Бешта топ-клуб Англиядаги немисни талашиб қолди
«Брентфорд» таркибида тўп суриб келаётган немис вингери Кевин Шаде Англия премьер-лигасининг етакчи жамоалари диққат марказида қолмоқда. Бу ҳақда футбол бозори бўйича маълумотлари билан танилган журналист Экрем Конур хабар берди.
Манба маълумотига кўра, 24 ёшли ҳужумчига бир вақтнинг ўзида бир неча гранд клублар – «Челси», «Тоттенхэм», «Манчестер Юнайтед», «Арсенал» ва «Ливерпул»дан жиддий қизиқиш бор. Шу боис «Брентфорд» яқин кунлар ичида Шаде билан янги шартнома бўйича музокараларни бошлашни режалаштирмоқда. Клуб шу йўл билан ўз футболчисини сақлаб қолиш ва бошқа жамоаларнинг қизиқишини пасайтиришни кўзламоқда.
Жорий мавсумда Кевин Шаде барча мусобақаларни ҳисобга олган ҳолда олти ўйинда майдонга тушди ва рақиблар дарвозасини уч марта ишғол этди.
Transfermarkt портали баҳосига кўра, Шаденинг трансфер қиймати 35 миллион еврони ташкил этади.

Фикрлар