Бахтиёр Ҳамидуллаев: Жамоамизнинг ичида ҳам, ташқарисида ҳам бу ғалабамизга қаршилар бор
Coca-Cola Суперлиганинг 17-турида ниҳоят “Андижон” жамоаси ушбу мавсумдаги дастлабки ғалабасини қўлга киритди. “Бургутлар”нинг “Бухоро”га қарши учрашувидан кейин мезбонлар устози Бахтиёр Ҳамидуллаев матбуот анжуманида ўйин ҳақидаги таассуротларини гапирди.
- “Бухоро” ҳам бугунги ўйинда бор кучи билан ҳаракат қилишини билардик. - дея гап бошлади Ҳамидуллаев. - Сабаби, улар билан турнир жадвалида ёнма-ён тургандик. Шу сабабли бугунги учрашув иккала жамоа учун ҳаёт-мамот жанги эди. Аста-секин футболчиларимиз кўрсатмаларимизни тўғри бажаришга ҳаракат қиляпти. “Бухоро” ҳам яхши жамоа. Уларда яна имконият бўлади. Олдинда эса, кўплаб ўйинлар турибди. Бизни ҳам қолган беллашувларда бўшашишга ҳаққимиз йўқ.
- Ярим ҳимоячи Фарҳод Бекмуродовни бугун марказий ҳимояда ўйнатдингиз. Бунгача эса, ушбу чизиқда Хушнуд Авиловни синаб кўраётгандингиз...
- Бекмуродовнинг ўз жойи бор. Авилов эса, ортда қолган учта ўйинда ҳимоямизда яхши ўйнаган футболчи бўлди. Энди келаси учрашувда таркиб бошқачароқ тузилса керак.
- Пенальти тепилишидан аввал, Сирож Мелиев зарба бермоқчи эди. Аммо Усмонали Исмоналиев пенальтидан гол ура олмади. Ўйиндан олдин бу борадаги қарорингиз қандай эди?
- Ўйиндан олдин Нодир Мавлонов пенальти тепишини тайинлагандик. Бўлмаса, Исмоналиев 11 метрлик зарбани амалга ошириши керак эди.
- Жамоадаги барча легионерлар кетди. Бу кимнинг қарори бўлди?
- Улар катта маош олаётганди. Легионерларнинг жамоамизга маҳаллий футболчиларимизчалик ёрдами тегмаётганини барчамиз кўриб тургандик. Шу боис, легионерлар билан икки томонлама келишган ҳолда шартномани бекор қилдик.
- “Истиқлол”нинг про-лигадаги иштироки тўхтатилгач, унинг футболчиларига кўплаб клублардан таклифлар бўлаётгани ҳақида эшитдик. Масалан, ҳужум чизиғини кучайтириш учун Мўйдин Мамазулумовни жалб қилишингиз мумкинми?
- Кечагина бизга ҳам хабар келди, иштирокини тугатган “Истиқлол”дан ўйинчиларни олиш мумкин, дейишди. Ҳали уларнинг ўйинлари ёзилган дискларни кўрганимиз йўқ. Шу боис ҳужумчилари ёки ҳимоячилари қандайлиги хусусида тушунчамиз йўқ. Сўзим охирида шуни айтмоқчиманки, бугунги ғалабамизни ҳақиқий ютуғини кутган инсонларга бағишлаймиз. Сабаби, жамоамизнинг ичида ҳам, ташқарисида ҳам бу ғалабамизга қаршилар бор.
Фикрлар