"Бетон"лашган ҳимоя, Суперлигани кўзлаётган "Арал" ёхуд Про лигада нима гап?

Айни пайтда чемпионатимизда ёзги танаффус ва жамоалар бундай пайтда ёзги йиғинга асосий урғуни қаратишган. Суперлига клублари астойдил иккинчи даврага тараддуд кўришмоқда ва бу борада сизларни сайтимиз орқали янгиликлардан бохабар қилиб боряпмиз. Суперлигадан ташқари про лига клублари ҳам ўз имкониятидан келиб чиққан ҳолда мавсумнинг иккинчи қисмига тайёрланишмоқда. Қуйида шу хусусида сўз юритмоқчимиз.

Про лигада Улуғбек Бақоев устозлик қилаётган “Бухоро” клуби якка пешқадамлик қилмоқда. 14 та ўйинда 7 ғалаба, 6 дуранг ва 1 мағлубият билан 27 очко жамғарди. Бақоев жамоаси стандартларга кўпроқ урғу қаратади ва ҳимоя “бетон”лашган. Сўзимиз исботи сифатида шуни айтиш мумкинки, “Бухоро” 14 та учрашувда шу кунгача ўз дарвозасидан бор йўғи 4 та тўп олиб чиққан холос. Ҳозирда Бақоев жамоаси Тожикистоннинг Хўжанд шаҳрида ўқув-машғулот йиғинини ўтказяпти. Ўтган йили ҳам Бақоев ёзги йиғинни шу ерда олиб борган. Яқинда клубни Фозил Мусаев ва Шохмалик Комилов тарк этишди. Ундан ташқари яна айрим ўйинчилар ҳам кетишди. Сербиялик Милан Миросавлев “Бухоро”нинг ёзги трансфердаги илк харидига айланди. Суперлигага қайтиш учун “Бухоро” шубҳасиз биринчи рақамли даъвогар.

Асрор Алиқулов бошчилигидаги “Машъал” “Бухоро”дан бир очко кам жамғариб 2-ўринда боряпти. Бу жамоа биринчи даврада ҳаммадан кўп гол урди – 21 та. Ўтказилган голлар бўйича “Бухоро”дан кейин иккинчи ўринда. 8 та тўп олиб чиққан. Таркибида тажрибали ва иқтидорли ёшларнинг уйғунлашувини кўриш мумкин. Ҳозирда муборакликлар Янгиерда шуғулланишяпти. Клубни бир қатор ўйинчилар тарк этган. Таркибда янги иқтидорлар бор.

“Бухоро” ва “Машъал” сингари мавсумнинг биринчи ярмида 7 та ғалаба қозонган “Шўртан” 24 очко билан кучлик учликни якунлаб турибди. Жамоа тайёргарликни ўз қароргоҳида олиб боряпти. “Шўртан”ни ҳозирча Абдуғани Камолов тарк этган. Бош мураббий Анвар Бердиевнинг айтишича, таркибда айрим янги ўйинчилар бор. “Шўртан” Суперлига йўлида охиригача курашиши аниқ. Бунинг учун уларга мавсумнинг иккинчи қисми катта аҳамиятга эга.

Нукуснинг “Арал” клуби доимгидек етакчиларга жиддий муаммо туғдиряпти. 23 очко билан 4-ўринда бораётган жамоа Тошкентда шуғулланяпти. Клуб раҳбари Азамат Алланиёзов билан гаплашганимизда жамоанинг мақсади Суперлигага чиқиш эканини таъкидлади. Бу жамоа мавсумнинг иккинчи қисмида ҳам рақибларига муаммолар туғдиришда давом этади.

Суперлигага қайтиш  учун курашаётган “Қўқон-1912” эса ўз имконияти даражасида иштирок эта олмаяпти. Натижада бош мураббий ўзгарди. Муҳсин Низомиддинов ўрнини ёрдамчиси Баҳром Ҳайдаров эгаллади. Бу жамоа пойтахтда тайёрланяпти. Агар иккинчи даврада вазиятн ўзгартира олмаса жамоага янада оғир бўлади. “Хоразм”, “Олимпик Мобиуз” ва “Дўстлик” жамоалари ҳам қараб турмасликлари аниқ.

Про лигадан Суперлигага 1- ва 2-ўринни эгаллаган клублар  тўғридан-тўғри йўл олади. 3 ва 4-ўринни олганлар эса плей-офф йўлланмаси учун курашни давом эттиришади. Хуллас, про лигада ҳатто 4-ўрин эгаси ҳам келаси йили Суперлигада иштирок этиши мумкин. Лекин, барибир қатнашчилар аввало тўғридан-тўғри йўлланмани қўлга киритишга уриниб кўрадилар. Мавсумнинг иккинчи қисмида про лигадаги кураш янада қизийдиганга ўхшаяпти.   

Шуҳратбек Жўраев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!