Биринчи давранинг сўнгги тури олдидан: "Локо" футболчиларида ўйнаш учун катта хоҳиш йўқ, "Қизилқум"нинг ўйини эса...
Ниҳоят, Coca-Cola Суперлиганинг биринчи давраси ҳам тугаш арафасида. 27-29 август кунлари сўнгги 13-тур учрашувлари ўтказилади.
Хўш, биринчи давранинг охирги турини ким қандай натижа билан тугатаркин? Бу борада таниқли мутахассис Ислом Аҳмедов жамоаларнинг имкониятларини чамалаган ҳолда ҳар бир жуфтликка ўз муносабатини билдирди.
27 август (пайшанба)
“Насаф”да доим мотивация бор”
“Локомотив” – “Насаф”
- “Насаф”нинг ҳам, “Локомотив”нинг ҳам “Пахтакор”га қарши ўйинларини кузатгандим. Айтишим жоизки, ҳозир “Локомотив”да жуда қийин вазият. Футболчиларнинг ўйнашга катта хоҳишлари ҳам йўқ. Лекин фикримча, профессионал футболчи майдонга тушганда, ўз ўйинини кўрсатиши керак. Менинг назаримда, ушбу учрашувда “Насаф” ғалаба қозонади. Фоиз бўйича 40х60, деган бўлардим. “Насаф” ёш, шижоатли жамоа. Уларда бирлик ва ҳаракат бор. “Локомотив”да футболчилар яхши маош, мукофот пуллари ва яхши ҳаёт кўрган. Аммо уларда ҳозир руҳий томондан қийин. “Насаф”да эса ҳар доим мотивация бор. Шунга яраша ўйини ҳам шаклланган.
“Пахтакор” яққол фаворит”
“Пахтакор” – “Андижон”
- Ҳеч қайси жамоани “Пахтакор” билан солиштириш нотўғри. Ўзбекистондаги энг кучли клуб – бу “Пахтакор”. Улар ҳамиша барқарор ўйин кўрсатишяпти. Шу боис улар яққол фаворит. “Пахтакор” ўйинчилари ҳам касалликка дуч келишган, аммо қайта тиклана олишди. Қисқаси, “Пахтакор” профессионал клуб.
P.S. “Андижон” жамоаси молиявий муаммолар туфайли “Пахтакор” билан ўйинда иштирок эта олмаслиги катта эҳтимол.
28 август (жума)
“Ҳайдаровга муддат керак, аммо вақт йўқ”
“Сўғдиёна” – “Сурхон”
- “Сўғдиёна”нинг ғалаба қозониш имкониятини 60 фоизга баҳолайман. Фикримча, жиззахликлар яхши шаклланишган. Таркибида тажрибали футболчилари ҳам бор, қолаверса, жамоавий ўйини ҳам яхши. Руҳий жиҳатдан ҳам ҳолатлари жойида. Ўтган турда “Қизилқум” билан ўйин ҳаммасини кўрсатди. “Сурхон” эса қийин вазиятда. Уларда яна мураббий алмашган. Равшан Ҳайдаровга эса муддат керак, аммо вақт йўқ. Шу боис уларга қийин бўлади.
“Иккала жамоанинг имконияти тенг”
“Навбаҳор” – “Қўқон-1912”
- Жуда жиддий ўйин бўлади. Ўйлашимча, жамоаларнинг имконияти 50х50. Иккаласи ҳам яхши ҳолатда. Бунинг устига бу водий дербиси ҳисобланади. Бундай вазиятда эса қайсидир клубнинг имкониятини ошириб кўрсатиш қийин бўлади. Ғалаба учун иккаласида ҳам бир хил имконият бор.
“Биринчи марта мана шундай “Қизилқум”ни кўриб турибман”
“Бунёдкор” – “Қизилқум”
- “Бунёдкор” ёш ва истеъдодли жамоа. Мураббийи эса таниқли ҳамда тажрибали. Аммо янгиланган “Қизилқум” менга жуда ёқяпти. Уларнинг иккита ўйинини томоша қилдим, фаоллик бор, ҳаммаси жой-жойида. Ўйин суръати кўриниб турибди. Ҳимояда ҳам, ҳужумда ҳам тартибли ўйнашяпти. Биласизми, биринчи марта мана шундай “Қизилқум”ни кўриб турибман. 45х55 фоизга навоийликларнинг имкониятини юқори баҳолайман.
29 август (шанба)
“Бухоро”га қийин, АГМК эса кучайиб боряпти”
“Бухоро” – АГМК
- АГМКнинг ғалабага бўлган имкониятини кўпроқ деб ўйлайман. Бу йил олмалиқликлар барқарор ўйин кўрсатишяпти, ҳар томонлама. Ўтган йили эса уларга қийин бўлганди, бугун яхши ўйнаса, эртасига акси бўларди. Лекин ушбу мавсумда ҳаммаси бошқача, АГМК кучайиб боряпти. “Бухоро”да эса қандай вазият эканлигини ўзингиз ҳам биласиз, мураббий алмаштирилган. Лекин янги ўйинчиларни ололмадилар. Шу боис бош мураббийга ҳам оғир. АГМК бўлса, олтин медалга курашяпти.
“Бу жуфтликда “Металлург” ютса керак”
“Металлург” – “Машъал”
- Карантиндан кейин “Металлург”нинг “Локомотив”га қарши ўйинини кўргандим. Ўшанда бекободликлар ажойиб ҳаракат қилишганди. Агар “Машъал” билан баҳсда ҳам “Локомотив”га қарши ўйнаган ўйинини кўрсатса, “Металлург” ютади. “Машъал” эса жанговор жамоа. Интизоми яхши, асосий эътиборни қарши ҳужумга қаратишади. Барибир ушбу жуфтликда “Металлург” ютса керак, деб ўйлайман.
Фикрлар