Бильбао қироли бўлишни истаган Адурис

Ариц Адурис Қирол кубоги финалидан сўнг, футболчилик фаолиятини якунламоқчи эди, аммо пандемия унинг барча режаларини чиппакка чиқарди.

Давр ўтди. "Атлетик"нинг ХХI асрдаги энг яхши тўпурари бутсаларини михга илиб қўйди. Ҳар бир нарсанинг боши ва охири бор. Мана Адурис ҳам 172 та гол билан "Атлетик" тарихидаги олтинчи тўпурар сифатида фаолиятини якунлади. Ундан фақатгина Тельмо Сарра (333), Агустин Бата (208), Дани Руис (199), Гильермо Горотиса (198) ва Хосе Ирагорри (179) кўпроқ тўп киритган. Агар Адурис фаолиятининг айрим қисмини "Мальорка", "Вальядолид" ва "Валенсия" клубларида ўтказмаганида буюк Саррадан ташқари, қолган барча тўпурарларни ортда қолдириши мумкин эди. Аммо, тарих бундай кайфиятга тоқат қилмайди.

Нима бўлишидан қатъи назар, ўзи туғилган шаҳар жамоаси "Реал Сосьедад"ни танламаган сан-себастьянлик бу йигит "Атлетик"нинг энг буюк ва муваффақиятли ҳужумчиларидан бири бўлиб тарихга кирди.

"Jumping boy" (сакровчи бола) - уни болалигида шундай номлашган ва бу унинг бутун фаолияти давомида сакрашга бўлган иштиёқини оширди.

Адурис ўзининг сўнгги сакрашини Ла Лига жорий мавсумининг дастлабки турида "Барселона"га қарши учрашувда амалга оширди. Ушбу баҳсда "Атлетик" ўз майдонида каталонияликларни қабул қилаётган эди ва беллашувнинг 88-дақиқасида 38 ёшли форвард заҳирадан майдонга туширилди. Тажрибали ҳужумчи учун "Барса" дарвозасини ишғол этиш учун 1 дақиқа кифоя қилди: Ариц қанотдан Андер Капа узатиб берган тўпни ҳавода чалқанча услубда тер Штеген дарвозасига даҳшатли зарба йўллади. Гол, вақт, ғалаба...

Адурис "Барселона"га қарши яна бошқа муҳим ўйинларни ҳам ўтказган. Унинг футболчилик фаолиятидаги совринлари сони атиги биттани ташкил этади. 2015 йилги Испания Суперкубогида Бильбао клуби "Барселона"ни 5:1 ҳисобида доғда қолдирган ва Адурис голларнинг 4 тасига муаллифлик қилган. 2 ой аввал, ЧЛда ғолиб бўлган Месси, Луис Энрике, Дани Алвес, Суарес ва бошқа юлдузлар "шок" ҳолатига тушиб қолганди, ўшанда. Ариц ҳаммадан ўтиб тушган эди.

"Атлетик" Адурис билан 3 марта битим имзолаган. Дастлаб, у 2000 йили Сегунда Б лигаси аъзоси "Ауррера" клубидан Бильбаога кўчиб ўтган эди. У 19 ёшлигида профессионал фаолиятини бошлади. Янги жамоасида асосан ёшлар лигасида ўйнади ва асосий таркибда бор-йўғи 4 та учрашувда майдонга туширилди. Ўша пайт бильбаоликларни Юпп Хайнкес бошқарарди. Адурис Ла Лигадаги дебют беллашувини "Барселона"га қарши ўтказган, аммо уни фойдасиз футболчи ҳисоблаб, Сегунда Бга қайтариб юборишган.

Таслим бўлмас Адурис Сегунда Бда "Бургос" шарафини ҳимоя қилиб, тўпурарлик маҳоратини намойиш эта олди ва Сегунда вакили "Вальядолид" клубининг эътиборини ўзига жалб этди. 25 ёшига келиб, "Атлетик" 3 млн евро эвазига уни яна сотиб олди. Иккинчи марта Бильбаога келиши омадлироқ кечди, аммо юлдузли даражада эмас эди. Икки ярим йил ичида 22 та гол уриш ҳайратда қолдирадиган натижа эмас. Ариц яна "Атлетик"ни тарк этди. Кейин, "Мальорка" ва "Валенсия" клубларида муваффақиятли фаолият олиб бориб, Бильбаога учинчи марта қайтди. Бу сафар юлдуз бўлиш учун!

Адуриснинг ўзига хослиги шундаки, 30 ёшидан кейин, тўпурарлик қобилияти ажойиб тарзда ривожланиб кетди. Ушбу маррадан кейин, нақд 150 та гол уришга эришди. 35 ёшида барча турнирлар доирасида 36 та голга муаллифлик қилган бўлса, кейинги мавсумларда бу кўрсаткич 24 ва 20 тани ташкил этди. Ўтган мавсумда аллақачон 38 ёшни қарши олган ҳужумчи ёшига қараб ўйнашни бошлади. Асосий таркибда деярли кўриниш бермади ва асосан сўнгги дақиқаларда заҳирадан майдонга туширилди. Аммо бу улуғвор ов эди, Адурис иқтидорли ворис ва муносиб мерос Иньяки Уильямсни тарбиялашда фаол иштирок этди.

Ариц Қирол кубоги финалидан сўнг фаолиятини якунламоқчи эди. Унга кўра, бильбаоликлар Адуриснинг ўз она шаҳри клуби "Реал Сосьедад"га қарши баҳс олиб бориши керак эди. Афсуски, коронавирус пандемияси халақит қилди ва тажрибали ҳужумчининг фаолиятини режалаштирганидан эртароқ якунлашга мажбур қилди. Ариц йўқотилган спорт формасини қайта тиклаш қийин бўлади, деб ҳисоблади, боз устига, испан клублари ҳозирда оғир жисмоний машқларни бошлашни режалаштиришмоқда. Сабаби, жорий ва кейинги мавсум орасида деярли танаффус бўлмайди. Адурис ўз кучини баҳолашда оқилона қарор чиқарди:

"Вақт келди. Мен кўп марта айтганман, футбол мени тарк этмасидан, мен уни тарк этишни хоҳлайман. Ўз танам менга "етар энди", деди. Кеча шифокорлар менга жарроҳ билан гаплашишни маслаҳат беришди. Қанча тез бўлса, шунча яхши. Мен энди шерикларимга аввалгидек фойдали бўлолмайман, жамоага олдингидек ёрдам беролмайман. Профессионал спортчининг тақдири шундай. Мен ҳақимда ташвишланманг, бу шунчаки менинг ҳикоям, бизда видолашиш учун вақт ва имконият бўлади. Бу бошидан охиригача ажойиб ва унутилмас саёҳат эди, энди мен барчага самимий миннатдорчилик билдирмоқчиман!"

Ариц Адурис Қирол кубогини "Атлетик" билан ютишни орзу қилар эди, сўнгги ҳафталарда бу унга қўшимча туртки бўлди. Аммо, энди "Атлетик" футболчиларида ушбу Қирол кубогини қўлга киритиш учун қўшимча мотивация ва рағбат мавжуд. Ариц учун ғалаба. Ишончим комилки, агар бу ғалаба рўй берса, Адурис майдонда ва ечиниш хонасида бўлади, эҳтимол улар унга орзу қилинган кубокни биринчи бўлиб олишларига имкон беришади. Ажойиб ҳикоя, а?

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!