Бектемир Мелиқўзиев вазнида чемпионлик жанги белгиланишга яқин
Қозоғистонлик Жанибек Алимханулы (17-0, 12 КО) аввал ўрта вазнда жаҳон чемпиони эди, аммо ўтган йил декабрида допинг-текшируви мусбат натижа берганидан сўнг ундан камарлар олиб қўйилган. Шу воқеадан кейин Алимханулы бир йилга мусобақалардан четлатилган. Расмий дисквалификация муддати эса жорий йил 2 декабрда тугайди. Шунга қарамай, WBO унинг дисквалификацияси ҳали якунланмасдан туриб иккинчи ўрта вазнда мажбурий даъвогар мақомини берди.
Ташкилот амалдаги чемпион Хамза Шираз (24-0-1, 19 КО) ва Алимханулы жамоаларига навбатдаги чемпионлик жангини ташкил этиш бўйича келишиб олиши учун 3 сентябргача муҳлат белгилади. Бироқ айнан шу қарор Шираз томонидан қаттиқ танқид қилинди.
"Бу кулгили ҳолат. WBO қилган иши билан боксни шарманда қилди. Аслида улар фирибгарликда қўлга тушган одамни мукофотламоқда, ҳамда бунга Жанибек ҳали ҳам дисквалификация муддатини ўтаб турган пайтда қўл уришяпти. Бу биринчи марта бўлганининг аҳамияти йўқ. Допинг — барибир допинг. Принципиал инсон сифатида бу қарор мен ишонадиган барча қадриятларга зид деб ҳисоблайман", — деди Шираз.
Эслатиб ўтамиз, WBO нинг иккинчи ўрта вазн тоифаси рейтингида ҳамюртимиз Бектемир Мелиқўзиев 7 ўринни эгаллаб турибди.

Фикрлар