Бахтиёр Намозов яна ҳакамликка қайтди...ми?

Футбол мухлислари учун Бахтиёр Намозов номи жуда яхши таниш. Ўз вақтида ҳимоячи сифатида тўп сурган собиқ футболчи кейинчалик ўзини ҳакамликка бағишлади. У Ўзбекистон чемпионатида ҳакамлик қилди. Аммо кейинчалик у пляж футболи бўйича ҳакамликда янада танилди, айниқса, ушбу спорт тури бўйича Осиёнинг етакчи ҳакамига айланди ва бир неча бор жаҳон чемпионатларида ҳакамлик қилди. Аммо охирги пайтларда у пляж футболида ҳакамлик қилмаётганди. Чунки оёғидан жароҳат олгач, операция столига ётишга мажбур бўлганди. Кейин эса у Ўзбекистон футбол ассоциациясида иш бошлади ва ПФЛнинг мусобақаларида комиссар сифатида фаолият олиб борди. Аммо яқинда Намозов яна пляж футболи ҳакамлигига қайтганлиги маълум бўлди ва хориждаги мусобақаларда иштирок этиб қайтди. Биз эса уни ҳакамликни батамом тугатиб, комиссарликка ўтиб кетди деб ўйлагандик. Шу боис Бахтиёр Намозов дастлаб шу ҳақида гапирди.

- Мен ҳали ҳам расман ФИФАнинг таркибидаги ҳакамман, - дея гап бошлади, Намозов. - Боз устига уларга ҳакамлик фаолиятимни тугатганим ҳақида хат ёки бошқа нарса ёзганим йўқ. Мен Дубайда ва Бари оролида ташкил этилган халқаро мусобақаларга бориб келдим. Бали оролида маълум бир ҳудуд атрофида жойлашган терма жамоалар қатнашишди. Бу худди биздаги КАФА мусобақасига ўхшайди. У ерда Шарқий Тимор, Малайзия, Индонезия, Вьетнам ва Таиланд иштирок этди. Дубайдаги мусобақага эса ҳар йили бораман. Биласизми, у ердаги мусобақа пляж футболи бўйича жаҳон чемпионатидан кейин даражаси бўйича иккинчи ўринда туради. БАА, Миср, Эрон, Бразилия, Таити, Россия каби терма жамоалар мазкур мусобақада қатнашишди.

Бахтиёр Намозов пляж футболида ҳакамлик қилиш жараёнида жароҳат олганди. Шундан сўнг у асосан Ўзбекистон чемпионатида комиссарлик вазифасида ишлаб келмоқда. Бироқ маълум танаффусдан сўнг яна пляж футболи бўйича ҳакамликка қайтгани ўзи учун қандайдир қийинчиликлар туғилмадимикин? Бу ҳақида унинг ўзи шундай деди:

- Оёғимдаги жароҳат битиб қолган, ҳозир у қадар қўрқинчли эмас. Орада бир ярим йиллик танаффусдан кейин яна ҳакамликка қайтдим. Барибир бу ҳам ўз ишим ва қандайдир қийинчиликларга дуч келганим йўқ, - дея жавоб берди Намозов.
Демак, ушбу мутахассисни эндиликда яна пляж футболи ҳакамлигига қайтиб, расман фаолиятини давом эттиради деб ҳисобласак бўладими? Бунга эса аниқ жавобни фақат унинг ўзидан эшитган маъқул.

- Барибир кейинги йилга ҳам мен ФИФАнинг ҳакамлар рўйхатидаман, - дея муносабат билдирди, комиссар. - Келаси йили ҳам мусобақалар кўп. Янги мавсум учун ҳакамлар норматив топширишлари керак. Лекин бундай нормативларни қумли майдонда эмас, балки футзал ўйналадиган залда топшириш керак бўлади. Бу эса менга ноқулайлик туғдиради. Чунки қаттиқ жойда мен қийналаман. Агар футзал ўйналадиган залда югурсам оёғимда оғриқни ҳис қиламан. Қумли майдонда эса ҳеч қандай муаммо бўлмайди. Шу боис келаси йили ҳакамликни давом эттираманми-йўқми, буни билмайман. Ҳаммаси ФИФАдан қандай таклиф келишига боғлиқ.
Дарвоқе, яқинда пляж футболи бўйича Осиё чемпионатига қуръа ташланди, аммо унда Ўзбекистон йўқ эди. Бу нима билан боғлиқ? Бунинг сабабини билиш мақсади Намозовга мурожаат қилганимизда у қисқа шундай деди:

- Нимага йўқлигини мен билмайман.

Шуҳратбек Жўраев суҳбатлашди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!