Биз ҳам қариб қолдик, Ўзбекистоннинг жаҳон чемпионатига чиқишини кўриб қолармиканмиз - ўзбек футболидаги аччиқ ҳақиқатлар хусусида Тўлаган Исоқовнинг дилидаги гаплари

Ўзбек футболининг тирик афсоналаридан бири – Тўлаган Исоқов яқинда Ўзбекистон футбол ассоциациясида фахрийлар кенгаши раиси этиб тайинланганини билсангиз керак. Ҳаётини футболга бағишлаган инсон ўша “Пахтакор-79”дан қолган тарихнинг тирик бир қисмидир.

У “Пахтакор”нинг уч авлодини кўрган. Бу каби кўпни кўрган мутахассисларнинг маслаҳатлари, футболимиз ҳақида билдирадиган фикрлари бизни беэътибор қолдирмайди. Sports.uz мухбири билан суҳбатда бир қанча оғриқли ва муҳим масалалар бўйича ўз муносабатларини билдирди.

-  “Пахтакор”ни катта қийинчиликсиз чемпионликка эришди, деган фикрларга қандай қарайсиз?

-  Қийинчиликсиз, деган сўзни ўзи нотўғри. “Пахтакор”га қарши қайси жамоа бўлишидан қатъи назар ўзини бошқача руҳлантиради. Эсласангиз, Фарғонадаги Ўзбекистон кубоги финалида ютқазиб қўйганди. Ўшанда айтгандим, ўртоқлар хафа бўлманглар, мен ҳам 15 йил умримни “Пахтакор”га бағишлаганман. Ҳар бир рақибга қарши ўзингларни жиддий тайёрлашни ўрганинглар, дегандим. Ўйлаб қарасак, барибир энг яхши футболчилар “Пахтакор” сафида. Бу йил Осиё Чемпионлар лигасини бемалол ютса бўларди. Ўша “Персеполис” билан ўйинда футболчимиз майдондан четлатилганида мураббийларимизнинг хатоси бўлди. Ҳимояга жиддий эътибор бериб қарши ҳужумдан фойдаланиш керак эди. Аммо улар ўзларига катта баҳо бериб юборишди. Бунинг устига ОЧЛнинг олдинги чемпиони мусобақадан чиқиб кетганди. Хоҳлаймизми-йўқми, омад ҳам бўлиши керак. Яна бир гап: ўйинларни ҳадеб битта жойда 15-20 кунлаб ўтказилиши ўйинчиларга оғирлик қилади. Чемпионатимиз давомида бу йил “Сўғдиёна” билан “Бунёдкор” “Пахтакор”ни мағлубиятга учратди. Қўқонликлар ҳам уларга қарши ёмон ўйин кўрсатмади. Тан олиш лозим, энг зўр шароит “Пахтакор”да. ЎФАда ишлаётганим учун қайси клуб қандай аҳволдалигини биламан. 2-ўринда кетаётган “Насаф” клубида ҳам вақтида ойлик маошлари берилмайди. Қайси чемпионатни олмайлик, барчасида шунақа бўлади, 3-4 та бой клублари бор. Мана, “Атлетико” клубини олайлик, илгари бу қадар салоҳиятли эмасди. Диего Симеоне келганидан кейин жамоа бемалол чемпионлик учун курашадиган бўлди. Клуб ўзи пул ишлаб топишни ўрганди. Ўзбекистон футбол ассоциацияси президенти Абдусалом Азизов жиддий ишга киришди, футболни кучайтириш учун ҳаракат қиляпти. Ҳакамлар масаласида ҳам жиддий тартиб ўрнатяпти. Футболга муносабат ўзгаряпти. Тўғри-да, битта жамоа яхши ўйнасаю, лекин ҳакамнинг хатоси билан уч очкодан мосуво бўлса?! Кейин футбол шарҳловчиларидан ҳам норозиман. Репортаж пайтда тўп ўйинчининг қўлига теккани кўриниб турган бўлса ҳам шарҳловчи йўқ, тегмаган деб турибди. Ўйинни шарҳлаётган инсон ҳеч бир жамоага ён босмаслиги ва доим холислик нуқтаи назаридан вазиятга ёндашиш керак. Унисини мақтаб, буниси ёмонлаш яхши эмас. Боя энг яхши шароит “Пахтакор”да, деб бекорга айтмадим. Улар фахрийларни ҳам унутмайди. Катта ёрдам беришади. Лекин фахрийлар фақат Тошкентда бўлмайди, бошқа вилоятларда ҳам бор. Истагим ҳар бир вилоят футбол ассоциацияларида битта одам алоҳида фахрийлар билан ишласин. Тўғриси, футболдан кейин ҳаёт кечириш жуда қийин бўлади. Аммо буни ҳамма ҳам тўғри тушунмайди. Футболдан кейин қанча дўстларимни йўқотдим?! Футболчилик пайтида катта пулга ўрганган одам фаолиятини тугатиб, кичкина пул оладиган бўлса, ўзини йўқотади, бунга кўника олмай қолади. Шунинг учун вилоятлардаги фахрийларни ҳам унутмаслик керак. Масалан, Тошкентда кўплаб хотира турнирларини ўтказамиз. Ўзбек футболига хизмат қилиб ўтган марҳумларимизни ёшларимиз билиши лозим. Футболни умри қисқа бўлади. Ундан кейин ўз йўлингизни топиб олишингиз лозим. Ҳамма ҳам мураббий бўлавермайди. 

