
Биринчи даврада ҳаммадан кўп гол урган футболчи ёхуд Абдунабиевдан Хебайгача!
29 июнь куни Тошкентда “Пахтакор”га қарши Суперлиганинг қолдирилган 8-турида майдонга тушган "Андижон" 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади ва шундан сўнг қисқа танаффусга чиқишгани ҳақида хабар бергандик. Чунки ўша учрашувдан кейин “Андижон” учун биринчи давра якунланди.
Эндиликда мухлисларни қизиқтирадиган айрим статистик маълумотлар билан ўртоқлашиш учун қулай фурсат пайдо бўлди. Бугун биринчи даврада андижонликлар сафида кимлар гол урганига тўхталмоқчимиз.
Ҳаммага яхши маълумки, “Андижон” сафида порлаётган албаниялик ҳужумчи Рубин Хебай ўз ўйини ва голлари билан Суперлигани “ёндиряпти”. У Суперлигада 9 та гол уриб “Пахтакор” ҳужумчиси Драган Черан билан биргаликда тўпурарлар баҳсида пешқадамлик қиляпти.
Шуни алоҳида таъкидламоқчимизки, Суперлигада биринчи даврадан кейин энг кўп гол урган футболчи айнан Рубин Хебай! Чемпионат ва Кубок доирасида ҳаммаси бўлиб рақиблар дарвозасини 11 марта ишғол қилди, Суперлигадаги футболчилардан ҳали ҳеч ким Хебайчалик кўп гол ургани йўқ. Демак, бу борада Рубин мутлақ тенгсиз! У кетма-кет 8 та ўйиндан бери гол уриб келяпти. Қўшимчасига яна 2 та ассисти ҳам бор.
Энди “Андижон” сафида биринчи даврадаги гол муаллифларига тўхталадиган бўлсак, ёдингизда бўлса, илк голни ярим ҳимоячи Сардор Абдунабиев 1-турда Қаршида “Насаф” дарвозасига киритган ва унинг супер голи март ойининг энг чиройлиси деб тан олинган. Хуллас, Абдунабиев бошлаб берган голлар сериясини “Пахтакор” билан баҳсда Хебай тугатиб берди.
“Бургутлар” ортда қолган мавсумнинг биринчи ярмида 21 та гол уришди. Шундан 15 таси чемпионат ва қолган 6 таси Кубок учрашувида киритилди (“Олимпия”га 6 та гол урилган). Юқорида таъкидлаганимиздек, Хебайнинг ҳисобида 11 та гол бор. Қолган 10 та гол 8 та футболчи ҳисобига ёзилган. Илҳом Алижонов ва Суҳроб Бердиевда 2 мартадан гол уришган. Абдунабиев, Маматказин, Арвеладзе, Фарҳодов, Соҳибжонов ва Азимов 1 тадан голга муаллифлик қилишди.
Хуллас, биринчи даврада “Андижон”нинг гол уриш борасидаги самарадорлиги ижобий тус олган. Ҳар ҳолда биринчи даврада жамоа 13 та ўйинда рақиблар дарвозасига 15 та гол урди.
Биринчи даврада гол урган футболчилар:
11 – Рубин Хебай
2 - Илҳом Алижонов
2 – Суҳроб Бердиев
1 - Сардор Абдунабиев
1 - Илдар Маматказин
1 - Леван Авреладзе
1 – Бобур Фарҳодов
1 – Фарҳод Соҳибжонов
1 – Сардор Азимов
Фикрлар