Бахтиёр Ашурматов: Айримлар "Қўқон-1912" "Андижон"га ёрдам бериши мумкин, деган гап-сўзларни тарқатишганди...

“Андижон” ҳамда “Қўқон-1912” жамоалари ўртасидаги учрашувдан кейин меҳмонлар устози Бахтиёр Ашурматов журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди:

- Тўғриси, бугунги ўйиннинг биз учун “Пахтакор” ёки “Навбаҳор”га нисбатан аҳамияти юқори эди, - дея гап бошлади Ашурматов. - Охирги пайтларда жамоамиз душманлари “Қўқон-1912” “Андижон”га ёрдам бериши мумкин, деган гап-сўзларни тарқатиб юришганди. Ҳайриятки, бугун юзимиз ёруғ бўлди. Йигитларга ғуруримиз учун курашишимизни айтгандим ва улар буни уддаладилар. Бу ғалаба ушбу мавсумда танлаган йўлимиздан адашмаганимизни кўрсатиб берди. Футболчиларимизга катта раҳмат. Рости, “Пахтакор” ёки “Локомотив”га қарши учрашувларда ҳам менда бугунгичалик ҳаяжон бўлмаганди. Бу дербининг аҳамияти эса юқори эди. Ўйин жанговор руҳда ўтди. “Андижон”га эса Суперлигада қолиш учун бу охирги имкониятлардан бири эди. Бугун омад биз томонда бўлди. “Андижон”га охиригача курашгани учун миннатдорчилик билдираман. Ушбу клубда ишлаганим боис бефарқ эмасман. Умид қиламанки, “Андижон” Суперлигада ўз ўрнини сақлаб қолади.

- Охирги иккита ўринни сизнинг собиқ клубларингиз эгаллаб турибди. Қайси бирини про-лигага тушиб кетади, деб ўйлайсиз?

- Бу саволга жавоб берсам нотўғри бўлади. Иккала жамоага бефарқ эмасман. Ўйлайманки, “Андижон”нинг имконияти “Бухоро”никига нисбатан яхшироқ.

- Сербиялик легионерлар жамоани тарк этди. Улар клубга қанчалик ёрдам бера олди?

- Йосович бу йилги омадли трансферларимиздан бири бўлди. Мавсум давомида унинг ёрдами кўп бўлди. Райевац эса барқарор ўйнай олмади. Йосович жароҳат олганди. Қолаверса, иккаласининг ҳам шартномалари тугаётганди. Шунинг учун уйларига кетишига рухсат бердик. 11 ойдан бери уйларида бўлмаганди. Кейинги мавсумда легионерлар бўйича гаплашамиз. Агар Йосович яна бизнинг жамоамизда тўп сурса, бундан хурсанд бўламиз.

- Мавсум бошида қўйилган мақсадни қай даражада уддалай олдик, деб ўйлайсиз?

- “Қўқон-1912” ўз олдига қўйилган вазифадан юқорига сакрашга муваффақ бўлди. Афсуски, клуб охирги йилларда Суперлигада қолиш учун курашаётганди. Жамоани қабул қилиб олганимда “Қўқон-1912”ни юқори ўринларга курашадиган даражага кўтаришимизни таъкидлашганди. Олдимизга қўйилган вазифани эса қайсидир маънода уддаладик ва яна қайсидир маънода уддалай олмадик. Масалан, учинчи ўринга яхши имкониятимиз бор эди. Лекин айрим муваффақиятсиз ўйинларимиз бизни бундай имкониятдан маҳрум қилди. Йигитлар меҳнати билан бундан ҳам яхшироғига муносиб эдилар.

- Музаффаров нега захирада қолдирилди?

- Уни жароҳати бор эди. 5-6 ой даволанди. Жисмоний ҳолатини меъёрига келтириш осон бўлмади. Унинг ўрнида майдонга тушганлар ишончни оқлади. Лекин бу йилги мавсум Музаффаров учун жароҳатлари сабабли йўқотилган, деб ҳисобласак бўлади.

- Шартномангиз қачонгача амал қилади?

- Бир йилга тузилган. Ҳаммаси ишонч асосида. Раҳбарлар қанча вақт ишлашимни исташса, мен тайёрман. Яхшироқ таклифлар бўлса, дарров кетиб қолиш ниятим йўқ. Доим юракдан ишлашга тайёрман. Агар таркибга яна бир қатор савияли футболчилар қўшилса, барқарор равишда юқори ўринлар учун курашадиган бўлади.

- Кубокдаги вазифа қандай?

- Кубокда имконсиз нарсанинг ўзи йўқ. АГМК билан Кубокни ютганимиз бунга мисол. “Қўқон-1912” ҳам кўп нарсага қодир. Лекин таркиб масаласида муаммоларимиз кўпайиб кетди. Бунга эса кўпчилик эътибор бермайди. Ўйлайманки, Кубок мусобақасида яхши қатнаша оламиз.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!