исоков4

-  Мутахассис сифатида Шота Арвеладзенинг ишига қандай баҳо берасиз? Агар мана шундай юқори даражадаги шароитга ўзимизнинг маҳаллий мураббий келганида кетма-кет чемпионликни тақдим эта олармиди?

-  Бунга ҳар хил кўз билан қараш мумкин. Айтяпман-ку, “Пахтакор”га энг яхши ўйинчилар йиғилган. Клубда ишламаганим учун Арвеладзенинг ишини кўрмаганман. Лекин жамоада унинг бир ўзи ишламайди, Нидерландиядан мураббийларни олиб келган. Штабида бир қатор мутахассислар ёрдам беради. Бундай шароитда, пуллар вақтида тўланиб турса, бу каби натижани ҳар бир мураббий ҳам бажарса бўлади. Ўзи футболда пул топишнинг беш хил йўли бор. Клублар ўзи пул ишлаб топиши даркор. Биз эса фақат ҳомийлар ва ҳокимларга боғланиб қолганмиз. Ҳокимларга эса жуда ҳам қийин. Футболда биринчи пул топишнинг йўли – бу телетрансляция. Бизда эса аксинча, телевидениега пул тўлаймиз. Иккинчи йўли – реклама. Бизда эса тузук-қуруқ реклама йўқ. Бизда ҳомийлар бор. Яхши ҳамки, нефтгаз бор экан, “Бундёкор”, “Насаф”, “Машъал”, “Бухоро” каби клубларни ушлаб турибди. Шунингдек, трансфер орқали пул топиш мумкин. Илгари ёшларни етиштириш бўйича Нидерландия етакчи эди. Охирги пайтларда Германия ҳам бу борада кучайиб боряпти. Биз ҳам футболчиларимизни қиммат нархларга сотишни хоҳлардик. Шомуродов “Бунёдкор”дан “Ростов”га қанча кетганини билмаймиз. Аммо “Женоа” “Ростов” билан Элдор учун 8 миллион еврога келишди. Ўйинчиларимиз Европада қанча кўп ўйнаса, терма жамоамиз ҳам кучли бўлади. Лекин чемпионатимизда ўзимизнинг ёғимизга ўзимиз қовурилиб ётибмиз. Ўзбекистон чемпионатининг савиясини баланд, деб ўйламайман. Бундан ҳам кучайтирмасак бўлмайди, ҳар тарафдан. Қайси раҳбар келса ҳам жаҳон чемпионатига чиқиш асосий вазифамиз, дейилади. Лекин вазиятга тўғри қараш керак, мундиалга чиқа оладиган футболчиларимиз ўзи борми-йўқми? Менга нимага олдинги футбол билан ҳозирги футболни фарқи катта, деб савол беришади. Илгари биз Евроосиё футболида ўйнаганмиз. Ўзбекистонга “Динамо” Киев, “Шахтёр”, “Днепр”, “Спартак, “Торпедо”, “Динамо” Москва, “Локомотив”, ЦСКА, “Динамо” Тбилиси ва яна кўплаб клублар келарди. Ҳамма нарсанинг ўз даври бор. Баъзилар сизлар ўйнаган пайтда пул тўламаган, дейишади. Тўғри, 200-250 сўм беришарди. Лекин, кечирасиз-у, ўша пайтда бу катта пул эди. 200 сўмга 100 килограм гўшт берарди. Боя айтганимдек, футболчиларнинг умри қисқа бўлади ва уларни ҳам тўғри тушунишимиз лозим. Ҳали айтганимдек, пул топишнинг яна бир йўли – мухлислар орқали бўлади. Бизда битта Намангандаги стадионга ишқибозлар кўп келади. Тошкентдаги стадионларга эса кирса 1000 ёки 2000 та мухлис келиши мумкин. Биз ўйнаган пайтда “Пахтакор” стадиони 50-60 минг томошабин билан тўлиб кетарди. Ўшанда Марказий Осиёдан ҳам ишқибозлар келарди. Айтяпман-ку, ҳамма нарсанинг ўз даври бор. Мустақилликка эришганимизга 29 йил тўляпти, ҳамманинг нияти Ўзбекистонни жаҳон чемпионатида кўриш ва қачон бу орзуимиз амалга ошаркин? Биз ҳам қариб қолдик, Ўзбекистонни жаҳон чемпионатига чиққанини кўриб қолармиканмиз...Биз ҳам бағримизни кенг қилиб гапириб юргимиз келади. Бунгача ҳам жаҳон чемпионатига чиқсак бўларди, аммо доим озгина-озгина етишмай қолаверарди.

