Бахрам Муртазалиев Исроил Мадримов билан жангдаги имкониятларини қандай баҳолади?

  • 17 август, 2020, 21:35
  • 0
  • Бокс

Профессионал бокс оламида россиялик боксчиларнинг ўз ўрни бор. Айниқса, сўнгги йилларда янада уларнинг нуфузи ошиб бормоқда. Жумладан, Артур Бетербиев, Димитрий Бивол, Сергей Ковалёв, Александр Поветкин бундай номларни жуда узоқ давом эттириш мумкин. Уларнинг сафига биринчи ўрта вазн тоифасида (69,850 кг) мағлубиятсиз одимлаётган Бахрам Муртазалиевни ҳам қўшиш мумкин. У фаолияти мобайнида 17 та жанг ўтказиб, барчасида ғалаба қозонган ва 13 бора муддатидан аввал ғалаба нашидасини сурган ҳолда IBF рейтинги пешқадами бўлиб турибди. Қизиғи, ушбу боксчи ўзбек мураббийи Аброр Турсунпўлатов қўл остида ҳам машғулотлар олиб борганди. Биз ушбу чармқўлқоп устаси билан боғланиб, бир нечта саволлар билан мурожаат қилдик. Қуйида ушбу суҳбатни эътиборингизга ҳавола этамиз.

  - Профессионал боксдаги натижаларингиздан бохабармиз. Лекин ҳаваскор йўналишдаги фаолиятингиз борасида эса бундай, дея олмайман. Балки бу ҳақида бироз маълумот берарсиз?

- Ҳаваскорлар орасида юқори натижаларга эришмаганман. Ростини айтсам, у ерда жуда катта сиёсат ҳукм суради. Шунинг учун ўз кучим билан терма жамоа сафига кириб боришнинг иложи бўлмади. Ўйлаб кўриб, раундлар сони кўплиги, жанг олиб бориш услубим тўғри келганлиги учун профессионал боксга ўтишга жазм қилгандим.  

Ўзбекистонлик мураббий Аброр Турсунпўлатов билан бир муддат ҳамкорлик қилгансиз. Айтингчи, у билан қандай танишган эдингиз?

- Аброр ака билан эса, 2017 йил январь ойида Америкада, Фазлиддин ва менинг иккинчи жангимдан кейин танишганмиз ҳамда биргаликда машғулотларни бошлаганмиз. У билан икки ярим йил ҳамкорликда ишладик, Аброр акада  виза олиш муаммолари бўлиб, Америкага келолмай қолганлиги сабабли бошқа мураббий излашимга тўғри келган.

53165358_1109058339278824_6328508098273850841_n

-  Ҳозирда қайси мураббий қўл остида жангларга ҳозирлик кўрмоқдасиз?

Айни пайтда америкалик мутахассис, Андре Уорднинг собиқ мураббийи Ветчел Хантер қўл остида шуғулланмоқдаман.

-  Қайси промоутерлик компанияси билан ҳамкорлик қиляпсиз?

 “Main Events” билан шартномам бор. Бизнинг жамоа Сергей Ковалев ва яна икки-уч яхши боксчидан иборат.

-  Менежерингиз Эгис Климас бокс оламида анчагина машҳур инсон саналади. Унга қандай баҳо берган бўлардингиз?

-   Эгис билан ҳамкорликда ишламоқдамиз, у ажойиб мутахассис ва жуда яхши инсон! Ҳар хил мавзуда суҳбатлашсангиз бўлади.

Ҳамюртимиз Фазлиддин Ғоибназаров билан битта залда машғулот олиб боргансизлар. Гарчи, бошқа вазн тоифасида ҳаракат қилса-да, у билан спарринг жангларда иштирок этган бўлсангиз керак?

Тўғри, у билан кўп бора машқ қилардик, буни спарринг, деб бўлмайди. Масофани ҳис қилиш, техник тайёргарлигимизни ошириш учун биргаликда ишлаганмиз.

-  Вазн тоифангизда юртдошимиз Исроил Мадримов ҳам фаолият юритади. Сиз IBF у WBA йўналиши  рейтингида етакчисиз. Умуман олганда, у билан йўлингиз кесишиши мумкин. Унга қарши имкониятларингизни қандай баҳолаган бўлардингиз?

Ҳа, ҳа, биламан. Лекин жангларини томоша қилмаганман. Ўз имкониятларимга баҳо беришга ҳали эртароқ. Ҳаммаси Яратганнинг иродасига боғлиқ. Насиб қилса, жанг ўтказишимиз мумкин. У ҳам чемпион бўлиши мумкин. Мен ҳам бундай натижани қайд этарман.  Нима учун бундай бўлмаслиги керак? Бу ахир спорт. Спортда ҳамма нарса бўлишининг эҳтимоли бор!

Тез орада  WBC чемпиони Жермелл Чарло ҳамда IBF ва WBA камарлари соҳиби Хейсон Росарио камарларни бирлаштирувчи жанг ўтказади. Айтингчи, ушбу тўқнашув ғолиби илк ҳимоя жангини сизга қарши ўтказади, деб ўйлайсизми?

  - Улардан кимдир ғолиб чиқса, албатта мен билан жанг қилиши шарт ёки камардан воз кечиши керак. Сабаби, камарларни бирлаштириш жангги бўлганлиги учун IBF уларга бир марта жанг санасини кечиктиришга рухсат берган. Иккинчи марта бундай имконият бермайди. Ўйлайманки, мен билан жанг қилишади.

-  Уларнинг қай бирини қулай рақиб сифатида биласиз?

-   Росарио мен учун нисбатан анча қулайроқ назаримда... Ҳужумга юз қисми очиқ ҳолда кириб келади. Чарло эса ёпиқ бокс тарафдори, иккаласиям ҳужумкор боксчилар. Биринчи бўлиб ҳужумга ташланадиган боксчилар билан жанг қилиш мен учун анча қулай. Шунинг учун улар билан баҳс юритиш  унчалик катта муаммо туғдирмайди, деб ўйлайман. Лекин барчаси Яратганнинг иродасига боғлиқ. 

бАХРАМ_1

-  Навбатдаги жангингиз қачонга режалаштирилмоқда?

26 сентябрь санасида Росарио – Чарло жанги андеркардида бўлиб ўтади. Ҳозирда, тайёргарлик олиб бораяпмиз.

Аброр Турсунпўлатов ва Фазлиддин Ғойибназаров билан яқин муносабатда эканлигингизни инобатга олсак, ўзбек миллий таомларидан тотиб улгурганлигингиз аниқ...?

-  Ха, улар билан жуда қадрдонман. Тез-тез мулоқот қилиб турамиз, бир сўз билан айтганда қалин дўстларим ҳисобланишади. Ўзбек ошини  яхши кўраман. Фазлиддин ва Аброр ака ошни жуда мазали қилиб тайёрлашади.

-  Ўзбекистонда бўлганмисиз?

Йўқ, ҳозирча Ўзбекистонга бормаганман. Насиб қилса, бориш ниятидаман. Бироқ жанглар сабабли узоқ муддатли танаффуслар бўлмаяпти. Имконият туғилиши билан албатта, бораман. 

-  Катта раҳмат. Навбатдаги жангларингизда омад ёр бўлсин!

  - Интервью учун сизларга катта раҳмат.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!