Бахтиёр Ашурматов: Тақдир ҳазилини қаранг, илк турдаёқ собиқ жамоамга қарши ўйин ўтказаман
Ads

Юртимизда янги мавсум старт олишига борган сайин оз муддат қолмоқда. 25 февраль куни бўлиб ўтган қуръа натижаларига кўра, Pepsi Суперлига клублари 1-турда тўқнаш келадиган рақиблари номини билиб олишди.

Янги мавсумга қизғин ҳозирлик олиб бораётган “Бухоро” клуби илк турда Олмалиқда меҳмон бўлади. Бухороликлар жамоаси устози Бахтиёр Ашурматов ПФЛ расмий сайтига янги мавсум олдидан фикрлари билдириб ўтди.

- Қуръа қандай бўлишидан қатъий назар мавсум давомида барча жамоалар билан баҳс олиб боришга тўғри келади. Шундай бўлса-да илк турларда қайси жамоалар билан ўйнашимизни катта қизиқиш билан кутган эдик. Тақдир ҳазилини қаранг, биринчи турдаёқ ўзим илгари фаолият олиб борган АГМКга қарши майдонга тушадиган бўлдик. Ўйлашимча, бизни анча қизиқарли қарама-қаршилик кутиб турибди. Умуман олганда, қуръадан кўнглим тўлди. Қуръа ташлаш маросими анча яхши савияда ташкил этилганини ҳам таъкидлаб ўтишим лозим.

Янги мавсумда мураббий сифатидаги асосий мақсадим – рақобатбардош жамоа шакллантириш ҳамда мухлисларга ҳар жиҳатдан манзур бўладиган ўйин намойиш этиш. Яқинда раҳбарият билан учрашув ўтказамиз ва янги мавсум учун аниқ вазифаларни белгилаб оламиз, - деди тажрибали мутахассис.

Эслатиб ўтамиз, Pepsi Суперлига 1-тури доирасидан ўрин олган АГМК — “Бухоро” баҳси 9 март, шанба куни соат 18:00да бўлиб ўтади.