-  Бу сафар яна ўша азалий орзу сари ҳаракат қиляпмиз. Бунинг учун Вадим Абрамов бош мураббийликка олиб келинди. Сиз унга ишонасизми?

-  Бундоқ қарасак, Вадим Абрамов тузук мураббий. “Бунёдкор”ни ҳеч нимаси йўқ бўлиб, ёшлардан кўтарди. Бир йили “Локомотив”да у билан ишлаб кўрдим. Тўғриси, Абрамовни қайсарлик тарафи бор. Битта ўйинчига ёпишиб олса, ўшани доим қўяверади. Унга неча марта айтганман, бундай қилмагин деб. Мана, ҳозир ҳам Лутфулла Тўраевни доим майдонга тушираверади, деган гап-сўзлар бўляпти. Ҳамма шуни гапиради, ўзи ҳам билиб турибди. Тўғри, айни пайтда асосий футболчиларимиз йўқ, деб айтиши мумкин. Одил Аҳмедов ҳам қариб қоляпти, ёш ўтган сари тезлиги пасаяди. Остон Ўрунов “Спартак”да, Элдор Шомуродов “Женоа”да десак, лекин улар захирада ўтирибди-ку. Ўйнамаса захирада ўтирганнинг фойдаси йўқ. Рости, Элдор Италияга кетиб бекор қилди, бу албатта шахсий фикрим. У ерда ҳар доим ҳимоячилари жуда кучли бўлган. Бу болани Италияда “синдириб” қўйишмасмикин, деб хавотир оламан. Россияда урган голлари каби Италияда унга бундай имкониятларни осонгина яратиб беришмайди. Аммо ўзи шуни танлаган, омадини берсин. Агар захирада ўтираверса, ўйинини ҳам йўқотиб қўяди. Ўзбекистон терма жамоасида гол ураётгани ўзи ўша эди. Агар уни ҳам йўқотсак жуда қийин бўлади.      

исоков

-  Абрамов билан бирга жаҳон чемпионатига чиқа оламизми?

-  Жуда қийин. Кўриб турибсиз-ку, ўзи ҳозирги гуруҳимизда қийинчиликларга учраяпмиз. Вазиятга тўғри қараш керак. Осиёга 4,5 та жой бериляптими? Дастлабки икки ўрин эгаси аниқ: Япония билан Жанубий Корея. Эрон жуда кучлими? Кучли! Бу ёқда Австралия-чи? Тўғрими? Қатар эса ўз уйида ўйнайди. Биз Осиёда олтиталикка киряпмиз. У ерда эса кучли тўртталикка кириш керак. Тушунчам бўйича, биздаги кўп футболчиларимизнинг бўйи пастроқ. Бундай ўйинчилар тезкор, чаққон бўлади дейишади, лекин кучли, бақувват жамоаларга тушиб қолса, ҳеч нима қила олишмайди. Терма жамоамизда индивидуал маҳоратга эга футболчилар ҳам бўлиши муҳим. Ҳалигача ҳимоячиларни алдаб жарима майдони ичига кириб кетадиган ҳужумчимизни кўрмадим.   

-  Олдинги интервьюларингиздан бирида “Пахтакор-79” хотираси пайтида ўзбек футболи 50 йилга “ўлди” дегандингиз. Ўша фожеага 41 йил тўлди...

