“Bellator”даги илк ўзбек
Ads

- Заррух жаннатмакон Ўзбекистондан саломлар!

-  Ассалому алайкум. Аввало, барча юртдошларимизни кечроқ бўлсада, “Ийд ул -Фитр” айёми билан муборак этаман. Тўғриси,  Ватанимни жуда соғиндим.

-  Мамлакатимиз ММА тарихида ўзига хос ўрин олдингиз. Бундан хабарингиз борми?

- “Bellator” да жанг ўтказаётганим бўлса керакда.

- Албатта. Фақатгина жанг ўтказиш эмас. Биринчи ўзбек жангчиси бўлдингиз. Келинг ушбу промоушенда жавлон ураётганингиз тарихи билан ўртоқлашсангиз?

-  “Glory” да навбатдаги жангимни ўтказаётганимда “Bellator” президенти ўша ерда бўлган ва ҳаракатларимни бевосита кузатган. Кейин, промоутерим Лоу Неглиа ва мураббийим Aртём Сахакянга “Bellator”га ўтсин дея таклиф берган. Буни хурсандчилик билан қабул қилганмиз.

- Ўз-ўзидан яна савол туғилади. Анчадан буён ушбу жанговар спорт турларини ёритиб бораман. Лекин сиз ҳақингизда умуман ўша “Glory” ва “Bellator”да жанг ўтказганингизга қадар маълумотга эга бўлмаганман. МДҲ давлатлари промоушенлари ташкил қиладиган жанг кечаларида умуман октагонга чиқмагансиз?

47375052_1300142056794608_7590582911531745280_n

- Албатта, 2012 йил “Грин-Карт” ютиб олиб, AҚШга келганман. Спортдаги фаолиятим шу ерда бошланган. Дастлаб,  “Combat at the capital”, “Battle of millenium”, “Road to glory”  va “Glory kickboxing” промоушенлари ташкил қиладиган жангларда ҳаваскор ва профессионаллар ўртасида иштирок этиб келдим. 2013 йилдан профидаги фаолиятимни бошлаганман. Шунинг учун, мен ҳақимдаги маълумотга эга эмаслигингиз табиий.

-  Тўғрикуя, лекин АҚШ га борибоқ спортчи бўлиб қолмагандирсиз... Балки, ёшликдан пойдевор бўлгандир?

- Албатта, Самарқандда 1997 йилдан бошлаб,Икром Жалилов қўл остида қўл жанги билан шуғулланганман.

- “Bellator” билан қандай шартномага эгасиз?

- “Independent contractor” яъни эркин агентман. Агар, “UFC” дан таклиф бўлса, бемалол ўтиб кетишим мумкин. Шуниси мақул. Чунки, - 57 кг вазн тоифасида жанг олиб бораман. Бу вазнда ушбу промоушенда камар йўқ.  “UFC” да эса бор.

- Айнан мазкур промоушенда нечта жанг ўтказишга улгурдингиз?

- Икки бор, Кристиан Медиа ва Рон Леонга қарши. Ҳар иккисида ҳам ғалаба қозона олдим.

- Аввало, жангчи учун спарринг партнёрлар жуда мухим роль ўйнайди. Бу борада муаммолар йўқми?

- Асло, балки омадим кулган десам ҳам бўлаверади. Мисол учун, Забит Магоммедшарипов билан ҳам спарринг ишлаб турамиз. Лекин асосан Марлон Мораеш билан ишлайман. Бу спортчи эртага жанг ўтказади ва ММА оламида жуда машҳур.

57486179_1397647627044050_1755336709920260096_n

Одатда, “Ivareli-fast and sad” мусиқаси остида чиқиб келасиз. Балки, “Bellator” октагонларида ҳам ўзимизнинг мусиқа ва ашулалар янграб қолар?

- Шубҳасиз, бу борада ўзимнинг аниқ бир хулосамга эга бўлганман. Яъни Шаҳриёрнинг “Ватаним” қўшиғи остида чиқиб келиш ниятидаман. Чунки, Ватандан олисдамиз, гарчи ҳар йили бориб турсам ҳам соғинчим жуда кучли бўлади. Балки, шунгадир бу ашула жуда ёқади.

- Навбатдаги жангингиз қачон?

- Аслида, 14 июн куни ўтказишим керак эди. Лекин муқаддас “Рамазон” ойидаги амалларимни бажараётганим туфайли жанга яхши тайёргарлик кўра олмасдим. Шунинг учун, жангни қолдирдим. “Bellator”даги жангимни санаси аниқ эмас. Лекин, тез орада “Glory 8 Man Tournament” турнирига таклиф этилганман. Бу мусобақа шуниси билан қизиқки, жаҳоннинг вазн тоифасидаги энг кучли 8 нафар кикбоксингчиси бир кунда битта камар учун ринга чиқишади. Дарвоқе, бу турнирда -62 кг вазнда жанг олиб бораман. Насиб қилса, бу турнирни ютиб, юртимиз байроғини юксакларга кўтаришга ҳаракат қиламан.

- Тушунишим бўйича эркин агентлар бошқа промоушен жангларида ҳам иштирок эта олар эканда?

- Худди шундай.

-“Glory” да яна бир ҳамюртимиз фаолият юритади...

- Биламан ва танийман. Анвар ака Бойназаров. Уни бу ерда ҳам яхши билишади.

Аҳмадбек ЭШМАТОВ сухбатлашди.