Тезкор: Шомуродов трансфери бўйича таклиф тушди!
Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори ва энг зўр тўпурари Элдор Шомуродовнинг трансфер ҳуқуқи ҳамон Италиянинг “Рома” клубига тегишли бўлиб турибди.
Римликлар 30 ёшли ўзбек футболчисини ёзда “Истанбул Башакшеҳир” клубига кейинчаликлар тўлиқ трансфер қилиш ҳуқуқи билан бир мавсумга ижарага берган. Элдорнинг жорий мавсумда Туркия яшил майдонларида қайд этаётган кўрсаткичлари легионеримизнинг танлови тўғри бўлиб чиққанини кўрсатмоқда.
Аслида Элдор “Рома”даги охириги мавсумини ҳам юқори даражада ўтказган эди. Ҳужумчимиз тажрибали мураббий Клаудио Раньери қўл остида жамоанинг асосий фигурасига айлана олди. Бироқ устозининг нафақага чиққани ва “Рома”га Жан Пьеро Гасперини бош мураббий этиб тайинлангани ортидан Элдор ҳам янги чемпионатга ўтишига тўғри келди.
Шомуродов истанбулликларнинг етакчи ўйинчисига айланиши ҳеч қанча вақт талаб қилгани йўқ. Ҳамюртимизнинг Суперлиганинг дастлабки 12 та учрашувида рақиблар дарвозасини 8 маротаба ишғол қилди ва чемпионат тўпурарлари пойгасида пешқадамлик қилмоқда.
Элдор “Башакшеҳир”нинг барча 13 та голидан саккизтасига муаллифлик қилгани унинг жамоанинг асосий фигураси эканидан далолат беради. Бош мураббий Нури Шахин ҳам интервьюларида ўзбек футболчисининг маҳоратини алоҳида эътироф этгани ҳам бежиз эмас.
Энди қишки трансферлар даври яқинлашиб келаётган бир паллада “Истанбул Башакшеҳир” Шомуродовнинг трансферини ҳал қилиши масаласи кўтарилмоқда. Турклар ўз голлари билан жамоага қимматли очколар келтираётган ўйинчини тўлиқ ўзиники қилмоқчи.
Улар бунинг учун мавсум якунланишини кутмқочи эмас ва масалани имкон қадар тезроқ ҳал қилишга уринади. Бу борада "Рома"га турклардан таклиф тушди. Бу ҳақда Туркиянинг энг нуфузли манбалари ёзмоқда.
- “Башакшеҳир” раҳбарияти мавсум бошида “Рома”дан 3 миллион евро эвазига ижарага олинган ўзбек ҳужумчиси Элдор Шомуродовни тўлиқ трансфер қилиш учун Рим клубига таклиф юборди. Тез орада турк клуби италияликлар билан музокарага киришади. Ўзбекистонлик форвард ҳозиргача Суперлигада саккизта гол ва битта ассист муаллифи бўлди, - деб ёзмоқда fotomac.com.tr сайти.
Ўз навбатида, Италия футболини ёритаётган romaforever.it сайти ҳам бу масалага эътибор қаратди.
- Римда узоқда Элдор Шомуродовнинг ишлари юришиб кетди ва у “Рома”да Клаудио Раньери қўл остида бошланган самарали сериясини давом эттирмоқда. Ўзбек ҳужумчиси “Истанбул Башакшеҳир” сафида Туркиядаги мавсумни ёрқин бошлади ва А Сериядаги мураккаб даврдан кейин яна порлай олишини исботлаб келмоқда.
“Рома”нинг эндиликда собиқ ҳужумчисининг натижалари ҳайратга солмоқда: 12 та учрашувда 8 та гол. Бу вазиятни Рим клуби мутасаддилари синчковлик билан кузатиб бормоқда.
Элдор Шомуродовнинг тўлиқ трансфери яна 2,8 миллион евро миқдоридаги тўлов эвазига амалга ошиши мумкин. Римликлар ўзбек форвардининг кейинги трансферидан ҳам 10 фоиз улуш олиши белгиланган, - деб ёзди romaforever.it сайти журналисти Мелисса Ландолина.
Ҳар икки клуб Элдор Шомуродовнинг трансферини тўлиқ якунлашга тайёргарлик кўраётган жараёнда легионеримизнинг ўзи халқаро танаффусдан кейин Истанбулга қайтиб, “Башакшеҳир” таркибида Туркия Суперлигасининг навбатдаги турига тайёргарлик кўрмоқда.
Яна бир қувончли хабар шундан иборатки, жароҳатидан қутилган Аббосбек Файзуллаев ҳам жамоавий машғулотларга қўшилган ва спорт формасини тиклаб олгач, “Башакшеҳир”га ёрдам бериш имконига эга бўлади.
Легионерларимиз жамоаси навбатдаги учрашувни 24 ноябрь куни ўз майдонида чемпионатда учинчи ўринда бораётган “Трабзонспор”га қарши ўтказади. Ўйин Тошкент вақти билан соат 22:00 да бошланади.



Фикрлар