-  Ҳалигача ўша гапимни қайтараман. 1994 йили Осиё ўйинларини ютганимиз катта ютуғимиз бўлганди. Таркибга қаранг, Миржалол Қосимов, Игорь Шквирин, Илҳом Шарипов, Шуҳрат Мақсудов, Азамат Абдураимов...булар СССР пайтидаги мактабни кўрган. Ҳозирги мактаб умуман бошқа, тушуняпсизми? Республика бўйича кўп юраман ва кимнинг қандай ишлаётганини ҳам биламан. Энг зўр ишлаётган академия “Насаф”ники. Ҳар йили бу клуб 4-5 нафар футболчисини йўқотади, Рўзиқул Бердиевга қойил қолиш керакки, у ёшлар билан ажойиб ишлайди. Кетганларнинг ўрнига кетма-кет янги истеъдод соҳиблари чиқиб туради. Бир академиянинг шунча футболчи етиштириб берганини кўрмаганман. “Бунёдкор” билан “Пахтакор” академиялари ҳам “қимирлаб” турибди. Бошқа клублар нима қиляпти? Фақат тайёр ўйинчилар билан ўйнайди. Шу сабабли ҳар бир футболчи ўзининг нархини билиб олган. Қаерга борса, биринчи навбатда пул ҳақида гап бўлади. Бизни бундай ўргатишмаган. Сен аввал ўйнагин, пул сени қувласин, деб ўргатишган. Ҳозир футболчиларга шундай шароитлар яратилганки, ҳамма нарса бор. Агар жаҳон чемпионатига чиқса борми, бунақа мукофотлар ҳеч қаерда йўқ. Мана, Олимпиадага бемалол чиқсак бўларди-ку. Четдан мураббий олиб келсак, деб гапиришди, Куперни олиб келдик, нима қилди? Неча марта кўрган бўлсам, “Пахтакор” ва “Бунёдкор”дан бошқа ҳеч қаерга боргани йўқ. Вилоятларга чиқиб бирор ўйинчини кўрмади. Ўзимизникиларга ҳам имконият бердик. Ўзбекларда кўрпанга қараб оёқ узат, деган гап бор. Хорижлик тажрибали мураббийлар катта пулга келади. Футболчиларимизга йўл очилган, ҳамма гап ўзларида қолган. Кейин эртага футболни тугатганида пушаймон бўлиб юришади. Қўрқиш керак эмас, бошқа жойда ҳам ўзларига ўхшаган ўйинчилар ўйнайди. Биз бу ерда жон куйдириб гапирганимиз билан барибир ҳамма гап майдондаги футболчиларнинг ўзларига боғлиқ. Доим мураббий олиб келинганида сен жаҳон чемпионатига олиб чиқа оласанми, деб сўралади, ҳа, деган жавоб бўлади. Кейин эса бўлмади, дейишади. Ахир бу осон-ку. Мен ҳам ишлаб, эплай олмасам осонгина бўлмади, деб қўя қоламан-да. Футболчиларга бериладиган мукофот пулларини вазифа бажарилганидан кейин бериш керак. Булар эса ҳар битта ўйинга олишади. Жамоанинг олдига аниқ мақсад қўйилади ва унга қараб интилиш лозим. Боя бежизга айтмадим, биз ҳам бир бор Ўзбекистонни жаҳон чемпионатига чиққанини кўриб қолайлик. Ҳаммаси футболчиларнинг ўзига боғлиқ. Бу ҳаёт-мамот эканлигини билишлари шарт. Баъзида ютқазсангиз ҳам шундай илҳом оласизки, ҳамма кучингизни берганингиз билиниб туради. Олдин араблардан қўрқмасдик, ҳозир улардан хадиксирайдиган бўлиб қолдик. Сурияга, Ироққа ютқазяпмиз. Бу ўртоқлик ўйини бўлгани билан натижа қоляпти, рейтингимиз тушяпти. Эртага қуръа ташланганида рейтинга ҳам қаралади-ку! Бу ўртоқлик ёки расмий учрашув бўладими, майдонга чиқиб фақат жон куйдириш даркор. Ўзбек футболчиларига шуни айтаман: сизларга ҳамма шарт-шароит яратилди. Пулингларни ҳалол қилиб топинглар. Жаҳон чемпионатига олиб чиқинглар, ўшанда ким қанча бўлса ҳам беришга рози бўлади!

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!