![](https://static.sports.uz/crop/ce044033327e61c52543459669a908af.jpg)
Беқарор "Сити" ва мудофаасини шифохонада қолдириб келаётган "Реал"! Бугун "котта боллар"ни ўйини бор!
Бугун Европа Чемпионлар лигаси ўтиш ўйини доирасида "Манчестер Сити" ўз майдонида "Реал"ни қабул қилади.
"Сити" бу ўйинга "Лейтон" устидан қозонилган ғалаба билан келаётган бўлса, "Реал" Ла Лига доирасида Мадрид дербисида "Атлетико" билан куч синашиб, оғир баҳсда дуранг натижа қайд этди. Бироқ Гвардиола шогирдлари сўнгги ойларда муваффақиятсизликлар гирдобига тушиб қолган. "Реал" Ла Лига ва ЕЧЛда сўнгги пайтларда муваффақиятли юриш амалга ошириб келаётганди. Бироқ Испания чемпионатида Анчелотти шогирдлари кетма-кет икки тур очко йўқотди.
Таъкидлаш керак, ушбу беллашувга қадар "шаҳарликлар" сафидаги бир қатор футболчилар ўз спорт формасини тиклаб олди. Жумладан, Жон Стоунз ва Рубен Диаш жароҳатидан тўлиқ фориғ бўлди. "Реал"да эса йўқотишлар кўлами тобора кенгайиб кетди ва кеча Лукас Васкеснинг ҳам мазкур беллашувда иштирок эта олмаслиги маълум бўлди.
"Реал"даги йўқотишлар: Лукас Васкес, Давид Алаба, Эдер Милитао, Антонио Рюдигер, Дани Карвахаль (Барчаси ҳимоя вакиллари)
"Сити"даги йўқотишлар: Натан Аке, Родри, Жереми Доку, Нико Гонсалес (сўроқ остида)
Гвардиола ўйин олдидан ўтказилган матбуот анжуманида:
"Биз сўнгги ойларда унчалик яхши ўйин кўрсата олмадик. Шу сабабли, ҳозирги ўрнимизга лойиқмиз. Қуръа қандай бўлса, шундай қабул қиламиз ва бу синовга тайёрмиз.
Сўнгги йилларда “Реал Мадрид” билан бизнинг баҳсимиз жуда катта рақобатга айланиб кетди. Бироқ, тарих нуқтаи назаридан бизни таққослаб бўлмайди, очиғи. Шундай бўлса ҳам, охирги ўн йилликда биз юқори даражада бўлдик, деб айта оламан.
Улар ҳозирги кунда лига етакчиси ва “Атлетико” ҳамда “Барселона” билан чемпионлик учун курашмоқда. Уларни мағлуб этиш учун биз иккита яхши ўйин ўтказишимиз талаб қилинади.
Албатта, биз яхши ўйнашимиз мумкин, лекин олдинги йиллардагидек барқарор эмасмиз. Аммо сўнгги ўн йил давомида жуда яхши ўйин кўрсатган футболчиларга ишончим баландлигини инкор этолмайман.
Мадридликларнинг ҳужумчилари жуда кучли. Улар қисқа ва узоқ узатмалар билан ўйнай олишади, шунинг учун биз ўз ўйинимизга мажбурлашимиз керак.
Чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичида 24 жамоа ичида 22-ўринда тугатсангиз, ҳеч қандай имтиёз талаб қила олмайсиз. Кучли саккизликка яқинлашиш учун етарли очко тўплай олмадик. Биз бунга лойиқ эдик. Аммо жамоамизда ўзига хос нарса бор. Умид қиламизки, эртага муваффақиятга эришамиз.
Албатта, жавоб учрашувини уй майдонида, ўз мухлисларинг олдида ўтказган яхшироқ. Лекин биз бунга лойиқ бўлмадик.
Агар “қироллик клуби”ни ютсак, бу мавсумнинг қолган қисми учун катта туртки бўлади. Қандай ўйнашимиз кераклигини биламан. Шу билан бирга, футболчиларим эртанги ўйинга интизорлик билан тайёргарлик кўришмоқда”.
Тахминий таркиблар
"Манчестер Сити": Эдерсон, Нуньес, Диаш, Аканжи, Гвардиол, Ковачич, Бернарду, Фоден, Де Брюйне, Савио, Холанд.
"Реал": Куртуа, Вальверде, Чуамени, Асенсио, Менди, Камавинга, Модрич, Родриго, Беллеингем, Винисиус, Мбаппе.
Ўзаро ўйинлар
Жами ўтказилган беллашувлар сони - 14 та
"Манчестер Сити"нинг ғалабаси - 5 та
"Реал"нинг ғалабаси - 4 та
Дуранг - 5 та
Статистик маълумотлар ва бу ўйиннинг афишаси катталиги кўплаб ўзбек футболи мухлисларини ўзига жалб қилиши турган гап. Бироқ яқиндан бошлаб "Сити" иштирокидаги ўйинлари Абдуқодир Ҳусановнинг ушбу жамоага ўтгани билан яна ҳам қизиқ тус ола бошлади. Демак, бугунги "котта боллар"ни тўқнашувида Ҳусановни ҳам майдонга тушишини кутиб қоламиз.
Фикрлар