Беларусдаги легионеримиз янги жамоага ўтди

Беларусь чемпионатида тўп тепган футболчиларимиздан Шаҳбоз Умаров  учун ҳам жорий мавсум муваффақиятли бўлди. Албатта, бу легионеримиз дўсти Жасур Яхшибоев каби чемпионликка эришгани йўқ, индивидуал рейтингларда ҳам кўзга ташланмади. Бироқ, унинг ўйини қатор скаутларнинг назарига тушди.

АГМКдан “Энергетик-БГУ”га ижарага олинган Шаҳбоз Умаров ҳам аслида биринчи даврадан сўнг бошқа жамоа билан шартнома имзолагани ҳақида хабар бергандик. Сўнгги тургача “Шахтёр” билан чемпионликни талашган БАТЭ ўзбек футболчиси билан ёздаёқ ҳамкорликни расмийлаштирган бўлса-да, келишувга кўра, Шаҳбоз минсклик “талабалар” учун чемпионат якунигача ўйнаб берди.

Шаҳбоз Умаров “Энергетик-БГУ” таркибида барча – 30 та ўйинда иштирок этган ягона футболчи бўлди. Шу кўрсаткичнинг ўзи ҳамюртимизнинг жамоадаги мавқеини белгилаб беради. Илк бор легонер мақомида ўзга юртда тўп сурган футболчимиз тўртта гол уриб, учта голли пас оширди.

125948_680_3

Умаров гол урган ўйинларда “Энергетик-Бгу” ютқазмади, учта ғалаба ва битта дуранг қайд этди. Айниқса, ҳамюртимизнинг БАТЭ дарвозасига қарийб 40 метр узоқликдаги жарима зарбасидан урган супер голи Европа каналларида ҳам анчагача айланди. Борисовликларни тиз чўктирган шу голдан кейин БАТЭ раҳбарлари Умаров трансферига розилик берди.

“Энергетик-БГУ” жамоаси ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида Шаҳбозга мураккаб пайтда жамоадан кетмасдан охиригача бирга бўлгани учун миннатдорлик билдириб, янги клуби – БАТЭда  унга омад тилади.

- Шаҳбоз йил бошида жамоамиз билан шартнома имзолаган эди. Ўтган мавсумда 30 та ўйинда қатнашиб, тўртта гол ва чта голли пас муаллифи бўлди. Ёзги трансферлар даврида БАТЭ билан шартнома тузган бўлса-да, жамоамиз шаънини охиригача муносиб ҳимоя қилди. Шаҳбоз, сенга кейинги фаолиятингда ҳам омад тилаймиз, - дейилади клуб баёнотида.

Шаҳбоз ҳам жамоадошларига қўллаб-қувватлашгани учун раҳмат айтди.

photo_2020-12-10_12-28-28

Шаҳбоз Умаров асли Бўка шаҳрида туғилган. Кейинроқ, оиласи Олмалиққа кўчиб ўтган. Отаси ўз вақтида футбол ўйнаган. Таянч ярим ҳимоячиси сифатида собиқ Иттифоқ даврида Бўка жамоасида республика миқёсида тўп сурган.

Умаров “Пахтакор” тарбияланувчиси бўлса-да, профессионал фаолиятини АГМК жамоасида бошлади. Аввал ўринбосарлар таркибида ўйнаган футболчи, кейинчалик асосий  жамоага жалб қилинди.

АГМК таркибида 2018 йилда мамлакат кубогини қўлга киритган. “Барселона” мухлиси. Футболчилардан Неймарни ёқтиради.

Дарҳақиқат, “Энергетик-БГУ” жамоаси Умаров фаолиятида трамплин вазифасини ўтаб берди. Энди Шаҳбоз Беларуснинг 15 карра чемпиони, Еврокубокларда мунтазам иштирок этадиган БАТЭ сафида ўз истеъдодини намойиш этиши керак. БАТЭ ҳам легионеримизнинг юксак орзулари йўлида катта қадам бўлади. Чунки, Шаҳбоз Умаров журналистлар билан суҳбатда ўз олдига Германияда ўйнашни мақсад қилиб қўйганини айтган.

- Борисовга кўчиб ўтишдан қўрқмайман. У ерда асосий таркибга кириш учун рақобат кучли. Бу ҳар томонлама яхши. Мен БАТЭ ҳам ҳудди “Энергетик” каби фаолиятимда навбатдаги трамплин бўлишига умид қиламан. Тўғрисини айтсам, ҳамюртларим каби Россия бориш ниятим йўқ. Германияга ўтсам зўр бўларди. Мен немис футболини ёқтираман. Испанияники ҳам ёқади, - деган эди Шаҳбоз Умаров.

Шаҳбоз Умаров: Мен Россияда эмас, Германияда ўйнашни истайман!

Шаҳбоз Умаров: Мен Ривалдога тўп узатиб турганман

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Liverpool fan
11/12/2020 08:29
Омадини берсин
Бундеслигада куриш насиб этсин
&
Okasi
10/12/2020 21:49
Тезкорлиги қоптими хабарни, бутун дунё блим бўлган хабарни тезкор дейишга бу сайтнинг ҳаққи йўқ! Бир оз ор билинглар йигитлар! Бу сайтни обрўсига путур етмасин!!!