учун қийин ўйин эди. Биринчи бўлимда жамоамнинг ўйинидан жуда-жуда мамнунман. Иккинчи бўлимда афсуски, учинчи голни ура олмадик. "Аланяспор" эса чиройли гол билан ҳисобни қисқартирди", — деди мутахассис.

Шунингдек, у ўйин услуби ҳақида ҳам тўхталиб ўтди:

"Асосий ўйин услубимиздан воз кечмадик. Учрашувнинг бошида айрим жиҳатлар ўхшамади, аммо кейин тўпни назорат қилишда муаммо бўлмади. Биринчи бўлимда жуда яхши ўйнадик. Футболчиларимни табриклайман. Иккинчи бўлимда учинчи голни уришимиз шарт эди. Ростини айтсам, 3–4 ой олдин бу ўйинни юта олармидик — билмайман".

Нури Шaҳин жамоасининг ҳимоядаги ҳаракатларини ҳам алоҳида таъкидлади:

"Дарвозамизни яхши ҳимоя қилдик, деярли хавфли вазиятларга йўл қўймадик. Биз учун жуда қимматли 3 очкони қўлга киритдик. Жамоамдан тўлиқ мамнунман. Йўлимизни давом эттирамиз. "Аланьяспор"га эса омад тилайман.

Маълумот учун, мазкур баҳсда Аббосбек Файзуллаев ишлаб берган пенальтини Элдор Шомуродов голга айлантирди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!