Биласизми, "Навбаҳор" Наманганда "Сурхон"га умуман ютқазмаган

Coca Cola Суперлигасининг 10-туридан ўрин олган баҳсда “Навбаҳор” ўз майдонида Термизнинг “Сурхон” жамоасини қабул қилади.   

Мазкур клублар шу кунгача миллий чемпионатларимиз тарихида ўзаро 32 марта рўбаро келишган. Ушбу ўйинларнинг 22 тасида “лочинлар”нинг қўли баланд келган (битта ўйинда “Навбаҳор”га техник ғалаба ёзилган),  6 тасида термизликлар ғалаба қозонишган бўлса, 4 та баҳсда эса жамоалар муроса кўчасини танлашган. Тўплар нисбати – 81-23, “Навбаҳор” фойдасига.

Ўзаро учрашувларда “Навбаҳор” 70 очко, “Сурхон” эса 22 очкони қўлга киритган. 

Ушбу жамоалар ўртасидаги ўйинлардаги энг йирик - 9:0 ҳисоби 1997 йили Наманганда қайд этилган. Таъкидлаш жоизки, наманганликлар ўтказилган 32 та баҳснинг 12 тасида термизликлар устидан йирик ҳисобда зафар қучишган. 

“Навбаҳор” ҳамда “Сурхон” клублари бунгача Наманганда 16 марта куч синашишган (2019 йилги баҳс маълум сабабларга кўра, Фарғонада ўтказилган ва ушбу ўйин ҳам “Навбаҳор” номинал мезбон бўлганлиги боис, инобатга олинди).

1992 йили термизликлар Наманганга ташриф буюришмагани боис “Навбаҳор”га 3:0 ҳисобидаги техник ғалаба ёзилган бўлса, қолган 15 та баҳснинг барчасида “лочинлар” ғалаба қозонишган (Фарғонадаги ўйинда ҳам).

Факт: “Сурхон” Наманганда ҳали очко ололмаган.

“Навбаҳор” ўз майдонида ўтказилган ўзаро учрашувларда “Сурхон” дарвозасини 54 марта ишғол этган бўлса, термизликлар Наманганда “лочинлар” дарвозасига  бор-йўғи 4 та тўп киритишган.

Эслатиб ўтамиз, “Навбаҳор” – “Сурхон” жамоалари ўртасидаги учрашув 14 май куни Намангандаги “Марказий” стадионида соат 19:00 да старт олади.

“Навбаҳор” матбуот хизмати.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!