“Манчестер Сити” Ўзбекистон ғалабасига қандай муносабат билдирди?
Англия Премьер-лигаси ва Европа Чемпионлар лигасида мувафаққиятли қатнашаётган “Манчестер Сити” бир неча футболчиларини ноябрь ойидаги ФИФА кунлари муносабати билан терма жамоалар ихтиёрига жўнатган.
Клуб мутасаддилари “шаҳарлик” ўйинчиларнинг халқаро миқёсдаги иштирокларини синчковлик билан кузатиб боряпти.
“Манчестер Сити”нинг расмий сайти – mancity.com клуб вакилларининг ўз мамлакатлари терма жамоаларидаги ўйинларига муносабат билдирди.
- Жамоа ҳимоячиси Йошко Гвардиол жаҳон чемпионатининг саралаш тури доирасидаги учрашувда Хорватия терма жамоаси Фарер ороллари футболчилари устидан 3:1 ҳисобидаги ғалабасига ўз голи билан ҳисса қўшди.
Хорватия 2026 йилги мундиалнинг саралашидан муддатидан олдин муваффақиятли этган ва АҚШ, Мексика ва Канадада бўладиган жаҳон чемпионати йўлида мағлубиятсиз сериясини давом эттирмоқда.
Нидерландия терма жамоаси ҳам келаси йил ёзда бўладиган энг нуфузли турнирдан жойини деярли кафолатлаб қўйди. “Манчестер Сити” вакили Тижани Рейнердс терма жамоасининг Польша билан ўйинда қимматли бир очко олишига катта ҳисса қўшди – 1:1.
Дурангдан кейин нидерландияликлар рақибга биринчи ўринни тортиб олиш имконини қолдирмади ва “G” гуруҳидаги пешқадамлик мавқеини сақлаб қолди.
Абдуқодир Ҳусанов Ўзбекистоннинг Миср терма жамоасига қарши ўтказган ўртоқлик учрашувида 90 дақиқа ҳаракат қилди ва 2:0 ҳисобидаги ғалабада иштирок этди.
Ҳар икки терма жамоа 2026 йилги жаҳон чемпионатига йўлланма олиб бўлган. Ҳусановнинг жамоаси Бирлашган Араб Амирликларидаги халқаро турнир доирасида ўтказилган учрашувда мундиалга тйёргарликни кучайтирганини намойиш қилди.
Баҳсда Остон Ўрунов иккита гол урди, Абдуқодир Ҳусанов эса, “Сити”даги жамоадоши Умар Мармушсиз ўйнаган мисрликлар жамоасига қарши баҳсда Ўзбекистоннинг ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолишини таъминлади.
Ўз навбатида, Рико Льюис 21 ёшгача бўлган футболчилардан таркиб топган Англия терма жамоаси сафида ёшлар ўртасидаги Европа чемпионати доирасида Ирландияга қарши ўтгазилган учрашувда қатнашди ва англияликларнинг 2:0 ҳисобидаги ғалабасига ҳисса қўшди, - деб ёзди mancity.com сайти журналисти Жонатан Смит.
Эслатиб ўтамиз, Фабио Каннаваро бош мураббийлигидаги Ўзбекистон терма жамоаси Al-Ain International Cup-2025 мусобақасининг финалида Эрон футболчилари билан куч синашади. Эронликлар биринчи учрашувда Кабо-Верде билан билан голсиз дуранг ўйнади ва пенальтилар сериясида 5:4 ҳисобида ғалаба қозонди.
Ўзбекистон ва Эрон иштирокидаги ҳал қилувчи баҳс 18 ноябрь куни бўлиб ўтади.



Фикрлар